“Иш берувчи шахсий адовати сабаб ишга олмасликка ҳақлими?” , “Эртароқ нафақага чиқсам бўладими?” саволларига ҳуқуқшунос жавоблари

10:30, 12 октябрь

Мурожаатларингизга ҳуқуқшунос Дурдона НАЗАРОВА ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ходими Зафаржон ХЎЖАЕВ жавоб беришади.

Эслатиб ўтамиз, мутахассислар изоҳи тавсиявий характерга эга.

 

«ҚАЙНИМ ОҚИБАТСИЗ ЧИҚДИ...»

— 2001 йил турмуш ўртоғимнинг номида бўлган уйга келин бўлиб тушдим. Бирин-кетин фарзандларимиз дунёга келди. Эрим отасининг қистови билан ўзига тегишли бўлган уйни укасига ҳадя қилиб берди. Бир неча йил олдин  ишлаш учун хорижга кетганича ҳали ҳам қайтгани йўқ. Мен бу ерда болалар билан аранг рўзғор тебратаётганимда, қайним ҳовлининг ярмини сотиб юборганини билиб қолдим. Ахир олди-сотди ишлари амалга оширилаётганида уй рўйхатида бўлганларнинг розилиги сўралмайдими? Наҳот бизнинг ҳеч қандай ҳуқуқимиз бўлмаса? Алам қилгани қайним бизни уй рўйхатидан чиқариш учун Ғиждувон туман фуқаролик судига берибди. Энди биз нима қилайлик?

Телеграм орқали келган савол

— Фарзандларингиз билан низоли уйда рўйхат асосида доимий яшаб келаётганингиз боис мулкдор сизнинг розилигингиз билан турар-жой тақдим этмасдан туриб, бу уйдан сизни кўчиролмайди. Борди-ю, қайнингиз  билан ўртангиздаги низо фуқаролик судида кўрилаётган бўлса, суд сиз ва фарзандларингиз манфаатларини ҳимоя этган ҳолда масалани адолат билан ҳал қилади.

 

«ИШГА ОЛИШМАЯПТИ...»

— Соғлигимдаги муаммолар туфайли бошқа заводга ишга ўтдим. Аҳволим ўнглангач, яна аввалги иш жойимга қайтишни режа қилгандим. Шу мақсадда завод раҳбариятига мурожаат қилсам, сўровим рад этилди. Иш берувчи шахсий адовати сабаб ишга олмасликка ҳақлими? Ахир атай ишдан кетмагандим-ку?!

Исми сир тутилди.

— Саволингиз мазмунига кўра, сиз соғлигингиз ёмонлашгани боис ўз ихтиёрингиз билан меҳнат шартномасини бекор қилгансиз. Эндиликда аввал ишлаб келган заводга ишга кириш истагингиз янги меҳнат шартномасини тузиш ҳисобланиб, бунда томонларнинг ўзаро розиликлари талаб этилади.

 

“ЭРТАРОҚ НАФАҚАГА ЧИҚМОҚЧИМАН...”

— 1963 йилда туғилганман. 15-20 йиллик иш стажим бор. Фарзандларимдан бири ногирон. Уни парваришлаб, кейинчалик ишламадим. Ҳозир мана шу стаж билан пенсияга чиқсам бўладими?

Азиза Сувонова, Жиззах вилояти

— Қонун ҳужжатларига мувофиқ болаликдан ногирон фарзандларнинг оналари уларни саккиз ёшгача тарбиялаган бўлса — иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низомнинг 35-банд, «д» кичик бандига асосан I гуруҳ ногиронини ёки 16 ёшгача ногирон болани, шунингдек ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган кексага қараб туриш вақти пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига фақат қараб турган ва қараб туришга муҳтож бўлган шахс билан бирга яшаган шахслардан бирига қўшиб ҳисобланади.

Низомнинг 38-бандига асосан, ногиронни саккиз ёшгача тарбия қилган болаликдан ногироннинг онасига пенсия тайинлашда талаб қилинадиган 20 йиллик иш стажига ушбу Низомнинг 35-банди «а»-«д» кичик бандларида кўрсатилган даврлар қўшиб ҳисобланади.

I гуруҳ ногиронини ёки 16 ёшгача ногирон болани, шунингдек ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган кексага қараб туриш вақти Қонуннинг 8-моддаси талабларига риоя этган ҳолда иш стажига киритилади. Қонуннинг 8-моддасига асосан пенсия тайинлаш учун (7-модда) етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар ушбу Қонун 37-моддаси биринчи қисмининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида 5 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб миқдорда (29-модда) тайинланади.

Низомнинг 65-бандига асосан қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномаси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан олинган маълумотлар ва қараб турилган шахслардан, шунингдек уларнинг қўшниларидан сўраб чиқиш асосида Пенсия жамғармаси бўлими томонидан тузилади.

Дилдора ЮСУФБЕКОВА тайёрлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!