Аёлларнинг турмушда йўл қўядиган 7 хатоси

11:34, 07 октябрь

Биринчи хато: Қўрқув

Баъзида аёллар эри хиёнаткорми, ичкиликка муккасидан кетганми ёки хотинини уриб ўлдириб қўяр даражада золимми — барибир чидаб яшайверишади. Ўша ичувчидан ногирон бола туғилиши мумкинлигини, эрлари бирор бедаво дард олиб келиб, юқтиришини ёки бир кун уриб, майиб қилиб қўйишини билсалар ҳам. Ишқилиб эрсиз аёл тамғасини олмасалар бўлди. Натижада, қанча умрлар хазон, болалар етим, тақдирлар бурда-бурда... Фақат оилали аёл ўзини рисоладаги аёл ҳисоблашга ҳақли. Ажрашган аёл гўёки иккинчи нав мол.

Маслаҳат. Албатта, инсон оиласида ўзини бахтли ҳис қилиши муҳим. Тўкис оилада ўсган фарзандларнинг ҳам кўнгли ярим бўлмайди. Бироқ... Инсон ҳаётидан, айниқса, бир ёки бир неча фарзандли аёл ҳаётидан устунроқ қадрият бормикан? Ҳаётингизга хавф солаяптими, бу масалада яхшилаб ўйлаб кўринг. Курашинг, оилангизни фақат соғлом асраб қолиш учун. Унутманг, сиз аввало болаларингизга кераксиз, соғлом кераксиз. Шунинг учун ўзингизни асранг ва бу каби вазиятларни ҳал қилишга қўрқманг.

Иккинчи хато: Таққослаш

Дунёдаги миллионлаб Кулойимлар ўз шаҳзодаларини кутадилар. Аммо ундан ҳеч дарак йўқ. Сўнгра ёнгиналаридаги боғда ер чопиб юрган боғбонга тегиб кетадилар. Йўқ-йўқ, у боғбонга кўнгил қўйганлари учун эмас, шунчаки ёлғиз яшашдан қўрққанлари учун. Кейин-чи? Кейин бутун умр ўша шаҳзодага эрларини солиштиравериб, шўрликнинг асабларини эговлаб яшайдилар. Шаҳзодангиз келмаса ёки уни охиригача кутишга сабрингиз чидамаган бўлса, шўрлик боғбонда нима айб?

Маслаҳат. Фақат ёлғизликдан қўрқиб бировнинг ҳаётига кириб олиш, сўнг уни заҳарга айлантириш инсофдан эмас. Гап танлаган инсонингиздан ҳаддан ортиқ нарса кутишингизда ҳам эмас, гап ўзингиздан ҳеч нима кутмаслигингизда. Эркаклар сиздаги туйғуларни англамайдиган даражада аҳмоқ эмас. Ўзини шунчаки ёлғизликдан қочиш учун восита сифатида қўллаганларини сезган эркак нима қилиши мумкин? Албатта, нафратланади сиздан. Ўзингизни ўзгартиринг, севишга, тушунишга урининг, уддасидан чиқсангиз, оила қуринг. Бўлмаса, бировнинг ҳаётини беҳудага барбод қилманг. Балки у ҳали ҳаётда ўз тенгини учратар. Сиз ҳам...

Учинчи хато: Ёлғон муҳаббат

Аёл ҳар икки гапининг бирида турмуш ўртоғимни севаман деяверса, билингки, алдаяпти. Ҳақиқий туйғу тилда эмас, дилда бўлади. Тилда айланаверган сўз эса бора-бора қўштирноқ ичига тушади. Аёл атрофдагиларни алдаяптими ё ўзини ёлғонга ишонтирмоқчими? Балки иккиси ҳамдир.

Маслаҳат. Севмасангиз, севишга ҳаракат қилиб кўринг. Вақт ўтиши билан туйғулар янгиланади. Чунки инсон ўзгаради. Лекин асло ҳар кўринганга «эримни севаман» деб айтаверманг. Биринчидан, бу одоб-аҳлоққа ҳеч тўғри келмайди, иккинчидан, айтаверганингиз билан у ҳақиқатга айланиб қолмайди. Айтиб эмас, ҳис қилиб севиш керак.

Тўртинчи хато: Тарбиялаш

Ёши йигирма неччигаям чиққан, балки ундан анча ошган одамни қайта тарбиялаб, нимага эришиш мумкин? Муваффақиятсизликка ва ортиқча асаббузарликка, холос. Турмушга чиқаётганингизда «Ҳали унга айтганимни қилдираман, ўз измимга солиб оламан», деб хомтаъма бўлманг. Яхшиси, «Нима қилаяпман ўзи? Шу одам билан ёнма-ён яшаб, тош келса, кемириш, сув келса, симиришга қурбим етадими? Унинг инжиқликларига чидай оламанми?» деб ўзингиздан сўранг. Баъзида тўйдан аввал йигитдаги сизга жуда ёққан хусусиятлар оилавий ҳаёт кечира бошлагач, ёқмай қолиши, ҳатто асабингизга тегиши мумкин. Ҳар нарсага тайёр туринг.

Маслаҳат. Турмуш ўртоғингиздан кимнидир ясашга уринманг. Аксинча, у билан бирга яшаб қолиш учун қайси ўткир бурчаклардан эҳтиёт бўлиш кераклигини билинг. Нималарга кўпроқ эътибор бериш лозим-у нималарни ўзингизга олмаганингиз яхши? Ана шуларни билиб олганингиздан кейин оилавий ҳаётингиз равон йўлга тушади.

Бешинчи хато: Жаҳл

Табиийки, минг уринмайлик, барибир нимадандир жаҳлимиз чиқади. Лекин эркаклар аёллардаги жаҳлнинг бир турини умуман кечира олишмайди. Бу болаларга қилинган жаҳл. Эркак киши ўзига қилинган қўпол муносабатдан ҳам кўра фарзандларига нисбатан жаҳлни оғирроқ олади. Айтишларича, аёл ҳомиладорлик пайти эрининг кўзига энг чиройли, боласини урган ва унга бақирган пайти эса энг хунук бўлиб кўринаркан.

Маслаҳат. Жуфтингиздан жаҳлингиз чиқса, чуқур-чуқур нафас олиб, ичингизда ўнгача, юзгача, керак бўлса, минггача сананг. Болангиз асабийлаштирса, иложи борича ундан узоқроқ кетинг, нима биландир шуғулланиб чалғинг. Кейин тинчланиб, масалани ҳал этишга киришинг. Асло бошқа нарсанинг аламини боладан олманг, жуфтингизнинг олдида эса ҳечам уларни жерикманг, заҳрингизни сочманг.

Олтинчи хато: Араз

Кичкина қизалоқ арзимаган нарсага аразлаб йиғласа — ҳечқиси йўқ. Баъзан, ҳатто бу унга ярашади ҳам. Аммо у улғайиб, оила қуриб бола-чақали аёлга айланганида ҳам ҳар нарсага аразлайверса, нуқул тушкун кайфиятда юрса, эридан табассумини аяса, буни на тушуниб, на оқлаб бўлади. Аёл оиладаги илиқ муҳитни яратувчи ва сақлаб турувчи зот. Кўп нарса унинг соғлиги ва кайфиятига боғлиқ, бу кайфият юқумлидир. Шу сабабли унинг бўлар-бўлмасга аразлаб, хафа бўлавериши худбинликдан ўзга нарса эмас.

Маслаҳат. Ҳаётда турли муаммолар кўп учрайди. Бу оғриқларни кулиб енга олган инсоннинг эса иродаси тобланади. Аёл бахти учун шундай қиммат ҳақ тўлашга мажбур. Начора! Бекорга «ОНА» деб улуғлашмайди-ку бизни. Бардам бўлинг, ёш болага ўхшаб аразлайверманг. Вақти келса, орқага ташланг, вақти келса, ичга ютинг, жуда бўлмаса, хафа қилганнинг ўзига қайтариб отинг. Лекин асло оиладаги муҳитни бузманг. Жилмайиб юринг!Еттинчи хато: Чидаш

Аёл дунёдаги энг сабрли зот. У истаса, энг кучли оғриққа ҳам дош беради, энг оғир вазиятдан ҳам чиқиб кета олади, энг мудҳиш хиёнатни ҳам кечиради. Аммо буларнинг бари яхшиликка хизмат қилиши керак. Баъзида янги муаммо яратишдан қўрқиб эмас, эскисини ечишга ботинолмай сабр қилиб юраверамиз. Эри кун бўйи кўчада бекорчихўжалар билан нарда ўйнаб ўтирса-да, бир ўзи рўзғор юкини тортаётган, қадди букчайиб, юзига элдан бурун ажин тушиб кетганлар қанча? Хўш, ўша эр миннатдор бўлаяптими? Бирор марта дангасалигини енгиб, хотинининг юкини енгиллатишга ҳаракат қилаяптими? Йўқ! «Ўзи эплаяпти-ку, демак, ҳаммаси жойида», деб пинагини бузмаяпти.

Маслаҳат. Истак бўлса, ҳаммасини ўзгартириш мумкин. Фақат индамай чидашни бас қилинг. Турмуш ўртоғингизни алдаб-сулдаб йўлга солишга урининг, ўзингизни ҳам бироз ҳурмат қилинг, яхши кўринг. Сиз кўтармасангиз, ўзи орқалайди ўша юкини. Муаммолардан қочмаслик, аксинча уларни ҳал қилиш керак, унутманг.

ШАҲИНА тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!