Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон Президенти билан учрашди

12:33, 08 октябрь

2016 йилнинг 4 октябрь куни Брюссел шаҳрида Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Афғонистон бўйича халқаро конференция ишида иштироки доирасида Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани билан икки томонлама учрашув ўтказди.

Суҳбат бошида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан Самарқанд шаҳрида ўтказилган дафн маросимида шахсан қатнашгани ва Ўзбекистон халқига чуқур ҳамдардлик изҳор этгани учун Афғонистон Президентига Ўзбекистон раҳбарияти номидан миннатдорлик билдирилди.

Учрашувда Ўзбекистон-Афғонистон кун тартибининг долзарб масалалари, жумладан сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги дўстлик ва қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида турли даражадаги алоқаларни фаоллаштириш қўллаб-қувватланди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!