«Онам, набираларига васий бўлоладими?», «Ҳадя қилинган мулк бўлинадими?» саволларига ҳуқуқшунос жавоби

11:51, 11 октябрь

Мурожаатларингизга ҳуқуқшунос Дурдона НАЗАРОВА жавоб беради.

Эслатиб ўтамиз, мутахассислар изоҳи тавсиявий характерга эга.

 

«ОНА-БОЛАНИНГ ТИЛИ БИР!»

— Турмуш ўртоғимнинг вафот этганига 10 йил бўлди. Фарзандларимни бир ўзим тарбиялайман. Биз яшаб келаётган уйнинг ярми кичик қизимга, қолгани эса қайнонамнинг номига расмийлаштирилган. Айни дам қайнонам қайнисинглим билан тил бириктириб, бизни уйдан ҳайдашаяпти. Уй ҳужжатларини ҳам олиб қўйишган. Қайнонам ҳовлининг иккинчи ярмини ҳам ўз номига ўтказмоқчи. Бу ишни қизимнинг розилигисиз бажариши ҳам мумкинми?

Муҳаррам Мўминова, Зангиота тумани

— Агар қизингиз вояга етган бўлса, низоли уйнинг тегишли қисмини ўзгалар номига тасарруф этиш билан боғлиқ ҳаракатлар, албатта уй мулкдори, яъни фарзандингизнинг розилигисиз амалга оширилмайди.  Борди-ю, қизингиз вояга етмаган бўлса, мулкни тасарруф этиш масаласи унинг қонуний вакиллари ота-онаси, васий ва ҳомийлик органларининг розилиги билан боланинг манфаатини кўзлаган ҳолда бажарилади.

 

«ОНАМ, НАБИРАЛАРИГА ВАСИЙ БЎЛОЛАДИМИ?»

— Ажрашганман. Икки нафар фарзандим бор. Собиқ эрим ичкиликка муккасидан кетган одам. Оталик ҳуқуқидан маҳрум этилган. Алимент ҳам тўламайди. Тўнғичим 18 ёш, кичиги 16 га кирди. Онам уларни ўз қарамоғига олиб, васий бўлмоқчи. Шундай қилинса бўладими?

Исми сир тутилди.

— Вояга етмаган болаларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида улар ота-онасиз ёки турли сабабларга кўра қаровсиз қолган ҳоллардагина васий ёки ҳомий тайинланиши мумкин.

 

«ЎҒЛИМГА УЙ ТАЛАБ ҚИЛОЛАМАНМИ?»

— 13 йил аввал эрим билан ажрашганмиз. Аммо никоҳимиз қонунан бекор қилинмаган. У қайта уйланди, фарзандлари бор. Ўғлим  иккимиз ҳали ҳам келин бўлиб тушган хонадон «прописка»сида турамиз. Турар-жой рўйхатида бўлганимиз муносабати билан ўғлим учун отасининг ҳовлисидан улуш ажратиб беришларини сўрасам бўладими? Бунинг учун қаерга мурожаат қилинади?

Исми сир тутилди.

— Сиз назарда тутган мулк, собиқ эрингиз билан биргаликдаги никоҳ даврида орттирилган бўлса, унинг иккидан бир қисмига эгаликни сўраб, судга мурожаат қилишингиз мумкин. Ушбу уйда фарзандингиз билан узоқ муддат давомида яшамасдан туриб, уй рўйхатида сақланиб қолишлигингиз, ўғлингизга уйнинг иккидан бир қисмини ажратиб олишлик учун асос бўлолмайди.

 

«ҲАДЯ ҚИЛИНГАН МУЛК БЎЛИНАДИМИ?»

— Ёшим 41 да. Турмушим бўлмай, ажрашганман. Фарзандим ҳам йўқ. Шу пайтгача ажрим масаласи қонуний ҳал қилинмаганди. Ажримга берсам, мол-мулк  тақсимланиши ҳақида ўйлаб, иккиланиб турибман. Отам вафотидан олдин ўзи яшаб турган уйни менга ҳадя қилиб берган. Ажрим вақти мана шу уйнинг ярми эримнинг номига ўтиб кетмайдими? Ахир мол-мулк тенг бўлинади-ку.

Исми сир тутилди.

— Эр-хотин ўртасида биргаликда орттирилган мулкни бўлиш низолари кўтарилган вақтда никоҳ даврида ёки хотинга ҳадя қилинган мулк ҳадя қилинган шахснинг мутлақ мулки ҳисобланиб, эр-хотин ўртасида бўлинмайди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!