Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари ҳимояси кафолатланган

11:31, 11 октябрь

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда энг юксак демократик талабларга жавоб берадиган миллий сайлов тизими яратилди. Фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштироки тўлиқ таъминланмоқда. Шу йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик ишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ мувофиқ ҳолда, жамиятни ислоҳ қилиш ва демократлаштириш янада чуқурлашган, ижтимоий фаоллик ўсган, фуқароларнинг масъулияти ҳамда ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларга, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтларига талабчанлиги ошган бир шароитда олиб борилмоқда.

Бунда фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг суд ҳимояси муҳим аҳамият касб этади. Ушбу ҳуқуқларни амалга ошириш механизмлари ҳақида юридик фанлар доктори, 1-даражали адлия маслаҳатчиси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ёрдамчиси Азиз Мирзаев сўзлаб берди.

  • Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари ҳақида гапириб берсангиз?
  • Ўзбекистон Республикасида мустақилликка эришилганидан сўнг сиёсий тизимни, хусусан, унинг муҳим йўналиши бўлган демократик сайлов тизимини шакллантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бугунги кунда у бир қатор сайлов ҳужжатлари мажмуини ўзида бирлаштиради. Маълумки, демократик, эркин ва адолатли сайловларни ўтказишнинг мезон ва стандартлари БМТ, ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳужжатларида ўз аксини топган.

Миллий сайлов қонунчилиги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, сайлов тўғрисидаги қонунлар, шунингдек, бошқа қатор қонун ҳужжатларидан иборат. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимиз сайлов қонунчилиги тизимининг асоси саналади. Унинг алоҳида боби сайлов тизимига бағишланган. Бундан ташқари, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Бу ҳуқуқ фуқароларнинг референдумларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловида қатнашиши орқали амалга оширилади. Фуқаролар сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир фуқаро-сайловчи бир овозга эга. Сайловчилар қаерда бўлишларидан қатъи назар, қатор ҳуқуқлар кафолатланади. Референдумларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловларида бевосита қатнашиш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродаларини эркин билдириш ва яширин овоз бериш ҳуқуқи, сайловчилар рўйхатига киритилиш ҳуқуқи, сайловчилар рўйхатидаги хато ва ноаниқликлар тўғрисида сайлов комиссиясига арз қилиш ҳуқуқи, умумхалқ овозга қўйилган қарорларни, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни ёки ҳокимиятнинг вакиллик органларига кўрсатилган номзодларни ёқлаб ёки уларга қарши ташвиқот юритиш ҳуқуқи ва бошқалар шулар жумласидандир.

  • Фуқароларнинг бузилган сайлов ҳуқуқларини тиклаш жараёни қандай?
  • Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқаросига унинг сайлов ҳуқуқлари суд йўли билан ҳимоя этилиши, сайлов комиссияларининг, давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш имкониятлари кафолатланади.

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди, сайлов тўғрисидаги қонунларда белгилаб қўйилган талаблар бундан мустаснодир.

Куч ишлатиш, алдаш, қўрқитиш орқали ёки бошқа йўллар билан фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш, референдумда иштирок этиш, сайловолди агитациясини олиб боришдан иборат ҳуқуқларидан фойдаланишларига тўсқинлик қилиш, шунингдек ҳужжатларни сохталаштириш, овозларни атайин нотўғри санаш, референдум тўғрисидаги, Президент сайлови ҳақидаги, ҳокимиятнинг вакиллик органларига сайлов тўғрисидаги қонунларни ўзгача тарзда бузиш Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига кўра, Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайдилар. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

  • Маълумки, сайловларни ўтказишда фуқаролар сайлов ҳуқуқларини қатъий таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу жараённинг ҳуқуқий асослари ҳақида сўзлаб берсангиз.
  • Бу, авваламбор, Ўзбекистон Республикаси Конституциясидир. Унда ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқларининг суд ҳимояси кафолатланган. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари бузилишига оид шикоятларини кўриб чиқишнинг суд тартиби сайлов комиссиялари томонидан амалга ошириладиган маъмурий тартиб олдида сезиларли даражада устуворликка эга.

Аввало, бу фақат ва фақат қонунга буйсунадиган орган томонидан амалга оширилади. Шу билан бирга, у ишни кўриб чиқишнинг холислигини таъминлайди. Зотан, суд ишнинг у ёки бу натижасидан умуман манфаатдор бўлмайди. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасида ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланишини назарда тутувчи махсус қоида ўрин олган.

Шундай ғайриқонуний ҳаракатлар устидан шикоят қилишнинг ҳуқуқий асослари 1994 йил 5 майда қабул қилинган “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқаросига унинг сайлов ҳуқуқлари суд йўли билан ҳимоя этилиши, сайлов комиссияларининг, давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш имкониятлари кафолатланади. Айнан шу қоида шарофати билан Конституциямиз ва тегишли қонунларимизда мустаҳкамлаб қўйилган сайлов ҳуқуқлари ҳаққоний юридик мазмунга эга бўлиб, суд ҳимояси предметига айланди.

  • Судлар сайлов ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда қандай қонунларга таянишади?
  • Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 272-моддасига кўра, сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят суд томонидан шикоят берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим.

 Шикоят суд томонидан аризачини ва тегишли сайлов комиссиясининг вакилини, шунингдек, прокурорни, агар шикоят аризачига эмас, балки бошқа фуқарога дахлдор бўлса, ўша шахсни ҳам чақирган ҳолда кўриб чиқилади. Бу шахсларнинг келмаслиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

Суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиши биланоқ дарҳол тегишли сайлов комиссиясига ва аризачига топширилади.

  • Сайлов ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари бўйича жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби қандай?
  • Участка сайлов комиссиялари округ сайлов комиссияси томонидан тузилади. Участка сайлов комиссияси участка бўйича сайловчиларнинг рўйхатини тузиш, сайловчиларни сайловчилар рўйхати билан таништириш, рўйхатдаги ноаниқликлар ҳақидаги аризаларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш ҳамда тегишли ўзгартишлар киритиш масаласини ҳал қилиш, овоз бериладиган бинолар ва сайлов қутилари тайёрлаб қўйилишини таъминлаш, сайлов куни сайлов участкасида овоз берилишини ташкил этиш, овозларни ҳисоблаб чиқиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва овоз беришни уюштириш масалаларига доир ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш мақсадида тузилади.

Шубҳасиз, қонунда участка сайлов комиссиялари томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кўзда тутилган бўлиб, умумий суд иши тартибида амалга оширилади.

Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссиясининг 2015 йил 3 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича участка сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низом (ўзгартиш ва қўшимчалар билан)га мувофиқ, ҳар бир фуқарога рўйхатга киритилмаганлик, нотўғри киритилганлик ёки рўйхатдан чиқарилганлик юзасидан, шунингдек рўйхатда сайловчи тўғрисидаги маълумотларни кўрсатишда ноаниқликка йўл қўйилганлиги хусусида шикоят қилиш ҳуқуқи берилади.

Ушбу масалага доир ариза участка сайлов комиссияси томонидан кўриб чиқилади, аризани участка сайлов комиссияси кечи билан икки кунлик муддат ичида, сайлов арафасида ва сайлов куни эса дарҳол кўриб чиқиб, рўйхатга зарур тузатишлар киритиши ёки аризачига унинг талаби инобатга олинмаганлиги тўғрисидаги асослантирилган қарорнинг бир нусхасини бериши шарт.

Участка сайлов комиссияси қарори устидан туман (шаҳар) судига сайловдан кечи билан уч кун олдин шикоят қилиниши мумкин, туман (шаҳар) суди шикоятни икки кунлик муддат ичида кўриб чиқишга мажбур. Туман (шаҳар) судининг қарори қатъийдир. Участка сайлов комиссияси суднинг қарорига мувофиқ сайловчиларнинг рўйхатига дарҳол тузатиш киритади.

Ушбу Низом билан, шунингдек, сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик ҳам кўзда тутилган.

Сайловни ўтказишнинг қонунда назарда тутилган қоидалари ҳамда тартибини бузувчи шахслар, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш ва Президентликка сайланиш, сайловолди ташвиқоти олиб бориш ҳуқуқларини эркин равишда амалга оширишига зўравонлик, алдаш, таҳдид қилиш ёки бошқа йўл билан қаршилик кўрсатувчи шахслар, шунингдек сохта сайлов ҳужжатлари тузган, овозларни атайин нотўғри санаб чиккан, овоз бериш яширинлигини бузган ёки қонуннинг бошқача тарзда бузилишига йўл қўйган сайлов комиссияларининг аъзолари, давлат ва жамоат органларининг мансабдор шахслари қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган сохта маълумотларни эълон қилган ёки бошқа йўсинда тарқатган, сайлов комиссиялари аъзоларига нисбатан ҳақоратомуз муносабатга йўл қўйган шахслар ҳам жавобгарликка тортиладилар.

Овоз бериш кунига қадар қолган беш кун ичида, шунингдек овоз бериш куни жамоат фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини ва ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни нашр этиш (эълон қилиш), шунингдек уларни умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқларига (шу жумладан Интернет тармоғига) жойлаштириш тақиқланади.

  • Мазкур масалалар бўйича мурожаатлар қанча муддатда кўриб чиқилиши керак?
  • “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни  мурожаатларни кўриб чиқишнинг аниқ муддатлари ўрнатилган. Бундай қоидалар сайлов жараёнини тартибга соладиган бошқа қонун ҳужжатларида ҳам акс этган.

Масалан, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарларига, бошқа мансабдор шахсларга мурожаат этишга ҳақли бўлиб, улар масалани кўриб чиқишлари ва уч кун ичида жавоб беришлари шарт.

Ўз навбатида, Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят бериш мумкин. Шикоят тушган пайтдан эътиборан уч кун ичида, агар сайлов ёки референдумга олти кундан кам вақт қолган бўлса — дарҳол кўриб чиқилиши лозим.

Сайловни ўтказишнинг “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган қоидалари ҳамда тартибини бузувчи шахслар, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш ва Президентликка сайланиш, сайловолди ташвиқоти олиб бориш ҳуқуқларини эркин равишда амалга оширишига зўравонлик, алдаш, таҳдид қилиш ёки бошқа йўл билан қаршилик кўрсатувчи шахслар, шунингдек сохта сайлов ҳужжатлари тузган, овозларни атайин нотўғри санаб чиққан, овоз бериш яширинлигини бузган ёки ушбу Қонун бошқача тарзда бузилишига йўл қўйган сайлов комиссияларининг аъзолари, давлат ва жамоат органларининг мансабдор шахслари қонунда белгиланган йўсинда жавобгар бўладилар.

Номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган сохта маълумотларни эълон қилган ёки бошқа йўсинда тарқатган, сайлов комиссиялари аъзоларига нисбатан ҳақоратомуз муносабатга йўл қўйган шахслар ҳам жавобгарликка тортиладилар.

  • Сайлов ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги шикоятларни кўриб чиқиш учун нималар асос бўлиши мумкин?
  • Қонунда белгиланган тартибда жисмоний ёки шахс томонидан берилган сайлов ҳуқуқи бузилиши фактига оид ариза (шикоят) ваколатли орган ёки суд томонидан шикоятларни кўриб чиқиш учун асос бўлади.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида қайд этиш керакки, миллий қонунчиликка фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, сайловларнинг умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан эркин ўтказилиши, сайловнинг очиқ ва ошкоралиги, фуқаро ва инсон сайлов ҳуқуқ ва эркинликларининг суд ва бошқа ҳимоясини амалга ошириш, сайловларнинг жамоатчилик ва халқаро кузатуви, сайлов жараёни иштирокчиларининг сайлов ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш кафолатлари сингари демократик сайловлар стандартлари жорий қилинган.

Шак-шубҳасиз, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш узлуксиз жараён бўлиб, ҳар бир ўтказилаётган сайлов кампанияси уни янада ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Меҳрибон МАМЕТОВА суҳбатлашди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!