Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари Тошкентга ташриф буюришди

09:36, 11 октябрь

2016 йилнинг 11 октябрь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайлов департаменти раҳбари Александр Шлик бошчилигидаги Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари Тошкентга ташриф буюришди.

Маълумки, 2016 йилнинг 17 сентябрь куни Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали шу йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кузатувида иштирок этиш учун ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросига таклифнома юборди.

Амалиётга кўра, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайловолди жараёни ва сайловга тайёргарликнинг боришини баҳолаш, миллий сайлов қонунчилигининг умумэътироф этилган халқаро стандартларга уйғунлиги таҳлили натижалари бўйича сайловларни кузатишнинг мақсадга мувофиқлиги, унинг шакли, муддати ва кузатувчилар сони тўғрисида қарор қабул қилади. 

Эҳтиёжларни баҳолаш деб аталмиш миссия сайловлар арафасида, қоидага кўра, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайлов департаменти мутахассислари томонидан икки-уч кун давомида амалга оширилади. Унда Бюро томонидан 2010 йилда чоп этилган сайловларни кузатиш бўйича қўлланмада белгиланган услубларга мувофиқ иш тутилади. 

Бу гал Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Эҳтиёжларни баҳолаш миссиясини Бюронинг сайлов департаменти бошлиғи Александр Шлик (Беларусь) ва департамент маслаҳатчиси Ульви Ахундлу (Озарбойжон)дан иборат таркибда шу йилнинг 11-14 октябрь кунлари юборишга қарор қилди.

Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси ташрифи доирасида Ташқи ишлар вазирлигида, Марказий сайлов комиссиясида, Олий судда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида, Адлия вазирлигида, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказда, Миллий телерадиокомпанияда, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида, шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, сиёсий партиялар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилган.

Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси учрашувлар якуни бўйича ўз хулосасини тайёрлаб, унда сайловнинг самарали, ҳаққоний ва профессионал кузатувини амалга ошириш учун шароит яратилгани, сиёсий плюрализм, шаффофлик қарор топгани, сайлов жараёни жамиятнинг ишончини қозонгани, шунингдек, Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг аввалги сайловларни кузатиш юзасидан берилган тавсиялари бажарилгани сингари мезонлар ўз аксини топади.

Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси Ўзбекистон Республикасида 2004, 2009 ва 2014 йилларда ҳам фаолият олиб борган. Ўтган йилларда Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси хулосалари асосида Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш учун 15-18 та ЕХҲТ иштирокчи-мамлакатидан 25 кишидан кўп бўлмаган таркибдаги сайловларни кузатиш бўйича чекланган миссиясини юборган. 

Эслатиб ўтамиз, ҳозиргача ШҲТ, ИҲТ, МДҲ Ижроқўми, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси сингари нуфузли халқаро ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатишда иштирок этишга тайёрлигини маълум қилган. 

Сайловда кўп сонли халқаро кузатувчиларнинг иштирок этиши сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга, нуфузини оширишга ҳамда демократик сайловларни ўтказиш масалалари бўйича тажриба ва ахборот алмашишга хизмат қилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!