«Боламга нима совға қилай?» Қайси буржда туғилганига эътибор беринг!

10:15, 12 октябрь

Йил аввалида таваллуд санаси қайси кунга тўғри келишига қизиқиб, тақвимга қараб қўймайдиган одам бўлмаса керак. Фарзандларнинг туғилган куни эса ота-оналар учун икки карра байрам! Хўш, болакайга маъқул келадиган совғани қандай танлаш мумкин? Бу борада фарзандингизнинг қайси бурж остида туғилганига ҳам эътибор беришингиз мумкин.

Ҳамал

(21.03‑20.04)

Бу бурж остида туғилган болаларга космик-конструктор совға қилсангиз бўлади. Кичкинтой ундан самовий кема ясаб, юлдузларга учишни истайди. Ўспиринларга эса спорт ўйинлари ёки спектаклларга билет олиб беринг. 15 ёш ва ундан катталарга ижодий ва билимини орттирадиган электроника-планшетдан тортиб, фотоаппарат, электрон китобларгача туҳфа қилиш мумкин.

Савр

(21.04‑20.05)

«Савр»-болаларга устахоналарда ясалган ёғочли буюмлар совға қилиш айни муддао: улар учун болаликдан она табиатни ўйинчоқлар аксида кўриш ниҳоятда муҳим. Қуйи синфда ўқийдиган болангизнинг кўнглини машина ва тошлардан иборат коллекция билан кўтаришингиз мумкин. Ўсмир саврлар эса компьютер аксессуарлари: флешка, веб-камера, қулоқчин (наушник) каби туҳфалардан жуда хурсанд бўлади.

Жавзо

 (21.05‑21.06)

Кичкинтой «жавзо»ларга ичи ёрқин ранглар ва эртакларга тўла, катта ўлчамдаги китоблар ёқади. 7 ёшдан 14 ёшгача болаларга мўлжаллаб ишланган фильмларимиз дискини совға қилинг. Шунингдек, ичига юмшоқ ўйинчоқ солинган чиройли совға қопчаси ҳам айни муддао.

Саратон

(22.06‑22.07)

Бу буржнинг жажжи вакиллари бироз уятчан, тортинчоқ бўлишади. Шунинг учун қизчаларга машина, ўғил болаларга қўғирчоқ совға қилишдан қўрқманг. Бу фарзандингизга қарама-қарши жинс вакиллари билан тил топишиши ва ўйнаши учун асқотиши мумкин. Ўспиринларга ўз қаҳрамонларининг костюм ва атрибутлари ёқиб тушади.

 

Асад

 (23.07‑23.08)

Жажжи «асад»ларнинг туғилган кунида оилавий мини-спектакллар ташкиллаштирсангиз, жуда хурсанд бўлади. Улар болакайнинг севимли эртаклари асосида бўлсин. Бош ролларни эса буви-бобоси ва ота-онаси ўйнаши керак. Энг асосийси, бундай спектаклларда кичкинтой ҳам ўзи хоҳлаган ролни ижро этса, бу ажойиб кунни бир умр ёдида сақлайди. Мактаб ўқувчиларига ҳам шоу ёки театрларга чипта совға қилган маъқул. Катта ёшли қизларга пардоз воситалари тўплами, ўғил болаларга янги кийим туҳфа қилиш тўғри бўлади.

Сунбула

(24.08‑23.09)

Қисмларга ажратилиб, қайта йиғиладиган ўйинчоқ, қўғирчоқларни бу болалар жудаям севишади. Мактаб ўқувчиларига эса ўз қўллари билан йиғиш имкони бўлган безакли тўпламлар совға қилинг. Шунингдек, йигитчаларга компьютер, қизларга қўғирчоқлар тўплами роса маъқул бўлади. Ўспирин болаларга велосипед, ролик ва шунга мос кийимлар туҳфа қилинг.

Мезон

(24.09‑23.10)

Ушбу бурж остида туғилган болаларга мебель, турли техника, тиббиёт мосламалари билан жиҳозланган, ҳатто машинасигача бўлган ўйинчоқ уйчалар жуда ёқади. Ўсмир болаларнинг эса гардеробини янгилаш маъқул келади. Коллеж ва лицей ўқувчиларини саёҳатга олиб борсангиз, улар сиздан бир умр миннатдор бўлишади.

Ақраб

(24.10‑22.11)

Бу болаларга совға тайёрлашда биргина «фантазия» сўзини ёдда тутинг. Кичкинтойларга савлатли костюмлардаги рицар, соҳибжамол малика, мактаб ўқувчиларига ғаройиб электрон ўйинлар, китоблар совға қилиш мумкин. Каттароқ ёшдаги қизларга этник услубдаги костюмлар, йигитларга эса ҳеч кимникига ўхшамаган, ўта замонавий кийимлар тортиқ қилсангиз бўлади.

Қавс

(23.11‑21.12)

«Қавс»-болалар учун муҳимлилик биринчи ўринда. Боланинг мантиқий ва тимсолли дунёқарашини ривожлантиринг. Шунинг учун уларга турли мозаика, пазл, топқирлик, ҳарф ва рақамларни билишни талаб қиладиган ўйинлар инъом қилинг. Ўқувчиларга ҳар хил бошқотирма ва стратегик ўйинлар, каттароқ ёшдагиларга эса биргаликдаги сайру саёҳат энг яхши тортиқ бўлиши мумкин.

Жадий

(22.12‑20.01)

Ўғил ва қиз «жаъдий»ларга темир йўл ўйинини ўйнаш бирдек ёқади: қизчаларга йўловчиларни «поезд»га тушириб-чиқариш ҳам алоҳида завқ бағишлайди. Мактаб ўқувчиларига эса истаган шаклдаги катта ғаладон (шкатулка) армуғон қилинг. Ўспиринларга бошқотирмалар маъқул келади.

Далв

 (21.01‑20.02)

Боғча болаларига магнит алифбо ва рақамлар, овозли ўйин техникаси совға қилиш айни муддао. Ўқувчиларга спорт анжомлари янг яхши туҳфа бўлади. Ўсмир йигитларга ақлий қувватни оширувчи ўйинлар туҳфа этишингиз мумкин. Қизлар янги кийимлар учун ниҳоятда хурсанд бўлишади.

Ҳут

(21.02‑20.03)

«Ҳут»-болаларнинг мусиқий қобилияти сиз тортиқ қилган ксилофон, мини-синтезатордан тортиб, турли қўшиқлар ёзилган дисклар орқали ривожланади. 7-14 ёшида эса ҳақиқий мусиқа асбоблари ёки шунга алоқадор бошқа буюмларни совға қилсангиз адашмайсиз.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!