«Ойижон, дадажон, илтимос, уришманглар!» ёхуд оиладаги жанжалларнинг бола руҳиятига таъсири ҳақида

12:24, 11 октябрь

Бахтиёр мактабдан келганидан кейин уй-жойни тартибга келтиришга ҳаракат қилди. Ҳатто дадасининг пайпоқларини ювди. Ойисига қўнғироқ қилди.

— Ойи, қозонга гўшт  ва сув солиб қўяйми?

— Нега?

— Шўрва ичгим келаяпти. Келгунингизча пишиб турарди.

— Майли, ўғлим, фақат эҳтиёт бўл. Оловни паст қилиб қайнат...

Оила кечқурун дастурхон атрофида жамулжам бўлиб, овқатни жимгина ичишаяпти. Синглиси ҳам ортиқча шўхлик қилмаяпти. Онасининг ҳаракатлари енгил, нимадандир мамнунлиги сезилиб турарди. Буни дадаси дарҳол пайқади.

— Ҳа, намунча иршайиб қолдинг?

— Бугун ўғлингиз роса иш қилибди, ошхонани тозалабди, пайпоқларингизни ювибди, шўрва солиб қўйибди. Тўққизга тўлмасдан ёнимга кириб, ёрдамчи бўлибди...

— Ҳм, болага иш буюриб, ўзинг ўйнашларинг билан учрашиб юрганмидинг?

Дадаси...

Ишламайсан, ишингдан бўшайсан!

— Нимага экан? Ишламасам, қозондаги гўштингизни ким олиб келади, а?  Машинангизнинг ижара пулини ким тўлашга қарашади? Сиз киракашлик қилиб юрганингизда, уйда ўтириб нақд оч қолдим-ку...

Бахтиёр бошини эгганча бу гапларни эшитаркан, ичида ўйлади. «Ойим гапирмаса бўларди, ҳозир дадам бирор нарса отиб қолади...» Ҳа, ўйлагани содир бўлди. Дадаси шўрвани коса-посаси билан улоқтирди. Ўрнидан туриб, онасини уришга ҳезланди. Бахтиёр жонҳолатда улар орасига тушди.

— Дада, илтимос, онамни урманг. Мактабга бормайман, энди ишлайман, пул топаман…

Худбин ота-она бола нима учун бу гапларни айтаяпти, деб ўйламади. Онаси саннашни тўхтатмади, отасининг оғзидан боди кириб, шодди чиқаверди. Бахтиёр стол устида турган пичоқни шартта олди:

— Бақираверсаларинг, ўзимни ўлдираман!!! Кейин қутуласизлар мендан!

Ота-она серрайиб қолди...

Афусус, бу бўлган воқеа...

Руҳшуносларнинг айтишича...

Уйдаги жанжаллар ичида улғайган болалар ё ниҳоятда агрессив кайфиятли, ё ниҳоятда қўрқоқ табиатли бўлиб шаклланади. Аксарият ҳолларда урушнинг сабабчиси деб ўзини кўради. Чунки эр-хотиннинг айтишувидан тортиб йирик жанжалига қадар диалогларда «бола» сўзи кўп марта такрорланади. «Мени ўйламасангиз ҳам, болангизнинг келажагини ўйланг. Эртага пиёнистанинг қизини ким сўраб келади?», «Саёқ юрганингиз учун касри болага урди, нуқул касал бўлгани бўлган», «Бу болалар фақат меникими, кўчадан орттирибманми, туғдиргандан кейин боқинг-да!». Жанжаллар эр-хотин учун қўрқинчли бўлмаслиги мумкин, улар бугун урушиб, эртага ярашиб, яшашда давом этар-у, лекин оқибатда фарзандлар кўнги озор топади, у ҳар икки энг яқин кишисининг қайси бирини айблашни билмай қийналади. Ким кўпроқ айбдор эканини аниқлаган тақдирда ҳам, вазиятни ўнглолмаслигидан ўкинади. Тўққиз яшар Бахтиёр отасининг жанжал ўйлаб топиши мумкин бўлган сабабларини аниқлаб, уларни йўқ қилишга ҳаракат қилди. Яъни ишлагани туфайли уй ишларига улгуролмаётган онасига ёрдам бермоқчи бўлди, бир ҳафта олдин ювилмаган пайпоқ учун отаси волидасининг кўзини кўкартирган эди, ана ўша сабабни йўқотишга уринди. У ҳеч бўлмаганда, бугун ота-онаси уришмаслигига, жилла қурса, онаси гап қайтармаслигига ишонган эди. Аммо барча ҳаракатлари бир пул эканини бир зумда тушунди. Шунда қайсидир ўзи гувоҳ бўлган жанжалда онаси қилган хатони қайтарди, қўлига пичоқ олди, ахир ўшанда отаси тинчланиб, ўзини босиб олганди-да.

Мактабдаги суҳбатдан

— Наргиз, сени даданг ойингни урадими? Тўғрисини айт фақат.

— Йўқ, дадам ойимни сизлаб гапиради-ку!

Менинг дадам ойимни ҳар куни уради.

— «Дада, урманг» демайсанми? Бувингга айтиб бермайсанми?

— Барибир, уради. Катта бўлсам, эрга тегмайман. Болаям туғмайман. Барибир, ҳеч кимга керакмас бўлади...

Болаларнинг изтироблари бу ҳазилакам гап эмас. Чунки инсон келажаги унинг болалик хотиралари ва кўникмалари асосида қурилади. Болангиз бахтли бўлишини истасангиз, бугун сиз ҳам бахтли яшаётганингизни у кўриши керак. Ота-она бўлган эр-хотинлар, уришинглар, ярашинглар, талашинглар, бироқ бунга болангизни гувоҳ ёки қози қилманг. Ҳеч қайси оила келишмовчилик ва низосиз бўлмаслиги ҳақиқат. Сабаби оила икки индивидуал фикрларни, икки хил анъаналарни, икки бир-бирига бегона одамни бир жойда тўқнаштиради. Баҳслашишни ҳеч ким инкор этмайди ва қораламайди. Фикрлар қарама-қаршилиги орқали эр-хотинлар оила муаммоларига ечим топишади. Агар ечим изланаётган пайтда шахсият муаммолари кўтарилмаса, «Сен ўзи унақасан-бунақасан» дейилмаса, жуда бўлмаганда, томонлардан бири вақтинчалик чекиниб турса, жанжалсиз, якдил қарорга келиш мумкин. Буни эса жанжаллашаётган пайтда ҳеч ким эсламайди, чунки ақл кетган пайт бўлади-да!

Боланинг руҳий қўрғонини бузманг!

  • Оилавий жанжалларнинг аксарияти кимнингдир оиладан кетиши билан якунланади. Кўпинча аёллар фарзандлари ва тугунини кўтариб, отасиникига йўл олади.  Бу вақтда кичик ёшдаги бола отасини соғинади, ичикади, ваҳима ичида ҳаётдаги муҳим одамини кўра олмаслиги ҳақида ўйлайди. Муаммоларни қочиб ҳал қилманг, баттар чуқурлашиши мумкин.
  • Фарзандларингизни жанжал иштирокчисига айлантирманг. Ундан ҳеч нима ҳақида сўраманг. Болани ота ёки она тарафкаши бўлишга, кимгадир қарши чиқишга мажбурламанг. Кап-катта одамлар ким ҳақлигини аниқлолмаган пайтда, у нима қилсин? Аммо ёдингизда бўлсин, ҳар бир жанжалдан сўнг унинг хотирасида вазият ва унга хос болаларча хулоса сақланиб қолади.
  • Бола эшитиши мумкин энг ёмон сўз — «ажрашаман!» Бу қарорми ёки оддий сўз бўлишидан қатъи назар, унинг гувоҳлигида ишлатишдан тийилинг.
  • Оилавий низоларнинг сабаби фарзанд тарбияси билан боғлиқ бўлса ҳам, боланинг ўзи бу ҳақда эшитмасин. У ҳар томонга тортқиланадиган арқон эмас. Ҳар икки томон ҳам ўз истагига кўра жигарбандига муносабат билдиришга ҳақли. Кимдир иккинчи томоннинг ҳаракатларини оқламаса, бола йўқлигида алоҳида келишиб олган маъқул.
  • Кўпинча аёллар эрлари, қайноналари билан уришиб олганларидан сўнг ўғил-қизига заҳрини сочишади. Аслида, буни бошқалар кўрсин ва мен қанчалик хафа бўлганимни билсин, деган ниятда амалга оширадилар. Фарзандингизни жанжалдан кейин турткиламанг, унга овозингизни кўтарманг ёки йиғлаб, бўлган воқеани гапириб берманг. У алам ва дардни ичига юта оладиган ёрилтош эмас!
  • Болангиз олдида жанжаллашиб, ҳечам барака топмайсиз. У ўзини ниҳоят даражада таъсирлантирган воқеаларни бошқалар, ҳатто етти ёт бегоналар билан баҳам кўришга уста.
  • Эртани ҳам ўйланг. Жанжалкаш оиланинг авлоди ўз оиласини ҳам худди шундай ташкил қилади. Қариган чоғингизда келин-куёвларингизга қози бўлишингизга тўғри келмасин.
  • Уришиб бўлгач, болага «Кимни кўпроқ яхши кўрасан?» деган саволни бериб, уни иккиюзламачилик қилишга ўргатманг. У ҳам беихтиёр айёрга айланади, кимдан кўп манфаат кўрса, ўшани танлайди.
  • Ота-онасининг жанжалини кўрган бола ўзини ҳимоясиз сезади. Чунки у ишонган одамлар, аслида, бир-бирига ишонмаслигига, исталган пайт ўзини ғалати тутишига, нарсаларни уриб-синдиришига, бир-бирига қўл кўтаришига гувоҳ бўлади.

Ҳатто, жанжалдан ҳам ибратли хулоса чиқариш учун бола ота-онасининг келишиб олганини кўриши керак. Стол атрофида «Ҳа, гапингиз ҳақида ўйлаб кўраман, тўғри айтаётганга ўхшайсиз» десангиз, ҳамма томондан ютасиз. Жуфтингиз бир муддат тинчланади, болаларингиз енгил нафас олади ва энг муҳими, ҳамма баҳслар чиройли якун топиши мумкинлигини кўради. Кейинчалик фарзандларингиз одамлар билан мулоқотга киришишда, муаммоли вазиятларга ечим топишда қийналмайди. Юраги зиқлик қилиб, муштини тугмайди ёки қочиб қолмайди.

Азиза

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!