БМТ бош котиби XXI асрда ўлим жазосига ўрин йўқлигини билдирди

10:04, 11 октябрь

БМТ бош котиби Пан Ги Мун дунёнинг 65 та мамлакатида террорчилик ҳаракатларини содир этган жиноятчиларга нисбатан қўлланаётган ўлим жазосига қарши чиқди, деб хабар берди “Тengrinews.kz” нашри. 

Бунга халқаро ўлим жазосига қарши кураш куни сабаб бўлди. БМТ бош котибининг сўзларига қараганда, террорчилик туфайли судланган жиноятчиларни ҳарбий ва махсус судлар шошилинч равишда суд қилиб, адолатсизлик билан ҳукм чиқармоқда. “XXI асрда ўлим жазосига ўрин йўқ. Терроризмга қарши курашда хавфсизликни таъминлаш бўйича ўтказиладиган барча чора-тадбирлар инсон ҳуқуқларига ва қонун устиворлигига асосланиши керак”, деди Пан Ги Мун ўз нутқида.

У одамларнинг ўлим жазоси билан терроризмга қарши курашиш мумкин, деган фикрига қўшилмади. Пан Ги Муннинг таъкидлашича, террорчиларни қатл этиш унинг издошларига ташвиқот мақсадида хизмат қилиши мумкин. 

БМТ бош котиби ҳаммани ҳар қандай шароитда, ҳар қандай жойда ўлим жазосини бекор қилишга чақирди. 

2015 йил якунига кўра 1634 нафар судланувчига нисбатан ўлим жазоси қўлланган. Бу сўнгги 27 йил ичидаги энг юқори кўрсаткичдир. 89 % ўлим жазоси Эрон, Покистон ва Саудия Арабистонига тўғри келади. Бу рўйхатга аниқ маълумотларни яширгани учун Хитой киритилмаган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!