Целлюлитга қарши 8 хил муолажа!

11:47, 08 октябрь

Аёллар қоматининг шафқатсиз душманларидан бири — целлюлитга қарши кураш учун воситаларнинг ва усулларнинг янги хиллари чиққани ҳақида деярли ҳар куни эшитамиз. Танлов учун имконият бўлгани яхши, албатта.  Аммо усулларнинг қай бири соғлиқ учун зарарсиз, сифатли ва керакли натижани бериш каби мезонларга жавоб беришини мутахассисларнинг маслаҳатисиз аниқлаш мушкул. «Апельсин тери»га қарши энг сифатли ва оммавийлашган усуллар ҳақида тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали шифокор, дермато-косметолог, юз ҳамда тана терисини яхшилаш борасида 17 йиллик тажрибага эга мутаҳассис  Муҳаббат НАСИМОВА маълумот беради.

Целлюлит бу...

Сон, бўкса ва қорин соҳалари териси остида йиғилган ёғнинг ғадир-будур қатламига целлюлит ташхиси қўйилади. Тўпланган ёғ қатламининг тери бириктирувчи тўқималарига босим бериши натижасида терида бу каби ўзгаришлар юзага келади.

Нима сабаб юзага келади?

Эркак ва аёл ҳам семиришга мойил бўлса-да, целлюлит кўпинча нозик жинс вакилларига хавф солади. Негаки, аёлларнинг гормонлари мушак, тери бириктирувчи тўқималари ҳамда ёғларнинг танада тақсимланишида таффовутларни келтириб чиқаради. Маълумки, аёл организми она бўлишга дастурлашган. Шунинг учун у қорин соҳасида ёғ йиғилишига мойил бўлади. Чунки ҳомиладорлик пайтида ҳомила ёғ захирасидан қувват олади. Миллий таомларимиз углеводга бойлигини эътироф этмай иложимиз йўқ. Оби нон, патир, қўй гўшти, чучвара, хоним, манти, норин каби хамирли таомлар ҳамда ёғли сут маҳсулотлари (қаймоқ, сариёғ) ҳар бир оиланинг таомномасидан ўрин олганидан кейин ортиқча вазн ва целлюлитдан аёлларнинг ҳимояланиши қийин кечади. Статистик маълумотларга кўра, 18 ёшдан ошган аёлларнинг 85 фоизи целлюлит билан ўз танаси орқали танишаркан.

Целлюлитни даволаш мумкинми?

Ёғнинг бу қатламини парчалаш жуда мушкул вазифа. Аёл гормонал фонининг ўзгариши унинг юзага келиш сабабларидан бири бўлса-да, гормонал терапия усуллари орқали целлюлитни кетказиб бўлмайди.

Тиббий нуқтаи назардан, целлюлит худди ажинлар каби соғлиқ учун зарарсиз саналса-да, аёл танасининг косметик нуқсони сифатида баҳоланади. Кўпчилик кўркамсизликнинг бу аломатидан халос бўлиб, муаммосиз ва силлиқ терига эришишга уринади. 

Талабнинг кўплиги боис замонавий тиббиёт ва косметология парҳез усулидан бошлаб, антицеллюлит кремлар, уқалаш, ускуналар билан бажариладиган муолажалар ёрдамида тананинг кўринишини яхшилаш учун бир қанча таклифларни билдиради. Бизда мавжуд бўлганлари билан танишиб чиқамиз.

Антицеллюлит кремлар

Одатда уларнинг таркибида кофеин, теофиллин, аминофиллин ва сув ўтлари бўлади. Чунки бу моддалар ўз хусусиятига кўра ёғни яхши парчалайди. Бироқ косметик кремларга мўъжизавий восита деб қараш нотўғри. Целлюлитдан азият чекаётган терини бутунлай тузалишини кутиш бефойда. Бироқ крем ва скраблар терини намлантириб, қон айланишини ва лимфа томирларининг фаолиятини яхшилаши эвазига тери остидаги ёғларни бироз бўлса-да парчаланишига сабаб бўлади. Эриган ёғлар лимфа томирлари орқали буйракка бориб, сийдик йўллари орқали ташқарига чиқиб кетади.

Целлюлитга қарши ўраш муолажалари

Кўпгина гўзалллик салонлари ва SPA соғломлаштириш марказлари денгиз лойлари ва ўтлари ёрдамида целлюлитга қарши ўраш муолажаларини таклиф қилади. Ҳақиқатдан ҳам бу каби ўраш муолажалари натижасида танада суюқлик йиғилиши камайиб, терининг кўриниши яхшиланади. Одатда ўраш муолажаси 40 дақиқа давом этади. Натижаси янада яхшироқ бўлиши учун ўраш вақтида аёлнинг устига термо-кўрпа ёпилиши ҳам мумкин. Бу муолажа бир ҳафтада 2 марта ўтказилиб, камида 10 сеанс бўлиши тавсия этилади. Ўрашдан сўнг целлюлитга қарши уқалашни ўтказган маъқул. Бироқ натижа вақтинча эканлиги ва уни доим қўллаб-қувватлаш кераклигини унутманг.

Уқалаш

Тиббий изланишлар натижасида, целлютга қарши уқалаш терининг жозибасиз кўринишини текислашда анчагина қўл келадиган муолажалар сирасига киради. Бу табиий йўл билан целлюлитдан қутулиш усули саналади. Бироқ у оғриқли кечади. Бу муолажада теридаги ёғ қатламини парчалаш учун куч билан уқалаш талаб этилади. Бир қанча сантиметрларни йўқотиш истагида бўлсангиз, малакали уқаловчининг қабулига ҳафтасига икки марта ўтказиладиган камида 10 сеансли курсга боришингиз зарур. Сон ҳамда бўксалардаги кўкаришлар ва оғриққа чидаганим сабаб, ортиқча килограммлардан халос бўламан деб ўйлаганлар янглишади. Целлюлитга қарши бошқа усуллар каби уқалаш ҳам терининг ғадир-будурлигини текислайди, холос. Мутахассис тавсияларига тўлиқ амал қилинса, бир неча сантиметрларни кетказиш мумкиндир, балки... Лекин семизликдан қутқармаслиги аниқ. 

Лазер нурлари

Ёғ қатламини эритишнинг сунъий усули. Лазер нурлари ёрдамида тери остидаги ёғларни парчалаш мумкин. Табиий усуллардан кўра бу муолажа қиммат саналади. Лекин аёл ўз қомати ва ташқи кўриниши ҳақида қайғурмай қўйса, ундан олинган натижа йўққа чиқиши ҳам мумкин. Негаки, лазер нурлари мавжуд муаммони бартараф этади, аммо келажакда ҳам безовта қилмаслигига кафолат бермайди.

Мезотерапия

Мезотерапия – бироз баҳсли муолажа саналса-да, жарроҳ тиғининг аралашувисиз амалга оширилгани боис аёллар орасида машҳур. Липолитик (ёғни парчалаш) хусусиятига эга бўлган дори воситалардан муаммоли соҳаларга инъекция қилинади. Муолажанинг натижаси фақатгина 10 курс муолажадан кейин билинади. Ҳар қандай дори воситасини қўллашдан аввал унинг соғлиққа қанчалик фойда ва зарар эканлиги ҳақида ўрганиш зарар қилмайди. Шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда ўтказилган муолажа керакли натижани қўлга киритишда ёрдам бериши шубҳасиз.

Кавитация — жарроҳлик аралашувисиз липосакция

Тиғсиз қоматни яхшилаш амалиётининг қулайлиги шундаки, оғриқсиз ва енгил ўтадиган бу муолажага бир ҳафтада икки марта бир-бир ярим соат вақт ажратишнинг ўзи кифоя. Қорин, бўкса ва сонлардаги ёғ қатлами ультратовуш ёрдамида эритилиб, лимфа ҳамда қон томирлари фаолиятини яхшилайди. Ва шу йўллар орқали танадаги ортиқча ёғларнинг чиқиб кетишига имкон бўлади. Ультратовуш ускунасининг 3 та ижобий жиҳати бор: чуқур, ўрта ва юзаки кучланишда ишлай олади. Кўзланган мақсадга эришиш учун шифокор аёлнинг тери тури, ёши, саломатлигининг умумий ҳолатини инобатга олади.  Жигар ва юракдаги хасталиклар кузатилса, кавитация усули тавсия этилмайди.

Липосакция

Липосакция амалиёти целлюлитдан даволамайди. Тананинг қорин, бўкса, сон ва қўл соҳаларида йиғилган ортиқча ёғларни жарроҳлик ёрдамида олиб ташлаш саналади. Амалиёт ўтказилишидан аввал аёлнинг умумий ҳолати ўрганилиб, анестезия ва жарроҳлик аралашувини кўтара олиши инобатга олинади. Муолажа аралашувига муҳтож соҳада кичик кесик ҳосил қилинади. Бу кесик орқали махсус вакуум асбоб киритилиб, ортиқча ёғ суриб олинади. Амалиётдан сўнг тери осилиб қолиши каби ҳолатлар кузатилиши мумкин, шу сабабли терини таранглаштирувчи крем ва махсус бандажлардан фойдаланилади.

Парҳез!!!

Соғлом турмуш тарзи, тартибли овқатланиш, жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишнинг ўзи целлюлит пайдо бўлишининг олдини олиш учун етарли экан. Одатда целлюлитга қарши парҳез белгиланаётганда аёл истеъмол қилаётган таомларнинг килокалорияси ҳисобланиши керак. Лекин таомномизнинг ёғли ва углеводларга бой эканлигини инобатга олган ҳолда аёлларга кечки соат олтидан кейин овқатланмаслик, ундан тайёрланган маҳсулотлардан воз кечиш тавсия этилади. 

Юқорида санаб ўтилган муолажаларнинг деярли барчаси қиммат эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз. Нархлар борасида ўтказилган сўровларимиз натижасига кўра, пойтахтимизда жойлашган клиникаларнинг ҳар бири  фойдаланадиган асбоб-ускуналари ва дори, кремларига қараб нарх-наво белгилар экан. Яна бир нарса, целлюлитга қарши курашишга чоғланар экансиз, парҳез, жисмоний тарбия, крем, ўраш ва уқалаш муолажаларини бирлаштирибгина чиройли қоматга тезроқ етишишингиз мумкин. Негаки, режа ва дастур асосида амалга оширилган иш самарали бўлади.

Мақолани тайёрлашда «Посольство красоты» SPA & Wellness маркази кўмак берди.

Дилноза МИРТОЛИПОВА

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!