Компьютер гўзалликка хавф соладими?

10:25, 08 октябрь

Агар сиз куни билан офисда, бунинг устига монитор қаршисида ўтирсангиз, сизнинг юз терингиз бошқаларга нисбатан тез қарийди. Бу илмий исботланган далил. Ёшлик ва гўзалликни қандай сақлаб қолиш мумкин бўлади бу ҳолатда?

Эрта тушган ажинлар, терининг қуруқлашиши ва сўлқинлиги, қовоқлар ости қорайиши - “компьютер ҳужуми”нинг аниқ белгилари. Бунга асосий сабабчи  - ишлаб турган монитор атрофида юзага келувчи электростатик майдон. У терининг ишқор балансини ўзгартириб, қуруқлаштиради, шўралашни келтириб чиқаради.

Бунда ўртача тери қуруққа айланади. Қуруқ тери сўнгги намликни ҳам йўқота боради. Аралаш турдаги тери қизариб, тери поралари кенгайиб, ифлосланади. Ёғли тери янада кўпроқ ёғ ажрата бошлайди. Қовоқ териси компьютер қаршисида ўтирганда майинлигини тез йўқотиб, қуруқлаша бошлайди.

Шу боис ҳам махсус косметикадан фойдаланмасликнинг иложи йўқ. Ҳозирда косметика дўконларида юзни намловчи махсус спрейлар мавжуд. Шунингдек, намловчи салфеткалардан фойдаланиш ҳам мумкин.

Компьютерда ишлаганда ҳар соатда беш дақиқалик танаффус қилиш лозим.

Чой ҳақида ҳам унутманг. Кунига икки-уч пиёла янги дамланган кўк чой компьютер экранининг зарарли таъсирини қирқади.

 

КИЧИК ТАВСИЯЛАР

  • Кечқурун ишдан қайтгач, терини куни билан йиғилиб қолган зарарли микроқисмлардан тозалаб олиш зарур. Иложи борича водопровод сувида ювинмасликка ҳаракат қилинг. Қайнатилиб, лимон шарбати қўшилган сув, маъданли ёки шифобахш гиёҳлар дамламасида (жўка гуллари, мойчечак, ялпиз, марварак) ювининг. Қуруқ таъсирчан юзлар учун хона ҳароратидаги сувга тенг миқдорда сут қўшиб ювиниш фойдали.
  • Қора нон ивитилган сувда ювиниш терининг қуруқлашган ҳолатида ёрдам беради. Ёғли тери учун намловчи, қуруқ терига озиқлантирувчи ниқоблар самара беради.
  • Ҳафтада икки марта тузли ва игнабаргли компрессларни қўллаб туринг. Илиқ аралашмага ботирилган юмшоқ сочиқни 5 дақиқага юзга босиб компресс қилинади.

Эслатма: Тунги кремдан тунда фойдаланманг!

Тунги кремни тунда бевосита уйқуга кетиш олдидан эмас, балки кечқурун, ухлашдан бир, ярим соат олдин суриш керак. Чунки тунги кремлар терининг энг чуқур қатламларига кириб бориши билан бирга ундаги намликни ҳам сақлаб туради. Жуда кеч, ётишдан олдин крем сурсангиз, эрталаб юзингиз салқиб ё шишиб қолиши мумкин. 

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!