“МIТ.uz” – Миллий интернет танловига аризалар 1 ноябрга қадар қабул қилинади

12:02, 07 октябрь

“МIТ.uz” — миллий интернет танловига аризалар 1 ноябргача қабули эълон қилинди. 

Жорий йилда 4-маротаба ўтказиладиган танловда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган веб дастурчи, дизайнер, робототехник, журналист ҳамда блогерлар қатнашиши мумкин. Танловга фаолият кўрсатаётган ёки 2016 йил 1 сентябргача интернет тармоғига жойлаштирилиши режалаштирилган сайтлар тақдим этилади. Битта иштирокчи томонидан танловга тақдим этилиши мумкин бўлган сайтлар миқдори чекланмаган.

Танлов қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилади:

Асосий номинациялар:

1. Ўзбекистоннинг бой маданияти ва санъати, тарихи ҳамда истиқлол ғоялари ва маънавий қадриятларини ёритувчи энг яхши сайт;

2. Маҳалла, қишлоқ ва шаҳарлардаги фаровон ҳаётни ёритган энг яхши сайт;

3. Давлат тилидаги энг яхши сайт;

4. Энг яхши янгиликлар сайти;

5. Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти акс этган энг яхши сайт;

6. Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти акс этган энг яхши сайт;

7. Давлат бошқаруви соҳасидаги энг яхши сайт;

8. Фан ва таълим соҳасида энг яхши сайт;

9. Йил мазмунига доир энг яхши сайт;

10. Тиббиёт соҳасидаги энг яхши сайт;

11. Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳияти акс этган энг яхши сайт.

Қўшимча номинациялар:

1. Икки тилда яратилган энг яхши сайт

2. Спорт соҳасида энг яхши сайт

3. Энг яхши шахсий блог

4. Энг яхши сайт дизайни

5. Тармоқ сервислари соҳасидаги энг яхши сайт

6. Мобил алоқа воситалари учун мўлжалланган энг яхши дастур

Танловнинг низомида қайд этилишича, унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи веб-сайт яратувчилар (жисмоний ва юридик шахслар) иштирок этади. Танлов уч босқич (танлов иштирокчиларини рўйхатга олиш, гъолиб ва совриндорларни саралаш ҳамда тақдирлаш)да ўтказилади. Ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросимининг куни ва жойи ташкилий қўмита қарорига асосан белгиланади ва www.mit.uz сайтида эълон қилинади.

Миллий интернет танловига аризалар 1 ноябрга қадар қабул қилинади. Танлов иштирокчиси аризани топширишдан танлов низоми билан тўлиқ танишиб чиқиши ва унда кўрсатилган талаблар ва қоидалар асосида аризани тўлдирилиш лозим. Иштирокчилар аризани танловнинг www.мит.уз расмий веб-саҳифаси ва @MITUZBOT (https:// https://telegram.me/mituzbot) телеграм BOТи орқали тўлдириши ёки mituz2016@kmail.uz электрон почтасига юбориши мумкин.

Низомда белгиланишича, танловга тақдим этилган сайт фақат битта номинацияда (ёки битта қўшимча номинацияда) иштирок этиши мумкин. Танловда иштирок этаётган сайтнинг мазмуни (унинг контенти)га қуйидаги талаблар қўйилади:

— танлов аудиторияси (ёшлар)нинг талаб ва қизиқишларига мос келиши лозим;

— ёшларни баркамол шахс этиб тарбиялашга йўналтирилган бўлиши, уларнинг билим даражасини ва дунёқарашини ошириши керак;

— интернет фойдаланувчисида ахборот олиш маданиятини ҳамда ундан хавфсиз фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилиши керак;

— сайтдаги ахборотларнинг камида 80 фоизи (контент, рукн ва саҳифаларнинг ҳажмига қараб белгиланади) ёшлар учун мўлжалланиши, улар учун фойдали контент билан тўлдирилган бўлиши, доимий равишда янги материаллар билан бойитиб борилиши керак;

— сайтнинг интерфаол рукнлари (янгиликлар, воқеа-ҳодисалар) доимий равишда (кунида камида бир маротаба) янгиланиб турилиши керак;

— танловда иштирок этаётган сайтга учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари, шу жумладан, муаллифлик ҳуқуқини поймол этувчи материаллар, миллий қонунчиликка зид бўлган материаллар, маънавий ва ахлоқий меъёрларга тўғри келмайдиган материаллар, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатилиши тақиқланган маҳсулот ва хизматлар рекламасини жойлаштириш мумкин эмас.
Танловга доир бошқа маълумотларни унинг расмий сайтидан ўқишингиз мумкин. Шунингдек, қўшимча маълумотлар учун +998712410050 рақамига соат 9.00 дан 18.00 га қадар мурожаат қилиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, мазкур танлов ҳар йили “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбектуризм” Миллий компанияси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилади. Уни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ёшлар учун мўлжалланган ижобий мазмундаги энг яхши интернет ресурсларни яратиш, кўпайтириш, мавжудларини аниқлаш ва рагъбатлантириш, веб-ресурсларни яратувчилар диққат эътиборини интернет технологияларидан масъулиятли, ахборот маданияти талаблари доирасида ҳамда хавфсиз фойдаланиш муаммосини ҳал этиш, интернетнинг ёшлар учун мўлжалланган сегментини кенгайтириш ва ривожлантиришдан иборат.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!