«Рафиқамга ўхшайди, бироқ...»

15:05, 10 октябрь

— Олти ой илгари автоҳалокат туфайли рафиқам дунёдан кўз юмди. Ўзим ҳам шифохонага тушиб қолдим. Буларнинг бари худди тушда кечаётгандек гўё. Ахир хотинимни еру кўкка ишонмай севардим. Мени бу дунёда ушлаб турган ягона тасаллим ҳам, овунчоғим – қизим. Даволанаётганимда эса бир аёл билан танишиб қолдим. Унинг ҳам эри касаллик туфайли оламдан ўтган, қўлида икки гўдаги билан ёлғиз қолган экан. Тўғриси, туйғуларимга тушунолмай қолдим. У билан тез-тез гаплашиб турганимиз, дардимиз бир бўлгани, балки иккимиз ҳам бир вилоятда улғайиб, пойтахда ишлаганимиз учунми, кўнглимда илиқлик бор. Эҳтимол раҳматлик рафиқамга ўхшаб кетгани учун қандайдир туйғуларни ҳис этаётгандирман, билолмаяпман. Бир-биримизни яқиндан билишимиз учун бироз вақт керак. Лекин уни ўзимга ўргатиб қўйиб, туйғуларим сароб бўлиб чиқса, ҳеч нарса бўлмагандек юролмайман-ку! Шундоқ ҳам ташвиши ўзига етгулик, кўнгли ярим аёлга беҳуда умид бериб, афсусланиб юришни ҳам истамайман. Хотинимга ўхшаб кетса-да, унинг ўрнини боса олмаслигини тушуниб турибман. Шу сабабли ҳам иккиланиб қолдим. Устига-устак, у мендан бироз катта. Маслаҳат беринг, унга уйланайми? Ҳали аёлимнинг йили ҳам ўтгани йўқ.

Умид, 32 ёш, Навоий вилояти. 

Қайнонажон: — Кўнгил деганлари шу бўлса керак, ўғлим. Унга қулоқ солинг, ҳеч қачон алданмайсиз. Сиз ақл билан иш кўрадиган ёшдасиз, бебошлик даврингиз ўтиб кетган. Қолаверса, яхши кўрган хотинингиздан жудолик хам анча улғайтириб қўйган. "Хотинимнинг ўрнини босолмайди" деганингизда сизга раҳмат айтгим келди. Аёлини қадрлаган инсондан ёмонлик чиқмайди. Тақдир экан, начора. Ҳаёт ўз  измида давом этаверади. Фарзандингиз бор, қувончингиз, аёлингиздан ёдгорингиз. Уни тарбиялаш биринчи галдаги вазифа сиз учун! Сиз танлайдиган аёл қизалоғингизга оналик қила олсин. Юрагингиздаги дардингизни ҳар кун бир янгиламасиги, аксинча ҳамдард бўлиши керак, менимча. Унинг ҳам бошига шундай савдо тушган экан, балки тушунар. Бир-бирингизни синаб кўринглар, гарчи ҳаёт қаттиқ синовдан ўтказган бўлса-да, ярим кўнгилнинг ортиқча гап кўтариши қийин. Алам кўрган қалбнинг яраланиши осон. Ёш масаласига келсак, бу асосийси эмас, деб ўйлайман. Турмушнинг иши қийин, унга бировнинг аралашуви, маслаҳат бериши душвор аслида. Бироқ мурожаат қилган экансиз, бурчимизни адо этиб сизга қўнгилдан маслаҳат бердик. Танлов ўзингизнинг қўлингизда... Сизга бахт, омад ва сабр тилаб қоламиз.

Шаҳноза ҳалилова, руҳшунос: — Сўзларингиздан ичингизда қўрқув яширинганлигини тушуниш мумкин. Сиз нафақат ўша аёлга, балки ўзингизга ҳам умид беришдан қўрқаяпсиз. Чунки инсон яқин кишисини йўқотар экан иккинчи бор бу ҳолатга тушмаслиги кафолатланишини истайди. Назаримда, асабларингиз тинчланишига ҳам бироз вақт керакдек. Бунинг устига, янги муносабат бошлаш учун эскисини қўйиб юбориш, тақдирга рози бўлиш лозим. “Агар рафиқам бўлганида эди...” деган фикрлар хаёлингизни банд қилаверса, бир қарорга келишга шошилманг. Бу аёл рафиқангизга ўхшашини айтганингизда, унинг сиймосида турмуш ўртоғингизни излаяпсиз, деган тасаввур уйғонди менда. Бироқ вақт ўтиб, ҳар иккиси бошқа-бошқа инсон эканини тушунганингизда, ҳафсалангиз пир бўлиши мумкин. Бундай вазиятда муносабатларни давом эттириш жуда мураккаб. Маслаҳатим, мутахассис билан туйғуларингиз устида ишланг, қўрқувларингиздан халос бўлганингиздан кейингина янги муносабатлар ҳақида ўйлайсиз. Балки ўша аёл ҳам сиздан эрини излаётгандир… Нима бўлганда ҳам шошилмаганингиз маъқул.

Саодат ОЧИЛОВА ёзиб олди. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!