Чимилдиқдан қўрқадиган келинларга 7 маслаҳат

16:26, 10 октябрь

— Минг истиҳола билан ёзаяпман. Бу нозик масалани ким билан муҳокама қилишни, кимдан жўяли маслаҳат сўрашни билмай бошим қотди. Охири сизларга мурожаат қилишга аҳд қилдим. Ёшим 25да. Турмушга чиққанимга икки йил бўляпти. Аммо шу вақтга қадар турмуш ўртоғим билан ўртамизда жинсий яқинлик юз бермади. Буни қарангки, иккимиз ҳам бу борада жуда саводсиз эканмиз. Очиғи, эрим вазиятни тузатишга кўп бора ҳаракат қилди. Лекин жуфтим менга яқинлашиши билан титрашни бошлайман, қўрқаман, ваҳима босади... Худди ҳозир ўлиб қоладигандекман... Опам билан маслаҳатлашиб, турли хил табибларга бориб кўрдим. Бироқ фойдаси бўлмади. Мени ҳеч ким тушунмаяпти, ҳатто эрим ҳам... ёрдамингизга муҳтожман!

Азиз муштарий! Таҳририятимизга йўлланган ҳар бир мактуб биз учун газетамизга бўлган эътиборингиз ва ишончингиз далолатидир. Саволга жавоб истаётганингиз ва масаланинг ечимини ахтараётганингизни гапларингиздан сезиб турибмиз. Бугунги мавзу гарчи нозик бўлса-да, унга парда ортидан назар ташлашимиз, балки сиз сабаб бошқаларга ҳам сабоқ бўлар. Шу сабаб «Сирлашув» саҳифамиз орқали чимилдиққа киришга ҳадиккан келинчакларга маслаҳат берамиз. 

Мутахассис: руҳшунос — Гўзал РЎЗМАТОВА

Ҳамманинг гапи чин бўлавермайди

Бу каби ҳолатлар турмушга чиқаётган қизни никоҳ кечасига нотўғри тайёрлашнинг салбий оқибатларидан бири деса бўлади. Одатимизга кўра, келинни никоҳ кечасига янгалари тайёрлайди. Уларнинг гапини, албатта, инобатга олинг. Аммо атрофингиздаги инсонлар, дугоналарингизни ҳар бир айтган гапига чин деб қарайверманг. Бу жараён ҳақида турли салбий фикрларни эшитиб, кўп қон кетиши ёки кучли оғриқдан қўрқиш сизни қийнаши табиий. Аммо оддийгина шамоллашни ҳар ким турлича ўтказгани каби, илк қовушиш онлари ҳам ҳаммада ҳар хил кечади. Бунда икки ёш ҳам масалага эҳтиёткорлик ва эътибор билан ёндашиши лозим.

Жуфтингизга ишонинг!

Қаршингиздаги йигитни тўйдан аввал севмаган бўлсангиз ҳам, уни кўриб, билиб, тўйга розилик билдиргансиз. Тўйнинг дабдабали томошаси 4 соат давом этади холос, олдинда сизни пасту баландликлар, сўқмоқларга тўла оилавий ҳаёт йўли кутмоқда. Буни сизга тушунтириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Ахир никоҳга розилик билдиришдан аввал бу инсон фарзандларингиз отаси, сизнинг эса тоғдек суянчиғингиз бўлишини бир он бўлса-да тасаввур қилгансиз. Унга келажагингизни ишониб топширган экансиз, нега энди бу борада иккиланасиз?! У онаси кўрсатган, танишлари тавсия қилган гўзаллар орасидан айнан сизни ёри деб билди, авлодининг давомини фақат сизга ишонди, оиласини гуллаб-яшнатишингизни истади! Шунинг ўзи сизга етарли эмасми?!

Чўчиманг, ҳаммаси яхши бўлади!

Жуфтлик ўртасида муҳаббат ришталари бўлиши жуда муҳим ва шарт! Куёвингиздан чўчиманг, уни «яқин инсоним» деб қабул қилинг. Баъзи ҳолларда келиннинг куёвни ёнига яқинлаштирмаслиги вагинизм касаллиги оқибатида ҳам бўлади. Бу каби муаммога дуч келган жуфтликларга, аввало, келинни гинеколог кўригига олиб бориш, ундан кейин эса сексапотолог қабулига бориш тавсия этилади. Вазият ижобий томонга ҳал бўлиши учун масалага беэътибор бўлманг. Ёдда тутинг, вақтни чўзиб юришингиз жинсий яқинлик рўй беришини янада қийинлаштиради. Эр-хотин ўртасида совуқчилик, тушунмовчилик пайдо бўлиши мумкин, бу эса муаммони чигаллаштиради. Табибу азайимхонларга  қатнагандан кўра, малакали мутахассисдан ёрдам сўранг.  

Қарс икки қўлдан чиқади

Турли майда гап-сўз, янги муҳитга кўникиш, қайнона-қайнотанинг хизмати, уялиб овқатлана олмаслик, қимтиниб юриш келинни кучли руҳий стресс ҳолатига тушириши мумкин. Ишонинг, бу вақтинчалик ҳолат. Келин шу уйнинг қозонида қайнай бошлаши билан ҳаммаси ўтиб кетади. Бунинг учун эса куёвдан фақат вақт, сабр ва эътибор талаб қилинади. Келин ҳам ўз навбатида жуфтининг кўксидан итармай, уни ўзига ҳаммадан кўра яқин билиши лозим. Қўрқув кетиб, истак уйғониши учун балки романтик фильм ёки шунга ўхшаш муҳит яратилиши керакдир. Ўйлаб кўринг.

Бахтли ҳаёт томон чиптани бой берманг

Ётоқхонада қафасга тушган қушдек чўчиб туриш куёвдан уялганлик белгисидир. Лекин бу ийманиш ҳаётингизни заҳарга айлантиришига йўл қўйманг! Ҳамма нарсани ўз чек-чегараси бор! Наинки биринчи никоҳ кечаси, балки бир умрлик ҳаётингиз айнан илк маротаба қилган ҳатти-ҳаракатларингиз билан белгиланишини биласизми? Ўзингизни бўш қўйинг. Қаршингизда барча истагингизни муҳайё қилишга шай турган эрингизнинг раъйини қайтарманг! Руҳшуносларнинг таъкидлашича, оиланинг бахти  эр-хотин ўртасидаги нозик муносабатларга боғлиқ. Сиз ҳам бахтлилар сафида бўлишни истамайсизми? Нега унда «қўлимдан келмайди, қўрқаман» деб нолийсиз?!

Аёллик, оналик насиб қилсин!

Онангизга бир қаранг! Қандай бахтли аёл! У икки-учта фарзанднинг онаси, отангиз ардоғидаги ожиза... Ёки қайнонангизни олайлик... Атрофида ўғиллари, келинлари парвона! Қайнотангиз билан дастурхон бошида катта уйнинг бекаси бўлиб ўтиради. Қаттиққўл қайнотангиз ҳам унинг ҳар бир гапини инобатга олади. Сиз ҳам улар каби бўлишни хоҳламайсизми? Она бўлишни, аёллик бахтини тўлиқ ҳис қилишни ўзингизга раво кўрмайсизми? Агар хотинлик вазифалари шу қадар даҳшатли бўлганида эди, кўзининг қорачиғидек асраб-авайлаган ота-онангиз сизни турмушга бермаган бўларди.

Ҳаётингиз ўз қўлингизда!

Сизни қўрқитиш ёки чўчитишдан йироқмиз. Аммо бу гапни айтмасак бўлмайди! Сизни ягона ёри деб билган жуфтингизни яқинлик қилиш фикридан қайтиб қолишига йўл қўйманг! Рафиқаси билан кўнгилдагидек турмуш кечириб туриб ҳам хиёнат кўчасига кирган эркаклар қанча. Ўзини синаб кўриш мақсадида эрингиз ҳам шундай йўл тутмайди, деб ким кафолат беради? Уни кейин ортига қайтаролсизми? Нима билан?! Яхшиси, вазиятни ҳозирдан тузатинг. Сўнгги пушаймон ўзингизга душман бўлмасин!

 Зилола Убайдуллаева тайёрлади. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!