Афсонавий енгил атлетикачи Сергей Бубка Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди

12:02, 08 октябрь

Афсонавий спортчи, лангарчўп билан сакраш мусобақаларида фаолияти давомида 35 маротаба жаҳон рекордларини ўрнатган, ҳозирда Халқаро Олимпия қўмитаси ижроия қўмитаси аъзоси, Бутунжаҳон енгил атлетика федерацияси вице-президенти ҳамда Украина Миллий олимпия қўмитаси президенти Сергей Бубка Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон МОҚ матбуот хизмати маълум қилди

Эътиборлиси бундан сал кам уч йил аввал пойтахтимизда бунёд этилаётган Миллий олимпия қўмитаси янги биносининг пойдеворига биринчи ғиштни айнан Сергей Назарович қўйиб берган эди. Бугунги кунда Тошкент кўркига кўрк кўшиб турган Миллий олимпия қўмитаси биносига Сергей Бубка Осиё енгил атлетика федерацияси вице-президенти Алексей Кондрат ҳамда Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг бош котиби Евгений Нуждин ҳамроҳлигида ташриф буюрди.

Мартабали меҳмонни Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Мурод Алиев ва Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Касимов кутиб олишди. Яқин ўтмишнинг спорт афсонаси Миллий олимпия қўмитасида жойлашган кичик музей, мажлислар зали, Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказини кўздан кечирди. Бу ерда яратилган шароитларни кўриб ҳайратини яшира олмади ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасини дунёнинг бошқа мамлакатларига ўрнак сифатида кўрсатиш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади.

Шундан сўнг музокаралар залида Сергей Бубка иккала томон ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолашни таклиф қилди. Унга кўра Ўзбекистон ва Украина Миллий олимпия қўмиталари спортчиларни тайёрлаш, мураббийлар малакасини ошириш, спорт тиббииёти масалаларида тажриба алмашиш фойдадан ҳоли бўлмаслигига алоҳида урғу берди.

Шунингдек суҳбат давомида Ўзбекистоннинг спорт салоҳиятига юқори баҳо берар экан Украина Миллий олимпия қўмитаси президенти юртимиз спортчиларининг XXXI ёзги Олимпия ўйинларида эришган натижаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Бу муваффақиятлар ўз ўзидан қўлга киритилмаганлиги, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов буюк инсон бўлганлиги ва спорт тараққиёти йўлида катта ишлар қилганлигини таъкидлаб ўтди. Рио-де-Жанейрода қўлга киритилган бу мувафақиятлар замирида энг аввало ана шу инсоннинг хизматлари ётганлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси номидан мартабали меҳмонга қўмита бош котиби Ойбек Касимов эсдалик совғаларини топширди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!