Самвел Бабаян: Режаларимиз ўзини оқлади

21:50, 11 октябрь

ЖЧ-2018 турнирига саралашнинг учинчи босқичи доирасидаги Ўзбекистон – Хитой (2:0) учрашувидан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этган Самвел Бабаян ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

“Ҳаммани ғалаба билан табриклайман. Яхши ўйин ўтказдик. Олдинга жиддий қадам ташладик. Отабек Шукуровнинг голи? Бу ўйланган комбинация эди. Ҳазил, албатта. Умуман олганда эса унга керакли кўрсатмаларни бергандик. Бу бизга муваффақият олиб келди”.

“Бугун ҳужумда ишларимиз юришди. Биз Хитойнинг тезкор қарши ҳужумга ўтиши мумкинлигини билардик. Шуни ҳисобга олган ҳолда ўйнадик. Режаларимиз ўзини оқлади. Стандарт вазиятлардан фойдаланиш бўйича оқсаяпмиз. Жарима ва бурчак зарбалари кутганимиздек самара бермаяпти. Бугун тўп тўрт марта устунга тегди. Бу ҳолатни нимадир деб изоҳлаш қийин”.

“Ҳар бир ўйин бир-биридан фарқ қилади. Рақиб биринчи таймда зич ўйнади. Иккинчи таймда эса зона очилгани ҳисобига ҳужумга ўтдик. Футболда фақат ҳужум қилиб бўлмайди. Керакли пайтда ҳимояни ҳам ушлай билиш керак”, — деб Самвел Бабаян сўзларидан иқтибос келтиради ЎФФ матбуот хизмати.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!