Интернет орқали АҚШлик қизнинг “бошини айлантирган” саудиялик ўсмир 5 йилга қамалиши мумкин

15:24, 11 октябрь

Саудия Арабистонида яшовчи ўспирин америкалик қиз билан интернет орқали романтик мулоқот қилгани учун ҳибсга олинди, деб ёзади “Вести”.

Икки ёш YouNow.com сайти орқали танишган. Мазкур сайт интернет фойдаланувчиларига видеочатлар орқали мулоқот қилиш имконини беради. Бунда сайт орқали амалга оширилган ёзишмалар унинг бошқа фойдаланувчиларига ҳам кўриниб туради. Аксарият интернет фойдаланувчилари бу жуфтликнинг романтик мулоқотларига гувоҳ бўлган. 

Саудиялик йигит инглиз тилида зўрға гаплашади, қиз эса араб тилини умуман билмайди. 

Шундай бўлса ҳам улар бир-бирига севги изҳор қилишга муваффақ бўлишган. Ўспирин ҳатто қизнинг қўлини сўраган.  

Мазкур романтик мулоқот ўспирин Саудия полицияси томонидан қўлга олингунга қадар давом этди. Ўспирин мамлакатнинг диний меъёрларига тўғри келмайдиган материални интернетга жойлаштирганликда айбланмоқда. Уни гаров эвазига озодликка чиқаришди. Ўспириннинг айби исботлангудек бўлса, у 5 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилиши ва 800 минг доллар жарима тўлаши мумкин. Ўсмир ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида интернетдан бошқа фойдаланмасликка аҳд қилгани ҳақидаги видеомурожаатни жойлаштирган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!