«Қайнонам мени яна кўчага ҳайдаб солса... », «Онам ва укам уйга даъво қилишлари мумкинми?» саволларига мутахассис жавоблари

11:06, 10 октябрь

Мурожаатларингизга адвокат Нафиса ИБРАГИМОВА жавоб беради. Эслатиб ўтамиз, мутахассис изоҳи тавсиявий характерга эга. 

«АВВАЛ ҲАДЯ ҚИЛДИ, СЎНГ ҲАЙДАДИ...»,

— Биринчи турмушим бўлмади. Иккинчи бор оила қуриб бахтимни топдим, деб ўйлагандим. Эрим менга уй ҳадя қилганди. Энди эса биринчи оиласи билан ярашиб олиб, уларни уй рўйхатига киритмоқчи. Алам қилаётгани мени уйдан ҳайдаб чиқарди. Ҳозир ижарадаман. Мени бу уйда бирор ҳуқуқим борми?

Дилфуза Бегманова, Фарғона шаҳри

 

— Ҳадя шартномаси давлат нотариал идораси томонидан расмийлаштирилган бўлса, бу уйнинг мулкдори сиз ҳисобланасиз. Эрингиз рўйхатда бўлган ҳолатда эса шартнома асосида фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Ҳадя шартномасига кўра сиз уйнинг мулкдори ҳисоблаганингиз боис, турар-жойга бошқаларни рўйхатга қўйиш учун, албатта, розилигингиз талаб этилади. Мулкдор сифатида ушбу уйга киритишни,  рўйхатсиз яшаётган шахсларни уйдан кўчиришни сўраб судга мурожаат этишингиз мумкин.

 

«ҚАЙНОТАМ ҲОВЛИНИ ИККИГА БЎЛДИ...»

— Биз яшаб келаётган уй қайнотамнинг номида. Яқинда у киши уйни иккига бўлиб, бизга 11 сотих, қайнсинглимга 12 сотих ер ажратди.  У киши қизига ажратилган қисмни унинг номига ўтказиб берибди. Уй «прописка»сида бўлганларнинг розиликларисиз ҳам шундай қилиниши мумкинми?

Исми сир тутилди

— Турар-жой уй мулкдори томонидан тўлалигича тасарруф этилганида унда доимий рўйхатда турувчи оила аъзоларининг фойдалданиш ҳуқуқлари бузилмаслиги учун уларнинг розиликлари талаб этилади. Саволингиз мазмунидан уй мулкдори,  яъни қайнотангиз ўзига тегишли уйнинг бир қисминигина тасарруф (бўлиб берган) этган. Мазкур  ҳолатда уйда яшовчиларнинг фойдаланиш ҳуқуқи бузилмаган.

 

«МЕРОСХЎРЛАР КЎПАЙСА...»

— Кўп йиллар муқаддам отамизга уй берилган. Онам ва укам шу уй «прописка»сига киритилган. Отамнинг бошқа оиласидан яна олти нафар фарзанди бор. Мерос масаласи кўтарилганида онам ва укам уйга даъво қилишлари мумкинми?

Исми сир тутилди

— Мерос очилганида, яъни отангиз вафот этган кун ҳолатига кўра ,онангиз билан ўрталарида никоҳ бекор қилинмаган бўлса, отангизнинг олдинги турмушидаги фарзандлари билан тенг баравар онангиз ва унинг кейинги турмушидаги барча фарзандлари меросхўр ҳисобланади.

 

«ҚАЙНОНАМДАН ҲАР НАРСА КУТИШ МУМКИН!»

— Айрим сабабларга кўра қайнонам уйдан ҳайдаб юборди. Уйга киритиш даъвоси билан судга мурожаат қилдим. Суд қарори билан март ойида уйга киритишар экан. Бироқ бир нарсадан ҳавотирдаман. Турар жойдан менга хона ажратишса-ю, ишга кетганимда қайнонам уни қулфлаб қўйса-чи? Ёки мени яна кўчага ҳайдаб солса нима қиламан?

Зарина, Тошкент шаҳри

— Суд қарори бўла туриб, ижросининг амалга оширилишига тўсқинлик қилинса, уй мулкдори сизни уйга киритмаса ушбу ҳолат тўғрисида ижро бўлинмасига қайта мурожаат этасиз. Шикоятингизга кўра, суд қарори ижроси ижрочилар томонидан таъминланади.

 

«АЖРАШАМАН. ФАМИЛИЯМНИ ҲАМ ЎЗГАРТИРАМАН!»

— Турмушим бўлмай ажрашаяпмиз. Айни дам паспортимни янгилаш ҳаракатидаман. Ҳужжатни янгисига алиштиришда оилавий ҳолатни кўрсатиш шартми? Никоҳ қонуний бекор бўлмасидан қизлик фамилиямга ўтишим ва паспортда эримнинг исм-шарифини кўрсатмасам ҳам бўладими? Яна бир мурожаатим бор, ҳозир ҳомиладорман. Фарзандим туғилгач, уни ўзимнинг номимга ололаманми?

«SMS» орқали келган савол

— Саволингиз мазмунидан бугунги кунда эрингизнинг фамилиясидасиз. Ушбу насабни ўзгартиришда никоҳдан ажратиш тўғрисидаги қарор асос ҳисобланади. Янги туғилган болага насабни белгилаш эса ота-онанинг ҳуқуқи ҳисобланиб, бунга кўра фарзандингизга ўзингиз ёки эрингизнинг фамилияси берилишидан қатъи назар туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг отаси графасида боланинг қонуний отаси қайд этилади.

 

Дилдора ЮСУФБЕКОВА тайёрлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!