Италия мафияси сардори полициядан қочиб 5 йил шкафнинг ичида яшади

12:30, 08 октябрь

Турмадан қочганлиги учун полиция томонидан қидирувда бўлган Италия мафиясининг нуфузли сардорларидан бири шкафга ўхшаб ясалган кичкина хонада 5 йил давомида яшириниб ётган, деб хабар берди “Тvzvezda.ru” нашри.

Йирик жиноий тўданинг раҳбари бўлган Антонио Пелле ноқонуний равишда қурол сақлагани ва гиёҳвандлик моддаларини сотганлиги учун 20 йилга озодликдан маҳрум этилган. Аммо у 2011 йилда жазони ўтаётган қамоқхонадан қочишга муваффақ бўлган. Шундан бери, Италия полицияси томонидан энг хавфли жиноятчилардан бири сифатида қидирилган. 

Маълум бўлишича, қўлга тушмас мафия сардори, беш йил мобайнида ўзининг шахсий вилласидаги худди шкафга ўхшаб ясалган, кичкина хонада яшириниб ётган. Бу ерда кўрпа-тўшак, вентилятор ва сув заҳираси бўлган. Полициячилар Пелленинг уйида бир неча маротаба тинтув ўтказганига қарамай, унинг яширинган жойини орадан беш йил ўтгачгина, аниқлашган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!