Самвел Бабаян: Бизнинг ҳар бир ўйиндаги мақсадимиз битта – ғалаба қозониш

22:14, 10 октябрь

Жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичи доирасидаги Ўзбекистон ва Хитой учрашувидан олдинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Самвел Бабаян иштирок этиб, ўйин олди фикрлари билан ўртоқлашди, деб хабар бермоқда ЎФФ матбуот хизмати. 

“Эртага муҳим ўйин бўлади. Хитойни етарли даражада ўрганиб чиқдик. Таркибида ажойиб футболчиларга эга жамоа. Хитой Суперлигасида ҳам юлдузлар ўйнамоқда ва чемпионати ҳам анча кучайиб бормоқда. Бу ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик. Эртага энг яхши ўйинимизни кўрсатиб ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.

“Рашидов, Тўхтахўжаев ва Сергеев? Уларнинг барчаси ҳам ўз ишининг устаси. Улар терма жамоада ўйнашга ҳақли эканликларини исботлаб бўлишган. Уларда хато ва камчиликлар бўлаётгани рост, лекин бу билан уларнинг олдинги қилган ишларини унутиш тўғри эмас”.

“Терма жамоада ҳар доим ҳам янги нарсаларни ўргатиб бўлмайди. Сабаби терма жамоалар учун жуда кам вақт ажратилади. Биласизми, дастлабки учта ўйинда биз тўлиқ оптимал таркибда ўйнай олмадик. Агар энг кучлиларни тушира олганимизда ҳақиқий кучимизни кўрардинглар. Ҳар сафар кимдадир қандайдир муаммо пайдо бўлаверди”.

“Бизнинг ҳар бир ўйиндаги мақсадимиз битта: Ғалаба қозониш. Эртага ҳам бу мақсадимиз ўзгармайди. Бу босқичдаги ҳар бир жамоа ғалаба учун майдонга тушишади. Хитой тезкор, яхши ташкил этилган, техник томонлама кучли футболчиларга эга. Жуда агрессив футбол кўрсатишади”, дейди Самвел Бабаян.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!