«Куёвимнинг оиласи бор экан...», «Болалар неча ёшдан «прописка»га қўйилади?» саволларига адвокат жавоб беради

10:42, 07 октябрь

Мурожаатларингизга адвокат Нафиса ИБРАГИМОВА жавоб беради. Эслатиб ўтамиз, мутахассис изоҳи тавсиявий характерга эга.

 

«ЎҒИЛЛАРИМГА УЙ ТАЛАБ ҚИЛОЛАМАНМИ?»

— Бир ярим йилдан буён ота уйимдаман. Келин бўлиб тушган ҳовлим қайнонамнинг номида. Эрим билан ажрашган тақдиримда икки ўғлим, отасининг уйидан бирор улушга эга бўладими? Уларга жой ажратиб беришларини сўраб судга мурожаат қилишим мумкинми?

          Зарифа Комилжонова, Тошкент вилояти    

— Уй қайнонангизнинг номида бўлишидан қатъи назар, ушбу уйга келин бўлиб тушганингизда оила аъзоси сифатида турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқингиз юзага келган. Шунга кўра, фарзандларингиз билан уйга киритишни сўраб судга мурожаат этишингиз мумкин.

 

«БОЛАЛАР НЕЧА ЁШДАН «ПРОПИСКА»ГА ҚЎЙИЛАДИ?»

— Кичик ёшдаги болаларни қачон уй «прописка»сига киритиш керак? Бунинг учун қаерга мурожаат қилинади?

Омина Қўшжонова, Самарқанд вилояти

— Фарзанд дунёга келгач, бола ота-онаси доимий рўйхатда бўлган турар-жойга рўйхатга қўйилиши лозим.

 

«ҲУЖЖАТЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ УЧУН ПУЛ СЎРАШДИ...»

— Бир тумандаги кварталдан иккинчи кварталга кўчиб ўтаётгандик. Уй ҳужжатларини расмийлаштириш учун «БТИ»га учрашсам, мендан 35.000 минг сўм сўрашди. Аслида ҳам шундай қилинадими?

Малика Қосимова, Тошкент  шаҳри

— Туман «Ер тузиш ва кўчмас мулк кадасрт хизмати» ходимларининг ҳаракатидан норози бўлган ҳолатингизда ушбу ташкилот раҳбарига мурожаат этишингиз мумкин.

 

«СОБИҚ ХОТИНИМ УЛУШ СЎРАЯПТИ...»

— Икки нафар фарзандим бор. Хотиним билан ажрашганман. У ногирон фарзандимни ташлаб, қизимни ўзи билан олиб кетган. Қизимга алимент тўлайман. Собиқ хотиним шу кунларда уй–жойга кўз олайтирган. Уй мени номимда эканлигини билиб, ярмини менга ўтказиб берасан дейди. Унинг бунга ҳаққи борми?

Ғайбулла Тўраев, Қашқадарё вилояти

— Агар уй никоҳ даврида олинган бўлса, никоҳ даврида олинган мол-мулк эр-хотиннинг биргаликдаги мулки ҳисоблангани боис турмуш ўртоғингиз ундан улуш талаб қилиши мумкин.

 

«КУЁВИМНИНГ ОИЛАСИ БОР ЭКАН...»

— Қизим яшаб келаётган уй бузилиш рўйхатига тушиб, ўрнига янгиси берилди. Кўчиб ўтишганидан сўнг билдикки, куёвимнинг бошқа оиласи ва яна икки фарзанди ҳам бор экан. Энди ана шу болаларни ҳам уй «прописка»сига киритмоқчи. Бу ёқда икки нафар набирам ҳам «прописка»га киритилган. Уй куёвимнинг номида. Айтинг-чи, эрининг бошқа оиласидан бўлган болаларини уй рўйхатига киритмаслик учун қизимнинг бирор ҳақ-ҳуқуқи борми?

Исми сир тутилди

— Вояга етмаган фарзандлар ота ёки онасининг доимий рўйхатдаги турар-жойи бўйича рўйхатга олинади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!