Фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда аёлларнинг сайловга тайёргарлик жараёнидаги иштироки таъминланмоқда

10:30, 10 октябрь

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Ферузахон Аҳмедова фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, хотин-қизларнинг сайловга тайёргарлик жараёнидаги иштироки юзасидан қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Маълумки, Марказий сайлов комиссиясининг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида округ сайлов комиссияларининг шахсий таркиби тасдиқланди, – дейди Ф.Аҳмедова. – Қонунчиликка мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси сайловга камида етмиш кун қолганда раис, раис ўринбосари, котиб ва камида комиссиянинг 6-8 аъзосидан иборат таркибда округ сайлов комиссияларини ташкил этади.

Бунда округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан жамоатчиликнинг обрўли вакиллари орасидан Марказий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 23 сентябрда сиёсий партиялар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишида биз тавсия қилинган номзодларни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича округ сайлов комиссияларининг шахсий таркибини тасдиқладик. Унга мувофиқ, халқимиз, жамоатчилигимиз ўртасида катта обрў ва эътиборга сазовор бўлган 154 нафар юртдошимиз округ сайлов комиссиялари аъзолигига тайинланди.

Таъкидлаш керакки, округ сайлов комиссияларининг ҳозирги таркиби аввалгилардан сифат жиҳатидан бирмунча фарқ қилади. Рўйхатга назар ташлаганимизда, энг аввало, аёллар, нодавлат нотижорат ташкилотлари етакчи ва фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари кўпчиликни ташкил этаётганига кўзимиз тушади.

Бу, менимча, табиий жараён. Чунки мустақиллик йилларида мамлакатимизда фуқаролик институтларининг жамият ва давлат бошқарувидаги ўрни ва аҳамиятини ошириш, давлат ва жамият қурилишида хотин-қизларнинг мақомини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиши самарасида уларнинг юртимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳамда социал-иқтисодий тараққиётни таъминлашдаги ҳиссаси тобора ортиб, кенг жамоатчиликнинг ишончи ҳамда ҳурматига сазовор бўлмоқда.

Шу боис Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат ҳокимияти вакиллик органларининг шу йил 20-21 сентябрь кунлари бўлиб ўтган сессиялари йиғилишлари якунига мувофиқ, айнан мазкур қатлам вакиллари жамоатчилик ўртасида катта ҳурматга эга бўлган одамлар сифатида кўрилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар сифатида тавсия этилди.

Биз округ сайлов комиссияларининг шахсий таркибини ўрганиб чиққанимизда бунга яна бир бор амин бўлдик. Чунончи, округ сайлов комиссиялари аъзоларининг 23,4 фоизини ННТ етакчи ва фаолларидан иборат. Ҳар иккинчи округ сайлов комиссиясининг раиси, тўрттасида раис ўринбосари, олтитасида котиб лавозимларига ННТ вакиллари тайинлангани диққатга сазовор.

Округ сайлов комиссиялари аъзоларининг саккиз нафари оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳисобланади. Хусусан, Самарқанд округ сайлов комиссияси раиси Ф.Тошев “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, Фарғона округ сайлов комиссияси раиси Н.Собиров “Фарғона ҳақиқати” ва “Ферганская правда” газеталари бош муҳаррири лавозимида фаолият кўрсатиб келади.

Айни вақтда округ сайлов комиссиялари аъзоларининг 36,8 фоизини опа-сингилларимиз ташкил этаётганига ҳам алоҳида урғу беришни истардим. Уларнинг 12 нафари комиссияларда раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмоқда.

Аввалги сайловлар билан таққослаганда, бу борада ҳам ижобий ўзгаришлар юз берган. Жумладан, 2015 йилда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида округ сайлов комиссияларининг 15 фоизи, 2014 йилда ўтказилган парламент сайловида эса комиссия аъзоларининг атиги 8 фоизини аёллар ташкил этган.

– Бугунги кунда мамлакатимиз ҳамда хорижда 9376 сайлов участкаси тузилди. Участка сайлов комиссияларининг таркиби қачон шакллантирилади?

– Тез кунда. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасига мувофиқ, округ сайлов комиссиялари сайловга камида қирқ кун қолганда 5-19 аъзо, жумладан, раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда участка сайлов комиссияларини тузишлари зарур.

Шу ўринда мамлакатимизда участка сайлов комиссияларини тузишда уларнинг мустақиллиги ҳамда холислигини таъминлашга қаратилган демократик тартиб шакллантирилганини алоҳида таъкидлашни истардим.

Чунки, биринчидан, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасига кўра, сайлов ҳуқуқига эга, бирон бир сиёсий партиянинг аъзоси бўлмаган, депутатликка номзод ёки унинг ишончли вакили этиб кўрсатилмаган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайлов комиссияларининг аъзоси бўлишлари мумкинлиги белгиланган.

Иккинчидан, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича участка сайлов комиссияларининг аъзолигига номзодларни тегишли округ сайлов комиссияларига тақдим этади.

Учинчидан, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 181-моддасига кўра, участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ва тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади. Округ ва участка сайлов комиссияларининг аъзолари жамоатчиликнинг обрўли вакиллари орасидан тасдиқланади.

Мамлакатимиз қонунчилигида белгиланган ушбу меъёрлар участка сайлов комиссияларини шакллантиришнинг барча босқичларида фуқароларнинг билвосита иштирокини, барча сиёсий партиялар ҳамда кенг жамоатчилик манфаатлари акс этишини таъминлашга хизмат қилади.

Сайлов комиссиялари фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун маъмурий жавобгарликнинг белгилангани уларнинг мустақиллигини белгилаб берадиган муҳим омил ҳисобланади. Бу уларга ташқи таъсирлардан холи равишда фаолият кўрсатиш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш бўйича янада самарадор иш юритиши имконини берадики, менинг фикримча, адолат ва демократия тамойилларига амал қилинган ҳолда ўтказиладиган сайловларнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Сайловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш, уларнинг сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказиш юзасидан хабардорлигини ошириш мақсадида маҳаллий матбуотда сайлов комиссиялари рўйхати манзили ҳамда алоқа телефонлари кўрсатилган ҳолда чоп этилаётганини таъкидламоқчиман. Сайлов участкаларида она ва бола хонаси, тиббиёт пункти фаолият кўрсатади. Участка биноси зарур мебель, оргтехника, шунингдек, даврий нашрлар билан таъминланади.

Беҳзод БОЗОРОВ
суҳбатлашди

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!