Ўзбек актёрларининг биринчи олган гонорарлари

19:46, 09 октябрь

Ўзбек киносида ўз ўрнига эга бўлган таниқли актёр ва каскадёрларнинг олган илк гонорарлари қанча бўлган.

Daryo.uz нашри улар ўртасида сўров ўтказиб, уларнинг илк гонорарлари миқдори қанча бўлгани билан қизиқди.

Актёр ва каскадёр Алихан

Биринчи гонораримни АҚШда, 2009—2010 йилларда суратга олинган «Twilight» (русча «Сумерки») фильмидаги иштироким учун олганман. Фильмдаги оммавий саҳнадан сал каттароқ ижроим учун кунига 250 доллар — уч кунда 750 доллар гонорар беришган.

Актёр Жавоҳир Зокиров

Илк олган гонорарим эсимда йўқ, аммо 1998 йилда суратга олинган «Бо Ба Бу» номли фильмдаги иштироким учун 1000 доллар олганман.

Актёр Йигитали Мамажонов

Илк олган гонорарим эсимда йўқ-ку, аммо институтнинг иккинчи курсида ўқиб юрган вақтимда роль ўйнаган дастлабки фильмларимдан бири — «Ёзсиз йил»даги (2012 йилда суратга олинган) ижроим учун 750—800 минг сўм атрофида гонорар олганман.

Актёр Акбархўжа Расулов

Кинодаги илк ролим учун қанча гонорар олганимни, тўғриси, эслай олмайман. Аммо 12 ёшимда «Келажак тонги» радиостудиясида суҳандон сифатида ишлаб, 244 сўм гонорар олганим ёдимда.

Актёр Миролим Қиличев

Биринчи — 150 минг сўмлик гонораримни хонанда Муродбек Қиличевнинг «Бахт тиларман» номли қўшиғига ишланган клипида суратга тушганим учун олганман. Бу ўша вақт учун яхшигина катта пул эди. «Уқубат» номли фильмда суратга тушганим учун 1,2 миллион сўм гонорар олганман.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!