Дональд Трампдан президентликдан номзодини олиб ташлаш талаб қилинди

10:19, 10 октябрь

АҚШнинг Миссури штатидаги Сент-Луис шаҳрида президентликка номзодлар Хиллари Клинтон ва Дональд Трамп сайлов баҳсларининг иккинчи раундини бошлади, деб хабар берди “Vesti.ru” нашри.

Бир вақтда саҳнада пайдо бўлган икки номзод илк музокарадаги каби қўл сиқиб кўришмади. Мазкур музокара республикачилар партияси томондан номзоди кўрсатилган Дональд Трамп атрофида рўй бераётган жанжаллар таъсирида бошланди.

Бунга бундан 11 йил илгари Трампнинг аёлларга нисбатан айтган ҳақоратомуз гаплари акс этган видео сабаб бўлди. Бу жанжалли видео сабаб у муваффақиятсизликка юз тутмоқда. Унинг иштирокида 2005 йилда суратга олинган видеоёзувда Трамп аёллар унга ҳар қандай жойидан ушлашга изн беришларини айтиб, аёлларни ҳақоратли сўзлар билан камситган.

Видео туфайли бир суткада Трамп 40 нафарга яқин машҳур республикачиларнинг қўллаб-қувватлашидан маҳрум бўлди. Партия тарихида бундай ҳодиса ҳали бўлмаган.

Республикачиларнинг юристлари номзодни ўрнига бошқа номзод излашга киришишди — бироқ сайловга бор йўғи бир ой қолган. Янги номзод қўйиш аввалгисининг ўз истаги билан бундан бош тортганида ёки унинг ўлимидан сўнг амалга оширилиши мумкин.

Республикачилардан уч нафар сенатор Трампдан президентлик пойгани тарк этишни сўради, бироқ Трамп кетиш нияти йўқлигини маълум қилди. Миллиардер бу ҳолат учун АҚШнинг барча аҳолисидан узр сўради.

Бундан ташқари президентликка номзодлар ички ва ташқи сиёсат, ноқонуний миграция, Суриядага вазият ҳақида ҳам сўз юритдилар. Асосий эътибор, Россиянинг демократик партия серверига хакерлик ҳужуми уюштираётганига қаратилди. Хиллари Клинтон Дональд Трампни Владимир Путин билан ҳамкорликда айблади. Дональд Трамп эса бу айбловларни бўйнига олмай, шундай деди: “ Менинг Россия билан ҳеч қандай алоқам йўқ, аммо Москва билан алоқаларни мустаҳкамласак, кўнгилдаги иш бўларди. Улар билан бирга “Ислом давлати” террорчилик гуруҳига қарши курашардик”. 

Ўтган ҳафта, жума куни АҚШ разведкаси Россиянинг хакерлик ҳужумлари ҳақида расмий тарзда маълумот берган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!