Аваз Охун ва Алижон Исоқов концертидаги ноаниқлик. Аслида жонлими ёки фонограмма?

18:54, 09 октябрь

Қизиқчи Аваз Охун ва хонанда Алижон Исоқов ноябрь ойида «Истиқлол» санъат саройида биргаликда концерт беради. Концерт дастури учун чиқарилган реклама билбордларида концерт жонли ижрода ўтиши ёзилгани ҳолда сарой кассаларида «Концерт фонограммада ўтади» мазмунидаги баннерлар ўрнатилган. Мазкур вазиятга Daryo.uz нашри журналисти ойдинлик киритди.

— Концерт дастуримизнинг санаси аниқ бўлиши билан «Истиқлол» санъат саройининг кассаси учун шошилинч «Фонограмма орқали ижро этилади» мазмунидаги баннер чиқарилган экан, — деди хонанда Алижон Исоқов. —Кўчаларга билбордлар илиниши олдидан: «Қўшиқларни 100 фоиз жонли ижрода айтаман» деганим учун, дастурнинг жонли бўлиши ёзилган баннерлар илинди. Бизга бу масалада жуда кўп мухлисларимиз мурожаат қилишди, уларга ҳам дастур 100 фоиз жонли ижрода бўлишини айтяпмиз. Кассалар олдидаги баннерларни ҳам ўзгартириб қўямиз.

— Нима сабабдан ўз яккахон концертингизни тақдим этмаяпсиз?

— Ҳозирги кунда концерт бериш жуда ҳам қийин. 180—200 миллион сўм сарфлаб концерт бериш бир санъаткорга оғирлик қиларкан. Янги йилда бир тадбирда Аваз Охун билан бирга хизматда бўлиб, бирга концерт бериш ҳақида маслаҳатлашиб олган эдик. Раҳматли Ҳожибой Тожибоевнинг сўнгги концертида ҳам меҳмон санъаткор сифатида қатнашгандим. Худо хоҳласа, келаси йил май ойида «Истиқлол» да жонли ижрода концерт тақдим этиш ниятим бор ва бу йўлда ҳаракатдаман.

— Бўлажак концертнинг моддий томонини ким кўтаради?

— Аваз Охун билан биргаликдаги концертимизнинг моддий томони асосан ташкилотчилар зиммасида. Мен ҳам қисман ҳисса қўшганман. Концертга сарфланадиган маблағнинг 15 фоизини мен қопласам, қолганини концерт ташкилотчилари ўз бўйнига олган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!