Ўзбекистон терма жамоаси мухлислар клуби етакчиси чипта сотиш масаласини фожеа, олиб-сотарларни нафс қуллари деб атади

15:36, 08 октябрь

Ўзбекистон — Эрон ўйинидан кейин «Championat.asia» нашри Ўзбекистон терма жамоаси мухлислар клуби етакчиси Абдураҳмон Фозилов билан қисқачаинтервью уюштириб, чипта сотиб олишдаги муаммолар уни ташвишга солаётган ёки йўқлиги билан қизиқди, деб ёзади “Дарё”.

«Хавотирга солмаяптими? Бу хавотир эмас, бу фожеа — деб гап бошлади Фозилов. — Бу муаммо мухлислар кайфиятини «0» даражага тушириб юборади. Ғараз чипта олиб-сотарларининг найранги сабаб 25 минг сўмлик чипталар 50—150 минг сўмдан сотилмоқда. Ўз нархидан икки-уч баробар қимматга чипта олсангиз алам қилмайдими? Минг афсуски, барчасини ғаламис, нафс қуллари, нафс гадолари пучга чиқармоқда. Ўйлайманки, Хитой билан бўлиб ўтадиган ўйинда бу камчиликнинг олди олинади».

Эронга қарши беллашувда фан-клуб режалаштирган «мозайка»нинг ўхшамай қолганини Фозилов қуйидагича изоҳлади: «5 та секторга бирма-бир рангли қоғоз қўйиб чиққандик. Лекин бир неча йилдан буён режани амалга оширишга қийналамиз. Сабаби оддий: стадионга эрта келган одамлар ён-атрофдаги ўриндиқлардан қоғозларни олиб, тагига кўрпача қилиб ўтириб олади. Волонтёрлар илтимоси ҳам ёрдам бермаяпти».

«Юзлаб яқинларим Эронга қарши ўйин учун чипта олишда ёрдам сўради, мен эса ёрдам бермадим, маслаҳат билан чекландим. Ўйин бошланишига 20—30 дақиқа қолганида стадионга келинса, олиб-сотарлардан чиптани ўз нархида олиш мумкин. 10 дақиқа олдин келинса, ундан ҳам арзонроққа сотиб олиш мумкин», — деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Абдураҳмон Фозилов.

Сўзининг якунида фан-клуб сардори олиб-сотарларга қарши кучга айланишга ва улардан чипта олмасликка чақирди.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!