Эрингизнинг кўнгил қулфини очолганмисиз?

11:21, 10 октябрь

Ҳеч бир эркак, ҳатто донишманду файласуфлари ҳам аёлни тушунмаганлари каби биз — аёллар ҳам эркакларнинг хатти-ҳаракати ва мантиғини англашга ожизлик қиламиз. Жаҳлимиз чиққан вақтда «Эркакларнинг барчаси бир хил» деб айтиш эса одатий гапга айланиб қолган десак, ёлғон бўлмайди. Кучли жинс вакилларининг юрагига йўл ошқозондан ўтган эканлиги, феъли торлиги ҳақида билсак-да, кўпинча бу билимлар турмуш ўртоғимизнинг қалб қулфини очиш учун озлик қилишини тан олмай иложимиз йўқ. Хўш, жуфти ҳалолингизнинг кўнглини қандай қилиб забт этишингиз мумкин?! Қуйидаги тестни ечиб, баъзи саволларингизга жавоб топишингиз мумкин.

 

1. Эрингиз билан ўртангиздаги муносабатларни жиддий кўриб чиқишни истайсизми?

А. «Ҳа, албатта!» — 1 балл

Б. «Йўқ. Назаримда, ўртамизда ҳаммаси жойида» — 0 балл

В. «Фойдаси бўлмаслиги аниқ!» — 1 балл

 

2. Турмуш ўртоғингиз билан турли хил мавзу юзасидан суҳбат қуришингиз мумкинми? Ҳатто, ётоқхона билан боғлиқ савол бера оласизми?

А. «Ҳа, бемалол. Бизнинг ўртамизда чегара йўқ!» — 0 балл.

Б. «Ҳа, лекин ҳар доим эмас» — 2 балл.

В. «Бу тўғрисида гап бўлиши ҳам мумкин эмас» — 1 балл.

 

3. Жуфти ҳалолингиз ўзини ўйлантираётган масалаларни кўпинча сиздан яширади, деб ўйлайсизми?

А. «Ўз фикрини айтмаганига яраша, меникини ҳам тинглашни истамайди» — 1 балл.

Б. «Бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман» — 2 балл.

В. «Уни ўйлантираётган нарсалардан доим хабарим бўлади» — 0 балл.

 

4. Истаган вақтингизда турмуш ўртоғингиз билан жиддий масалаларни муҳокама қилишингиз мумкинми?

А. «Ҳа, оиламиз учун муҳим бўлган ҳар бир қарорни биргаликда қабул қиламиз» — 1 балл.

Б. «Ҳар доим ҳам эмас, эримнинг кайфиятига қараб иш тутаман» — 1 балл.

В. «Кўпинча йўқ, бундай ишларга унинг вақти ва хоҳиши бўлмайди» — 2 балл.

 

5. Гапираётганингизда сўзлашиш оҳангингизга аҳамият берасизми?

А. «Ҳа, хато қилмасликка ҳаракат қиламан» — 1 балл.

Б. «Йўқ, бу эътибор беришга арзимайдиган ҳолат-ку!» — 2 балл.

В. «Ўзимнинг ҳам, унинг ҳам қандай оҳангда гапираётганига аҳамият бераман. Бу орқали кўп нарсани билиб олиш мумкин» — 0 балл.

 

6. Ўзингиз ёки фарзандларингиз билан боғлиқ муаммоларни турмуш ўртоғингизга айтаётганингизда уни қийнаб қўймасмиканман, деб ўйлайсизми? 

А. «Албатта, эримнинг асаби беҳуда бузилишини истамайман» — 2 балл.

Б. «Очиғи, турмуш ўртоғимни бизнинг муаммолар кўп ҳам қизиқтиравермайди. Унинг бошқа жиддийроқ ишлари кўп» — 1 балл.

В. «Йўқ» — 0 балл.

 

7. Шахсий масалаларда у билан маслаҳатлашмай, кенгашмай қарор қабул қилишга журъатингиз етадими?

А. «Ҳа, ҳамма гапни эримга айтаверишим шарт деб ҳисобламайман» — 2 балл.

Б. «Барча масалаларни бирга муҳокама қиламиз. Лекин ҳар ким ўзи қарор қабул қилишига имконият берамиз» — 1 балл.

В. «Оиламиз билан боғлиқ ҳар қандай масалани бирга ҳал этамиз, қарорларни ҳам кенгашиб қабул қилишга одатланганмиз» — 0 балл.

 

8. Оилавий ёки шахсий муаммоларингизни кўпроқ дугоналарингиз билан бўлишишни ёқтирасизми? Эрингиз сизни тушуниши, қўллаб-қувватлашига ишонмайсизми?

А. «Баъзида эримдан кўра дугоналаримдан жўяли маслаҳат оламан. Эримга айрим галарни айтишга ор қиламан» — 1 балл.

Б. «Фақат эрим билан маслаҳатлашаман. Ундан яқинроқ, мени тушунадиган ва ҳимоялайдиган инсоним йўқ» — 0 балл.

В. «Дугоналарим мени кўпроқ тушунади. Эр хотинига ҳеч қачон дўст бўлмайди» — 1 балл.

 

9. Эрингиз билан аразлашиб қолдингиз дейлик. Ярашув томон биринчи қадамни босишга қарор қилсангиз, қайси ишни қилган бўлардингиз?

А. «Айб мендан ўтган бўлса ҳам, ҳеч қачон ялинмайман. Гаплашмасдан ойлаб юрган вақтларимиз ҳам бўлган» — 1 балл.

Б. «Мен эримдан кечирим сўрамагунимгача, у ҳеч қачон ярашмайди» — 1 балл.

В. «Бизда ким биринчи ярашар экан деган гап умуман бўлмайди, бир соат ўтар-ўтмас гаплашиб кетаверамиз» — 0 балл.

 

10. У билан гаплашаётганингизда бошқа нарсалар ҳақида ўйлайсизми?

А. «Баъзан шундай бўлиб туради» — 2 балл.

Б. «Йўқ, диққат билан тинглайман» — 0 балл.

В. «Хаёлим қочса, дарҳол эътиборимни унинг гапларига қаратаман» — 1 балл.

 

11. Бирор келишмовчилик юзасидан баҳслашаётганингизда авваламбор ўз фикрингизни билдиришга ҳаракат қиласизими?

А. «Албатта, сўзимни тугатгач, эрим гапириши мумкин» — 2 балл.

Б. «Унинг гапларини эшитишга ҳаракат қиламан» — 0 балл.

В. «Иккаламиз ҳам фикримизни гапириб олишимиз керак, деб ўйлайман» — 1 балл.

 

12. Жуфтингизни сиздан кўнгли тўқлигига ишонасизми?

А. «Ҳа, негаки, унинг айтганларини, хоҳишини сўзсиз бажараман» — 0 балл.

Б. «Ҳеч кимнинг юрагини бутунлай забт этиб бўлмайди, ундан кейин мен ҳам фаришта эмасман» — 2 балл.

В. «Кўнгли тўқдирки, мен билан яшаб юрибди» — 1 балл.

 

Йўриқнома

Ўз балларингизни ҳисоб-китоб қилиб, натижа билан танишиб чиқинг.

 

10 баллгача

Сиз турмуш ўртоғингизни кўнглига аллақачон йўл топа олган аёлсиз. Бир-бирингизни сўзсиз тушунасиз десак, асло муболаға санаманг. Муҳими, иккинчи томонни диққат билан тинглашни биласиз. Бунда нафақат сизнинг, балки эрингизнинг ҳам ҳиссаси катта. У оилапарвар инсон, сизни ҳурмат қилади. Унинг ҳурматини оқлашда давом этинг.

 

11 баллдан 22 баллгача

Сиз ҳамон эрингизни феълини ўрганаётган аёлсиз. Баъзан бу ишни охирига етказишга сабрингиз етмай қолади. Эрингиз сиздан кўп нарса талаб қилмайди, шунчаки, икки оғиз ширин гап ва эътибор у учун етарли. Жуфтингиз камгаплигини сиз суҳбатлашишни истамаяптми деб тушунманг. Фақатгина унинг кайфияти билан ҳисоблашинг. Шунда у сиз учун дилкаш суҳбатдошга айланади.

 

23 баллдан 32 баллгача

Эрингизни феълидан кўра сизники тезроқ. Муросаю мадора деган нарсалар борлиги ёдингиздами, ахир? Аёл киши эркакдан бир поғона пастда бўлсагина, оиласи тинчлик ва мустаҳкамликка эришади. Турмуш ўртоғингиз сиздан кўп нарса талаб қилмайди, унинг ҳурматини жойига қўйинг. Кичик масалаларда ҳам у билан маслаҳатлашинг. Акс ҳолда оилангиздан ишонч ва самимият аста-секинлик билан йўқолиб боради.

ДИЛНОЗА тайёрлади.  

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!



Гость 05:46, 11 октябрь
рахмат мазза килдимм