“Tashkent Challenger – 2016” анъанавий халқаро турнири бошланди

14:57, 11 октябрь

Республика олимпия захиралари теннис мактабида Профессионал теннисчилар уюшмаси (АТР) мусобақалари тақвимидан жой олган “Tashkent Challenger – 2016” анъанавий халқаро турнири старт олди, деб хабар бермоқда ЎзА. 

Нуфузли мусобақада йигирмага яқин давлат вакиллари яккалик ва жуфтлик баҳсларида ғолиблик учун куч синашмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида спортни, жумладан, теннисни ривожлантиришга қаратилган эътибор самарасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида замонавий теннис кортлари барпо этилиб, ёшларнинг мазкур спорт тури билан шуғулланиши учун кенг шароит яратилди. 

Ўзбекистон теннис федерацияси Профессионал теннисчилар уюшмаси (АТР), Хотин-қизлар теннис уюшмаси (WTA) ва Халқаро теннис федерацияси (ITF) билан ҳамкорликда мамлакатимизда эркаклар, хотин-қизлар, ўсмирлар ва болалар ўртасида халқаро миқёсдаги мусобақаларни мунтазам ўтказиб келмоқда. 

Бу йилги мусобақада дунё рейтингида юқори поғоналарни эгаллаб турган чехиялик Иржи Весели, франциялик Жереми Шарди, литвалик Рикардас Беранкис, россиялик Евгений Донской ва Константин Кравчук, ўтган йилги турнир финалчиси, словакиялик Лукаш Лацко сингари тажрибали теннисчилар иштирок этмоқда. 

Турнирда Денис Истомин, Санжар Файзиев, Жўрабек Каримов, Ҳумоюн Султонов каби теннисчиларимиз Ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!