Асабийлашманг, сочингизга қазғоқ тушади...

16:06, 11 октябрь

«Қизим 7 ёш. Сочини ўстираяпмиз. Ҳозир 70 см.га етиб қолди. Аммо охирги пайтлар бошида қазғоқ кўпайган. Деярли ҳамма чораларни қўлладик лекин фойдаси бўлмаяпти. Сочини тараган сари қазғоқ чиқиб келаверади. Қатиққа ҳам ювиб кўрдик, тухум сариғидан ниқоб тайёрлаб суртдик, мойчечак дамламасига чайдик бари самарасиз. Энди нима қилишни билмаяпмиз. Ўзи қазғоқ қаердан пайдо бўлади?»

Дилбар Мамаюсупова, Олмалиқ шаҳри.

Муштарий мурожатига шифокор дерматолог-трихолог Шерзод МАІМУДОВ жавоб беради. 

Сабабини аниқланг!

Халқ орасида қазғоқ номи билан юритиладиган бу хасталик тиббиёт тилида себорея деб аталади. Уни келтириб чиқарувчи асосий омил замбуруғдир. Аслида бу замбуруғ ҳар бир инсон организмида мавжуд. Бироқ баъзи сабабларга кўра унинг кўпайиб кетиши ноқулайликларни келтириб чиқаради. Одатда муаммо қуйидаги сабабларга кўра пайдо бўлади:  Моддаллар алмашинувининг бузилиши;

  • Гормонал ўзгаришлар туфайли (айниқса ўсмирларда гормонлар сабаб қазғоқ пайдо бўлиш эҳтимоли юқори);
  • Ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши;
  • Стресс ва асабийлик;
  • Витамин ва микроэлементлар етишмовчилиги;
  • Сочни нотўғри парвариш қилиш;    
  • Ёш болаларда эса гижжа туфайли юзага келиши мумкин.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам трихолог шифокор кўригидан ўтиб, себореянинг сабабларини аниқлаш ва шундан кейингина даво чораларини кўриш тавсия этилади.

Уй шароитида

Безовталикнинг сабабларини аниқлаштиргунингизга қадар уй шароитида баъзи чораларни қўллаб кўришингиз мумкин. Жумладан: 

•     1 литр қайноқ сувга 3 ош қошиқ қичитқи ўтини дамлаб, тиндиринг. Сўнг докадан ўтказинг. Ушбу дамлама билан чайиш тавсия этилади. У замбуруғларга қарши курашиш хусусиятига эга.

•     Бош терисига табиий антисептик воситалардан саналадиган алоэ ширасини суртиш ҳам фойда беради.

•     Ёғли бош терисида юзага келган қазғоқни эса ўсимлик мойи, майонез сингари воситалардан тайёрланган ниқоблар билан «даво»лаш мумкин эмас.

•     Ҳар икки турдаги қазғоқда ҳам 4 ош қошиқ дасторбош ўсимлигини 0,5 литр сувда 30 дақиқа давомида қайнатиб тайёрланган дамлама самарали ҳисобланади. Дамламани, совутиб, сузиб оласиз ва 14 кун давомида ётишдан аввал бош терисига уқаловчи ҳаракатлар билан суртиш тавсия этилади.

Махсус воситалар билан парвариш қилинг

Қазғоқдан халос этувчи махсус шампунлар ҳам сезиларли натижа келтиради. Уларни дорихоналардан топишингиз мумкин. Фарқлаш учун эса қадоғини диққат билан ўқиш лозим.

  • Таркибида руҳ пиритони моддаси мавжуд бўлган шампунлар замбуруғни камайтиришга кўмаклашади.
  • Қатрон(дегтяр)ли шампунлар бош терисида ҳужайраларининг алмашинувини секинлаштиради, натижада қазғоқ ҳам камаяди.

•     Таркибида салицил кислотаси бўлган воситалар эса  бош териси учун скраб вазифасини ўтайди. Улар йиғилиб қолган қазғоқ қипиқларидан халос этади. Бироқ бош терисини қуритиб юбориши мумкин. Шу сабабли бундай шампундан кейин соч учун мўлжалланган кондиционердан фойдаланиш тавсия этилади.

•     Таркибида селен сульфати моддасини сақловчи воситалар – бош териси хужайраларининг янгиланишини секинлаштириб, замбуруғларнинг камайишига сабаб бўлади. Бироқ бундай воситалардан фойдаланишда эҳтиёт бўлишингиз лозим. Улар бўялган сочларни оқартириш хусусиятига эга. Йўриқнома тавсияларига қатъиян амал қилиш ва воситани қўллаб бўлгач сочни тозалаб чайиш талаб этилади.

•     Таркибида кетоконазол моддаси мавжуд бўлган шампунлар ҳам муаммони бартараф этишда кўмакчидир. Кетоконазол моддаси замбуруғларга қарши курашда кенг қўлланилади. Одатда бундай шампунлар бошқа воситалар самара бермаганда тавсия этилади.

Ҳозирги кунда қазғоқ муаммосидан халос этувчи усуллар ва воситалар бисёр. Улардан қай бири айнан сизнинг ҳолатингизга мос келишини аниқлаш учун мутахассасисга мурожаат қилишингиз, унинг тавсияларига кўра даво чораларини кўришингиз лозим.  

Саодат тайёрлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!