Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили Тбилисига бориш фикридан қайтди

12:54, 08 октябрь

Грузия республикасининг собиқ президенти, айни пайтда Украинанинг Одесса вилояти губернатори бўлган Михаил Саакашвили ватанига кетиш фикридан қайтиб, Украинада ишини давом эттиришни маълум қилди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.

“Мен Украинага шунчаки меҳмонга келмаганман, шунинг учун жанг майдонини тарк этмаслигим керак, деб ҳисоблайман. Бироқ сайловдан кейин ўз ҳисобимдан меҳнат таътили олиб, албатта, Грузияга бораман. Она ватанимга хизмат қилишни бурчим, деб биламан. Ватанимда менга биров ёмонлик қилмайди, полиция ҳам, армия ҳам мен томонда, яъни қонун тарафида. Грузиянинг янги ҳукумати аъзолари орасида аёллар кўп бўлади, чунки уларда эркакларга нисбатан инсоний ҳис-туйғулар яхшироқ ривожланган. 8 октябрь куни Грузияда ўтказилиши режалаштирилган парламент сайлови натижаларини ҳимоя қилиш мақсадида Тбилисига боришим лозим, деб ўйлайман ”, деди Саакашвили.   

30 сентябрь куни Грузиянинг собиқ бош вазири Бидзин Иванишвили Саакашвили ватанига қайтадиган бўлса, қамоққа олиниши ҳақида эслатган эди. Парламент сайловларида “Грузин орзуси” партияси билан Одесса вилояти губернатори раҳбарлик қилаётган “Ягона миллий ҳаракат” оппозицион партияси бош рақобатчилар ҳисобланади.

Михаил Саакашвили 2004 йилдан 2013 йилгача Грузия президенти лавозимида хизмат қилган. Лавозимидан бўшатилгандан кейин ватанида яшамаган. Янги ҳукумат Саакашвили гуруҳида ишлаган бир қанча юқори лавозимли амалдорларга нисбатан жиноят иши қўзғатган. Собиқ президентга нисбатан эса мамлакат ичисида қидирув эълон қилинган. 2015 йилнинг 4 декабрида Грузия ҳукумати раҳбари Георгий Маргвелашвили собиқ президентдан Грузия давлати фуқаролигини олиб ташлаш ҳақидаги қарорга имзо чеккан.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!