Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси имкониятларидан фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди

14:51, 12 октябрь

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси имкониятларидан тўлақонли ва мақсадли фойдаланиш учун қуйидаги тавсиялар берилди:
  
1. Бир мурожаатда мазмуни бўйича фақат битта масала кўтарилгани маъқул. Агар масалалар кўп бўлса, уларни ҳар бирини алоҳида мурожаат сифатида юбориш мақсадга мувофиқ. Шунда уларнинг тезкор ечимини назорат қилиш осонроқ бўлади.

2. Мурожаат матнини қисқа, лўнда ва тушунарли қилиб ёзиш керак. Мурожаат қанчалик узун баён этилгани муаммони шунчалик тез ҳал қилади дегани эмас, аксинча унинг ечимини қийинлаштиради. Агарда мурожаат билан боғлиқ қўшимча маълумот керак бўлса, мурожаатчидан бемалол сўраб олиниши мумкин.

3. Агар аввал қайсидир давлат органига мурожаат қилинган бўлса ва у ердаги мансабдор шахс томонидан масала жойида ҳал этилиши ўрнига пайсалга солинган ёки қўпол муомала қилинган бўлса, албатта, ушбу мансабдор шахснинг Ф.И.Ш. ва лавозимини кўрсатинг. Шунда мансабдор шахсга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.

4. Агарда тегишли давлат органига «ишонч телефони» ёки веб-сайти орқали аввал мурожаат қилган бўлсангиз ва у ёрдам бермаган бўлса, бундай далилни албатта кўрсатинг. Шунда ўша давлат органи ўзига тегишли хулоса чиқариши ҳамда жойлардаги ишонч телефонлари ва веб-сайтларини тўғри ишлашини таъминлаш чораларини кўради.

5. Мурожаатингизда имкони борича нимани сўраётганингизни аниқ кўрсатинг.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!