Тунги фолнинг касофати

11:05, 12 октябрь

Ушбу воқеани Наманган вилоятидан қўнғироқ қилган мухлисисамиз Мастура Одилова сўзлаб берди. Очиғи, уни тинглар эканмиз, сўзларига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмадик...

— Газетада чоп этилаётган сирли воқеалар бундан ўн йилча аввал, яъни бўй қиз чоғимизда содир бўлган бир ҳодисани ёдимга солди. Ўшанда мактабда ўқирдик. Битирувчи синф эдик, назардимда. Қизу йигитнинг ўз олами, сирли хаёллари билан банд бўлган пайтлари эмасми, биз ҳам дугоналар билан кўришиб қолсак, нуқул келажагимиз, тақдиримиз, оқ от минган шаҳзодамиз ҳақида суҳбатлашардик. Яна қишлоғимиз кичкиналиги боис, бирортамизнинг уйимизда йиғилишиб, кечаси билан сўзана тикар ва тонгда тарқалишардик. Суҳбатимиз қизигандан қизир, ҳамма ўзи эшитган-билгани ҳақида гапирарди. 

— Мен бир фол ўрганиб келдим, — деди бир куни дугонам. — Жуда зўр фол. Бунинг учун узун, инкичка, тикиш-бичишда ишлатиладиган ип, китоб ва никоҳ узуги керак. Никоҳ узугидан ипни ўтказиб, китобнинг устидан қилт этмай кўтариб турилади. Кейин бирорта дуо ўқиб, тақдирини билмоқчи бўлган қизнинг яқинда вафот этган қариндошларидан бирининг руҳи чақирилади. Ундан кейин руҳга хоҳлаган саволингизни бераверасиз.

— Кейин руҳ гулдираган товушда жавоб беради, шунақами? — ҳаммадан шўх дугонамиз қиқирлади. — Сал мантиқли гапир!

— Йўқ, савол беришдан олдин, “Эй, фалончи бобо ёки момонинг руҳи, шу ерда бўлсангиз, узукни қимирлатиб ишора беринг”, дейилади. Узук қимирласа, руҳ келган бўлади. Кейин масалан, Зарифанинг тақдирин билмоқчи бўсанг, “Зарифанинг севган йигити борми? Бор бўлса, узукни қимирлатиб ишора беринг”, дейсан. Шу тарзда ҳамма саволларга жавоб олинади.

— Зўр экан-ку! — бирдан ҳамманинг қизиқиши ортди. 

— Синаб кўриш керак экан...

— Бир қилиб кўрсак, нима бўларкан?

Бу таклифларни эшитган бояги дугонам деди:

— Сал кеч бўлсин, ҳамма ухласин. Тағин катталар кўриб қолиб, койиб юрмасин. Лекин никоҳ узуги йўқ-ку, бизда...

— Янгангникини олиб келсанг-чи? — деди кимдир уй эгасига.

Уй эгаси бўлган ўртоғимизам маҳтал бўлиб турган экан, дик этиб ўрнидан турди. Бир зумда никоҳ узуги билан қайтди.

— Вой, янгангга айтдингми? — қўрқди ҳалиги “фолбинлик” қилмоқчи бўлган дугонамиз.

— Жиннимисан? Менинг ҳам ақлим жойида. “Малоҳат кўрмоқчи экан. Яқинда тўйи-ку! Эрталаб бераман, ухлайверинг”, деб келдим.

Бу гапдан ҳамма хотиржам тортиб, уйдаги катталарнинг уйқуга кетишини кута бошлади. Сўнг фол очишга тушиб кетдик. Бирма-бир навбатга ўтирган қизлар бирор қариндошининг руҳини чақирар ва саволларини берарди. Хуллас, ўша тун жуда кеч ухлагани ётдик. Энг даҳшати, тонгга яқин юз берди. Кутилмаганда узук эгаси бўлган келинчак биз ётган хонага югуриб кирди. Кимдир уйғонди, кимдир йўқ. Ҳалиги янгамиз эса ҳар биримизнинг юзимизга қараб сал олдин узук ёнида айтган саволларимизни такрорларди:

— Севган йигитим менга уйланадими, ишора беринг!

— Ўзимизнинг қишлоққа тегаманми, шундай бўлса, ишора беринг!

— Ўқишга кира оламанми, кирсам, ишора беринг!

Биз аввалига келинчак гапларимизни ўғринча эшитиб турган экан деб ўйладик. Аммо унинг кўзларининг бежолиги...

Афсуски, ўша тун асорати ҳамон кетмаган. Ўша келинчак ҳали-ҳали тузалмади. Йўлида учраган одамга бизнинг саволларимизни беради...

КАМИНА ёзиб олди

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!