Ёқимли ифор «умри»ни қандай узайтириш мумкин?

11:12, 07 октябрь

Атир сепгандан сўнг ифори узоқроқ сақланишини истайсизми? Бунинг учун жуда оддий қоидаларни билиб олсангиз бўлгани.

Сезги нуқталарига диққат қилинг!

Мазкур нуқталар қон томирларининг тери қатламига юза жойлашган қисмларида бўлади. Билакнинг ички қисми, қулоқ орти, бўйиннинг соч билан туташган қисми – бу нуқталар ифор таъсирини узоқроқ сақлаб қолишга кўмаклашади. Агар бир вақтнинг ўзида билак ва қулоқ ортига ёки бўйин ва  билакка атир сепсангиз, ифор ҳиди янада ўткирлашади.

Сочларингиз...

5-8 сантиметр масофа узоқликдан сочга атир сепиш мумкин.  Албатта, агар таркибида спирт фоизи кам бўлса. Бунда сочдан таралган ифор узоқ сақланиб, қўл билан сочингизни пайпаслаганингизда таъсири янада ортади. Ягона шарти сочлар ювилган бўлиши керак.

Фойдаланиш қоидаси

Айрим аёллар атирни билак ички тарафига сепиб, сўнг бир-бирига ишқалашади. Бу нотўғри! Икки билак бир-бирига текканида ифор таъсири камаяди. Агар либос билан бирга тақинчоқ ёки акссесуарлардан фойдаланишни истасангиз, атирни кийиниб бўлганингиздан сўнг сепинг. Чунки айрим парфюм воситалари терида из қолдириши ёҳуд тақинчоқ сифатини ўзгартириши мумкин. Борди-ю, фойдаланаётган ифорингиз кийимингиздан таралашини истасангиз, яхшиси шарфни танланг.

 

Билиб қўйган яхши

  • Ҳар қандай қиммат атир ифори қуруқ танада узоқ сақланмайди. Шу боис пардоз усталари душ қабул қилгач, нам баданга ифор суртишни тавсия этишади.
  • Агар бадан учун ҳидли лосьондан фойдалансангиз, атир сепиш шарт эмас. Иккисини бир вақтда ишлатсангиз, ҳиди аралашиб,  ёқимсиз ҳолат юзага келиши мумкин.
  • Яна бир синалган усул: сезги нуқталарига намлантирувчи юз ёки қўл кремидан озроқ суртиб, сўнг устидан атир сепинг. Шунда ҳиди чидамли бўлади.
  • Крем ўрнига вазелиндан ҳам фойдаланиш мумкин. Таркибидаги ёғ миқдори терига сингиб, юзасида қолгани ёқимли ифор таратади.
  • Ифор таъсирини камайтирувчи яна бир омил ёруғлик нуридир. Агар пардоз воситаларини қоронғу ва салқин жойда сақласангиз, муаммо йўқ. Акси бўлганида эса, таркиби ўзгаришига олиб келади.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!