«Эримни қандай оздирай?..»

14:31, 12 октябрь

Ортиқча килограмм фақат аёлларнинг бош оғриғи эмас. Биз-ку озишга аҳд қилсак, қай йўл билан бўлса-да бунинг уддасидан чиқамиз. Лекин эркаклар учун бу осон иш эмас-да! Паҳлавон жуфтингизнинг жонига озгина оро кираман десангиз, ушбу саҳифа орқали эркакларни оздиришга оид барча тавсияларни топасиз.

Унинг семирганини қандай аниқласа бўлади?

Бунинг учун эрингизнинг бел соҳасини ўлчаш керак бўлади. Агар:

  • бўйи 178-185 см. атрофида бўлиб, бели айланаси 102 см.дан ошса, бу семизликнинг биринчи даражаси.
  • Шундай бўйли эркакларнинг бел айланаси 94 см.дан ошса, бу ёғ тўпланиши хавфидан далолат беради.
  • Тана тузилиши нормал эркакнинг бўйи ва вазнидан қатъи назар қорни олдинга туртиб чиқиб қолган, бел айланаси эса 94 см.дан ошса, огоҳ бўлинг. Бу соғликка энг ёмон таъсир қилувчи юрак ишемик касаллиги, инфаркт ва инсульт хасталикларига чалиниш хавфини туғдиради.

Эркаклар нимадан семиришади?

  1. Саломатликдаги муаммолар сабаб;
  2. ёғли гўшт, колбаса, дудлама, нон ва ширинликларга суяги йўқлиги учун;
  3. спиртли ичимликлар истеъмоли борасида ўзларини хафа қилмаганлари важидан;
  4. камҳаракатлилик, кўп ўтирганликларидан…

Дангасаликка қарши курашинг!

Аёллар озиш мақсадида парҳезга амал қилиб, ортиқча вазндан халос бўладилар. Эркаклар эса бақалоқликни фақат жисмоний машғулотлар орқали енгишлари мумкин. Сабаби уларнинг мушаклари тўхтовсиз ҳаракатни талаб қилади. Шу боис сизнинг бош вазифангиз эрингизни қимирлашга ўргатишдир.

Нима қилсам, бу полвон озаркан-а?

Жуфтингизни ҳеч қачон озишга мажбурламанг. Семизликнинг зарарлари ҳақида ўқиганларингизни йўл-йўлакай айтиб ўтинг. Лекин таъсири шунақа бўлсинки, эрингиз маълумотни қаердан топганингиз билан қизиқсин. Спорт ва болалар тарбияси билан шуғулланишга жалб қилинг.

Яна бир йўли бор: қуйидаги маълумотларни яхшилаб ўзлаштириб, эрингизга вақти-вақти билан билдириб туринг:

  • ортиқча вазн соҳибларида қандли диабет касаллигига чалиниш эҳтимоли бошқалардан 6 марта кўп;
  • 4 марта кўпроқ инсульт ва инфарктга йўлиқишлари мумкин;
  • озғинлардан кўра 2 баробар кўпроқ бепуштликка олиб келиши мумкин;                                                             
  • 5 марта кўпроқ ўпка-бронх касалликларини орттирадилар;
  • бўғим ва суяк муаммоларига 2 баробар тезроқ дуч келишлари мумкин.

Озмоқчи бўлган эркакни нима билан боқиш керак?

  • Ўзингизча эрингизни парҳез туттирманг. Рационнинг бундай ўзгариши натижасида эркак баджаҳл, заҳарханда одамга айланади. Агар унинг ўзи буни хоҳласа, яхшиси, протеинли, пастуглеводли парҳез турларини танланг. Уларни махсус китоблардан ё интернет орқали топиш мумкин.
  • Жуфтингизга ҳар куни 3 маҳал овқат ва ора-орада 2 марта чой беришни одат қилинг. Охиргиси уйқуга кетишдан 2-3 соат олдин бўлиши шарт.
  • Табиий ва янги маҳсулотлардан семиртирмайдиган егулик пиширишга ўтинг.
  • Пастроқ калорияли десертлар тайёрланг. Бунда эрингиз билиб қолмаслиги учун ҳали ҳеч фойдаланиб кўрмаган рецептлардан фойдаланган маъқул.
  • Турмуш ўртоғингиз ишдалигида оч қолмаслигини назорат қилинг. Кетишида бирор егулик бериб юборасизми ё пешин пайти қўнғироқ қилиб, овқатланганини сўраб турасизми, бу ёғи ўзингизга ҳавола. Шунда у кўчадан бўридек оч қолиб келмайди ва жуда кўп овқат тановвул қилмайди. Натижада семирмайди.
  • Яримфабрикат ва фастфудларни ҳам чекланг.

Сизбоп маслаҳатлар

  1. Умр йўлдошингизнинг қалбига йўл топишга ҳаракат қилинг. Аразчи бўлмаса, катта қоринли эркак суратини шкафига осиб қўйинг; рашкчи бўлса, атайин озғин йигитларга кўз қирингизни ташлаб қўйинг.
  2. Имконият бўлди дегунча машинада эмас, пиёда юрғизишга ҳаракат қилинг.
  3. Дам олиш кунларини фаол машғулотларга, оилавий сайрларга ажратинг.

Дилноза УМАРОВА

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!