«Набирамнинг фотиҳаси бузилганига айбдорман...»

11:55, 07 октябрь

— Ёшим олтмиш бирда. Қизимнинг турмуш ўртоғи вафот этганидан кейин икки фарзандини ўзим парваришлаб, катта қилдим. Афсуски, ўғил набирам ёшлигида вафот этди, опаси билан иккимиз қолдик. Шундан кейин қандли диабет ва қон босими хасталигига чалиниб қолдим. Ҳозир соғлигим яхши эмас. Қиз набирам коллежнинг қандолатчилик йўналишида таҳсил олди. Пишир-куйдирга бинойидек қўли келишиб қолган. Уйда ёлғиз қолганим учун ишлатмайман. Қизгинамнинг бўйи етиб, бир-икки жойдан суриштирадиганлар кўпайиб қолганди. Яқинда бир йигит кўчада кўриб, меҳри тушибди. Кейин совчи юборди. «Биринчи бахтни қўлдан чиқармаслик керак», деган ўйда розилик бердим. Тез орада фотиҳа қилдик. Афсуски, сўраб-суриштиришга имконимиз бўлмади. Ўзим хастаман, бир ойда бир марта кўчага чиқсам чиқаман, чиқмасам йўқ. Бўлажак куёвнинг маҳалламизда яшайдиган дўстидан суриштирсам, гиёҳванд эканлиги маълум бўлди. Устига-устак, бир муддат қамоқда ҳам ўтирган экан. Бундан хабар топгач, дарҳол фотиҳани бекор қилдик. Лекин набирагинамнинг олдида ўзимни айбдор ҳис этаяпман. Шошиб болагинамнинг бахтини бойлаб қўйганим учун ўзимни сира кечира олмайман. Энди эшигимизни совчилар таққиллатмай қўйишидан хавотирдаман. Ахир «фотиҳаси бузилган» деган тамға боламнинг пешанасига босилди. Таниш-билишларим «Фалокатингиз аригани рост бўлсин, яхшиям, вақтида билиб қолибсизлар», дейишаяпти. Аммо уларнинг сўзлари таскин беролмаяпти. Кўзим очиқлигида қизгинамни эгасига топширсам, кўнглим хотиржам бўлардими дейман-да.

Исми сир тутилди.  

Таҳририятдан: — Бувижон бўлишнинг ўзи биз учун катта бахт ва шарафдир. Албатта, ўригидан мағзи ширин деб набираларга алоҳида меҳр ва эътибор билан тарбия берамиз. Уларнинг бахтини кўргимиз келади. Бироқ инсон тақдирга битилганини ўзгартиролмас экан. Онажон, ўзингизни кўп қийнаманг, бу дунёда барчамизни меҳрибон Яратгувчи жуфт-жуфт килиб яратган. Вақт-соати етиб набирангизга ҳам ўзига муносиб жуфти ҳалол насиб этади. Кўнгилни кенг тутинг. Ахир сиз ҳам шундай бўлишини каердан билибсиз? Набирагиз хафа бўлмаслиги учун нохушликни кўп ҳам эслаш ва эслатиш керак эмас. Худо бир ёмонликдан асрагани рост бўлсин. Неки юз берса, яхшиликка йўйиш керак. Одатда, гўзал хулқли инсонлар фарзанду набираларини гўзал қилиб тарбиялайдилар. Бувисини тарбиясида ўсган қиз ақлли ва сабр-қаноатли бўлади. Сабрли инсон эса албатта, бахтга эришади. Набирангизнинг роҳатини кўришингизни истаб, яхши жойлардан ато килишини сўраб, дуо қиламиз.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!