Қовоқдан пирог - мавсумнинг ҳақиқий янгилиги!

14:14, 12 октябрь

Зарур масаллиқлар: хамирига: 350 гр. ун, туз, 120 гр. сариёғ, 1 дона тухум сариғи, туз; устига солишга: 1 кг. қовоқ, 200 мл. қаймоқ, 120 шакар, 3 дона тухум, ёнғоқ, долчин, қалампирмунчоқ кукуни.

Тайёрланиши: 1. Музлатилган сариёғни майдалаб ун ва туз билан аралаштиринг. Тухум сариғини солиб, 1 ош қошиқ сув қўшинг-да, хамир тайёрланг. Зувалани целлофанга ўраб, 1 соатга музлаткичга қўйинг.

2. Хамирни айлана шаклда, қолипингизга мослаб ёйинг. Бир-иккита жойига санчқи санчиб, яна целлофанга ўранг-да, 20 дақиқага музлаткичга қўйинг. Сўнгра устига қуруқ ловия солиб, 15 дақиқага 180 даражада қиздирилган газ печига қўйинг. Кейин ловия доналарини олиб ташлайсиз.

3. Қовоқни пўстидан тозалаб, катта бўлакларга бўлинг-да, зар қоғозга ўраб, 180 даражада қиздирилган газ печига 20 дақиқага қўйинг. Сўнгра майдалаб, яхшилаб эзинг.

4. Тухумни кўпиртириб, шакар ва қаймоқ қўшинг-да, кўпиртиришда давом этинг. Қовоқ билан аралаштириб, долчин ва қалампирмунчоқ қўшиб, пирог устига солинг. Майдаланган ёнғоқни пирог юзига жойлаб, 35 дақиқага 180 даражада қиздирилган газ печига қўйинг.

Тайёрланиш вақти: 1 соату 30 дақиқа.

6 кишилик.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!