Ноодатий ҳикоя: “Кулча ташланг, Оймомо”

12:11, 07 октябрь

Ой нурида мириқиб чўмилаётган терак баргларининг шитири гўё Шоҳрух билан Равшаннинг суҳбатига куй басталаётгандек эди.

— Равшан, айни шу пайтда нимани истаяпсан?

— Билмадим, ўзинг-чи?

— Менми? Мен оналар тандирда ёпадиган  иссиқ кулча нондан егим келаяпти. Тасаввур қилгин, оналаримиз ўз қўллари билан кулча ёпиб беришса, жуда ширин бўлса керак-а?

      — Ҳа, мен бирор марта ҳам онажоним ёпган кулчадан емаганман.

      — Кел, оймомодан сўрайимз.

      — Нима?

—  Биздан нима кетди. Кел бирга сўраймиз.

 Улар бараварига қийқира кетишди. 

—  Кул-ча таш-ланг ой-мо-мо...

Уларнинг хайқириғидан қўрқиб кетган Марғуба опа ҳарсиллаб югуриб келди. 

    — Вой Худойим-ей, нима деб қичқирапясизлар?

   — Опа биз-чи оймомодан кулча сўрадик.

  — Тандирга ёпилганидан, — қўшиб қўйди Шоҳруҳ. 

  — Нима бўлибди, деб қўрқиб кетибман-ей. Бўлди ётинглар тун ҳам яримлаб қолди. Бошқа хонадаги болаларни ҳам уйғотиб юборасизлар. 

  — Жудаям кулча егимиз келган эди-да. 

  — Хўп яхши, эртага бозордан олиб бераман. Қани энди ухлангларчи.

  — Сиз бозордан оладиган кулчани бизнинг ойимиз ёпмаган-да, Равшаннинг ўкинч билан айтган бу сўзлари юракларни тешиб юборгудек эди.

  Марғуба опа ортиқ сўз айтмоққа ожиз эди. Уларнинг шунчалар меҳрга зор эканликларини кўриб, қалби вайрон бўлди ва ноилож ўзини йўлакка урди. Бироз вақт ўтгач, секин эшикни очиб, Шоҳрух билан Равшан ётган хонага мўралади. Иккаловлари ҳам ухлаб қолишибди. Эшикни авайлаб очиб кириб, устидаги кўрпаларини яхшилаб ёпди. Равшаннинг қўли букилиб қолган экан,  тўғрилаб қўйди. Дераза тагида турган стулга астагина чўкар экан, меҳрга, муҳаббатга ташна бу мурғаккина гўдакларга ич-ичидан ачиниб кетди. Аччиқ-аччиқ йиғлаб, ухлаб қолди. 

  Шу пайт уйқусираб, уйғониб кетган Шоҳрух опанинг юзларида қалқиб турган ёшни кўриб, ҳайрон бўлди. Кўнглидан “Уларнинг ҳам ойилари йўқ бўлса керак”,  деган хаёл ўтди. Бироқ анча чарчагани сабаб бўлиб, зум ўтмай кўзларини яна уйқу элтди. Меҳрибонлик уйига сукунат чўкди. Гўё ҳамма болалар бешикка беланган-у, ой уларни аллалаётгандай. Бироқ негадир, болаларнинг уйқуси тинч  эмасди. Ҳатто тушларида ҳам кимларнидир кутарди, кимларнидир йўлига интиқ термуларди. Кутган инсони эндигини келди,  деганда эса тонг отиб, туш эканлиги аён бўларди. Бундай туш кўриш-у, бундай тонг оттиришга меҳрибонлик уйидаги болалар ҳам анчайин кўникиб кетишган. Эндигина ушалган орзулари саробга айланган болалар хоҳлар-хоҳламас ўринларидан туриб, бадантарбия қилар, юз-қўлини ювиб, нонуштага ўтиришарди. Бошқа болалар каби Шоҳрух ҳам сутига нон тўғраб, жимгина хаёл сурарди. У кечқурун Равшан билан бўлган суҳбатни эслади. Уларнинг оймомодан кулча сўрашдан асл мақсадлари куйиб-пишиб тандирда нон ёпувчи, еру-кўкка ишонмай, асраб-авайлагувчи онажонисининг қайтишини Аллоҳдан сўраш эди. Нонуштадан сўнг болалар майдончада тўп ўйнаб, арғимчоқ учиб, ўзларини бироз чалғитган бўлишди. Ҳаммалари истаб-истамай ўйнаётган эканми, “Шоҳрух” деган чақириққа бараварига ялт этиб қарашди. Зулхумор опанинг Шоҳрухни имлаб чақираётганини кўриб, ҳафсалалари совуди, яна ўйинга чалғиб кетишди. Зинадан чиқиб борар экан, хонадаги бегона аёлни кўриб, юраги алланечук бошқача уриб кетди. Эшик олдида тик туриб қолган Шоҳрухнинг Зулҳумор опа яна бир бора имлади, ёнидаги стулни кўрсатди. Шоҳрух бегона аёлдан кўзини узмай, стулга ўтирди. Унинг ўтирганини кўриб, анча хотиржам тортган Зулхумор опа аста сўз бошлади:

  — Шоҳрух биласанми, бу  аёл сени олиб кетмоқчи эканлар. Кетасанми улар билан? 

  Шоҳрух мийиғида, аммо чин дилдан жилмайиб турган аёлга қараб олди-да сўради:

  — Менга ким бўладилар? 

  — Улар...Улар сенинг ойинг бўладилар. Хўш, нима дейсан?

         — Менинг ойим...

— Ҳа, ҳа болажоним, мен сенинг ойинг бўламан. Сени кичкиналигингда йўқотиб қўйган эдик. Шунча йил қидирибмиз-а, болажоним. Мана энди доим бирга бўламиз, — деди ҳалигина кулиб турган аёл тиз чўккан ҳолда кўзёшларини артиб.

—  Розимисан? —  Зулхумор опа яна қайта сўради.

Шоҳрух бош ирғаб, розилигини билдирди. Унинг бўлак чораси ҳам йўқ эди. Ахир у ётишда ҳам, туришда ҳам фақат онасини кутарди. Гарчи қаршисида турган аёл унинг учун бегона бўлса ҳам онаси, у билан кетмай иложи йўқ. 

Шоҳрух буюмларини йиғиштириб бўлгач, болалар билан бирма-бир хайрлашиб чиқди. Ҳатто кўзларидан тирқираб ёш оқди. Кетар олдида эса Марғуба опани излаб тополмади. Шоҳрух билан Равшанга кулча олиб келгани кетган экан. У Марғуба опанинг кулча харид қилгани кетганини эшитиб, янаям яхши кўриб кетди. “Қанийди, ойимни ҳам шундай яхши кўра олсам”, деб ўкинди.

Шоҳрух янги уйда бир ҳафталар чамаси яшади. Лекин негадир уларда ўзига нисбатан ҳеч қандай туйғуни ҳис қилмади. Ота-онаси унга қўлидан келганча ғамхўрлик қилар, сира уринтиргилари келмасди. Икки синглиси ҳатто акалари борлигидан фахрлана бошлаган эди. 

Шоҳруҳ шулар ҳақида ўйлаб, хаёл суриб ўтирар экан, ташқаридан қандайдир унга таниш бир овоз эшитилди.

— Опа, ҳой опа. Ким бор?

 Шоҳрух ўзини ховлига отди. Дарвоза олдида турган Марғуба опани кўргач, уни қучоғига отилди. Улар худди она-боладек қучоқлашишди. Ҳар иккисининг кўзларида ёш қалқиб, ҳол-аҳвол сўрай кетишди. 

— Шоҳрухжон, қандайсан шириним. Аҳволларинг яхшими? Ўз уйингда яшаш нақадар яхши-а? Хўш, ойинг кулча ёпиб бердиларми? 

— Ҳа, лекин...—  унинг сўзларини ичкари уйдан чиқиб келган Салима опа бўлди.

— Ие, меҳмон келибди-ку. Хуш келибсиз. Қани уйга киринг. 

— Йўқ, майли. Раҳмат, мен бирровга. Шоҳрухни кўрай дегандим. 

— Бир пиёла чой ичиб кетинг.

— Йўқ, йўқ овора бўлманг. Мен Шоҳруҳга кулча олиб келгандим. Шундай бераман-у, кетаман, — деб қўлидаги сумкани титкилай бошлади. Нонни олиб, Шоҳруҳга узатар экан, у нонга қарамай ўзини Марғуба опанинг бағрига отди. Салима опа уни аранг тутиб қолди. Шоҳрухнинг “Опам билан кетаман”, деб дод-вой солишидан Марғуба опанинг қалби тилка-пора бўлиб, югурганча чиқиб кетди. Марғуба опа “Меҳрибонлик уйи”га келиб, хонасига қамалиб олди-да, тўйиб-тўйиб йиғлади. Илгарилари Шоҳруҳни бунчалик яхши кўришини ҳеч сезмаган экан. “Қани энди Шоҳрух қайтиб келса, ўзимга фарзанд қилиб олардим”, деган фикр хаёлидан ўтиб улгурмай, эшик тақиллаб қолди. Хоҳламайгина эшик  очган Марғуба опа, ҳайратдан донг қотиб қолди. Йиғидан қизарган кўзларида кулгу ўйнаб турган  Шоҳруҳ ўзини унинг кўксига урганда эса ҳақиқий онадек ҳис қилди ўзини...

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!