Қизларидан воз кечган ота

15:11, 12 октябрь

Юрак остидаги кичик қалб билан бирга худди шундай кичик умид туғилди. Шубҳа секин аста ортга чекинди...

Қўшниси олма тузларди. Ҳозир шуни ёдга олди ю, оғзида ширин тамшаниш ҳис этди. Аммо истагини чуқурроқ яширди. «Ҳомиладор истаган нарсасини емаса, боланинг қўлоғи кемтик туғилармиш деган гап аёлларнинг ўзи ўйлаб топган макр бўлса керак», — мийиғида кулиб қўйди у.

Қўшни холанинг шикоятини эшитди. «Келиним илон егиси келибди. Бошқоронғилар ажойиб бўлиб қолишди. «Шундай ушласам у, ғажиб еб ташласам», дейди нуқул. Нима қилсам экан, деб ўйладим да, кейин ҳасип пишириб, ун идишнинг ичига солиб қўйдим. Сўнгра келинга «Боринг омборхонадан ун олиб келинг, хамир қорамиз», дедим. Бир пайт келин хурсанд бўлиб қайтди, ҳасипни топиб, илон деб ўйлаб, еб қўйибди. Ўшандан бери кўнгли жойига тушди».

Матлубанинг ичи сирқираб кетди. Янги келинлигида бошқоронғи бўлганини эшитган эри ва қайнонаси уни қўйишга жой топишолмасди. Истаганини муҳайё қилишар, оғзидан чиққанини топиб келишарди. «Сен ўғил туғасан» дерди унинг чиройли ҳомиладорлигини кўрганлар. Қизи туғилганда, эрининг ҳафсаласи бироз пир бўлди. Матлуба эса… қийналарди, шундай эрига ўғил туғиб бермагани учун.

Иккинчи марта ҳомиладор бўлганида, ўғил туғиш учун ким нима маслаҳат берса, барчасига амал қилди. Амал бошқа, тақдир бошқа экан.

Учинчиси ҳам қиз туғилганда эрининг фиғони фалакка чиқди. Аввал «аяжониси» бўлган Матлуба, энди «Матлу! Қайси гўрдасан»га айланди. Баъзан ўзи ҳам ҳаётда яшаяптими ёки жаҳаннамдами, фарқига бормас даражага етди. Гўё онаси уни азоб учун туққан эди. 

Мана яна бир умид, яна бир тўққиз ойлик интизор кутиш...

Қорни дўппайганга қадар ҳомиладор эканини ҳаммадан беркитди. Худди кўз тегишидан қўрққан оҳудай, кечалари Худога нола қилиб эри учун лочин ўғил тилади.

«Ҳолва экан, қоқиндиқ, кутганингиз нима эди?» — чақалоқ йиғиси аралаш келган овоз орзуларини чил чил қилди. Эри, ҳатто, бир бор келиб сўрамади ҳам, туғруқхонадан армонга айланган орзулари устидан ёлғиз ўзи қадам ташлаб чиқди.

Салом, ёлғизлик!.. Бирин кетин туғилган тўрт қиз бир бирини сочини тортиб, қиқиқирлашиб ўсишарди. Матлуба уларга тикилар экан, кечқурунги совуқ тўшак ҳам, кунларни тунларга улаган жияк, кашталари ҳам барчаси ёдидан чиқарди.

Яқинда қулоғига чалинди. Эри ўз орзусига етибди. Мана, энди унинг лочин ўғли бор. Қизларининг укаси бор. «Бир бора бўлса ҳам келиб кўрмади я шу Меҳрини...» — ичи зил кетди Матлубанинг.

Умр ўтади, дардлар секин аста унут бўлиб, уларнинг ўрнини қувонч ниҳоллари эгаллайди. Мева бера бошлаган ёш дарахтларни кўрганда қалб хурсандликдан ёрилай, дейди ю, «Ўша кунлар бўлмаганда, бу кунларнинг қадри шундай ширин бўлармиди?» деган фикр ўтади хаёлдан.

Тўйнинг ширин ғала ғовури. Матлубанинг уйида яна бир хавотирли кутиш, «Келармикин? Таклифномани қўлига бердингми, Мурод?» деб сўрайди у укасидан. «Опа, нима мунча кутдингиз а? Келмаса келмас! Қўлига бердим, айтдим ҳам. Агар сизнинг илтимосингиз бўлмаганда, шу одамни юзига ҳам қарамасдим. Биз бормиз ку ёнингизда. Битта тоға еттита отанинг ўрнини босади. Қизингизнинг бир эмас, учта тоғаси бор. Хавотир олаверманг”.

«Дадангнинг оёғини ўпиб, остонадан унинг дуоси билан кетиш насиб етмабди сенга, қизим. Кечир мени...» — дейди Матлубанинг кўз ёшлари. Ҳарир либосда, юзида назокат, қизлик малоҳати барқ уриб турган қизининг юзларидан ўпаркан, унинг кўз ёшлари билан қоришиб, «Онажон, йиғламанг...» сўзлари дардларини ортга чекинтиради.

«Ҳа, мана энди қизлардан ҳам тинчидингиз, эгачи. Бемалол оёқ узатиб ўтирсангиз ҳам бўлади. Шу Меҳрингиз бирам чиройли келин бўлди ей», дейди қўшниси.

Бир бирига меҳр билан қараган қизи ва куёвини ҳар тонг ишга кузатар экан, «Худо назардан сақласин!» дея туф туфлайди Матлуба.

Дарвоза таққилади. «Ҳозир», дея эшикка йўналди аёл. 

Қаршисида юзлари кўкариб, моматалоқ бўлган қари киши турарди. «Гадоймикин?» — ўйлади Матлуба. Гадой деса, кийимлари туппа тузук.

— Матлу... — таниш овоз, қалбининг бурчак бурчагида тирилиб қайтган узун йиллар хотираси.

— Мансур ака?

— Уйга киришга изн берасанми? 

Аёл аста чекинди. Мансур ҳовлига кирди, атрофга қаради.

— Қизларинг йўқми? — худди йиллар ўтмагандек сўради Мансур. 

— ...

— Менга бундай қарама, Матлу... Биламан, уларнинг энди ўз уйлари бор. Кўчанинг нариги тарафида анча кузатдим. Куёв билан қизинг кетгандан кейин дарвозани таққилатдим. «Бу ким?» деган саволни ўз қизимдан эшитишни истамаганим учун балки шундай қилгандирман. Бош эгиб келганим, айбимни тан олганимнинг белгиси. Мени ҳайдама, хор бўламан!

Дарсларини тугатиб, Меҳри уйга қайтди. Дарвозанинг очиқ турганини кўриб ҳайрон бўлди. «Қўшни кирган шекилли» — хаёлидан кечди унинг. Ҳовлига кираркан, чорпояда ўтирган нотаниш кишига кўзи тушди. Каловланиб, нима дейишни билмай қолди да, сўнгра:

— Ассалому алайкум, — деди.

Нотаниш киши унга узоқ ва мунгли қараб турди, ҳатто Меҳрига унинг кўзлари ёшга тўлгандай туюлди.

— Ваалайкум ассалом, қизим, – деди.

Меҳри нима қиларини билмай ошхонага ўтди. Ичида онасига деди: «Оҳ, онам а, одам шунчалар ҳам раҳмдил бўладими?»

Ошхонада куйманаётган онасини кўрди.

— Ойи, анови чорпаяда ўтирган киши ким? – деди эшикдан кирар кирмас.

Онаси қизини кўриб шошиб қолди. Шунда Меҳри онасининг ёш тўла кўзларини кўрди.

— У нотаниш киши эмас… сенинг отанг…

Меҳри отаси борлигини билар, аммо ҳеч қачон онасидан «Отам қаерда?» деб сўрамаганди. Онаси опалари билан уни қийналиб ўлғайтираётганини билар, бир дардига ўн дард қўшишни истамасди. Қўни қўшнилардан отасининг бошқа оиласи борлигини ҳам эшитганди.

Кечқурун бир дастурхон атрофида йиғилишди. Аммо гап гапга қовушмас, орага ноўнғай сукунат чўкарди. Бирдан Мансур ҳамма иродасини йиғиб гап бошлади:

— Ўғил, ўғил, деб сени қон қақшатдим, Матлу. Худо ҳам мени ўша ўғил билан қон қақшатди.

Бу ҳовлининг янги аъзосига айланган куёв қайнотасининг гапларидан хижолат чекар, ўрнидан туриб кетишга эса истиҳола йўл бермасди. Меҳри энди отасидан кўзини узмас, юз ифодасидан унинг ҳисларини билиш қийин эди. Матлуба ерга қараганча, қимир этмай ўтирарди.

— Ўғилли бўлдим. Ўниб ўсди, ўлғайди. Бироз саёқлиги бор эди, унча эътибор қилмадим, ўғил бола, деб оқладим. Адашган эканман, бир кун келиб қўл кўтарди, сўнгра эса калтаклашни одат қилиб олди. Аввалига «Нега бундай бўлди?» деб кўп кўйиндим. Кейин сен ақлимга келдинг, Матлу! Сени қон қақшатганларимни эсладим, қизларимни эсладим. Кеч бўлса да, эсладим…

* * *

Меҳри опа бизнинг мактабда ишларди. Онаси Матлуба ая анча йил аввал оламдан ўтган, Мансур ота эса соқоллари оппоқ нуроний ва файзли бобо бўлиб қолганди. У кишини мактабдан қайтишимда кузатишни яхши кўрардим. Ҳали қўлида токқайчи, ҳали кетмон билан ишдан бўшамайдиган бу кишининг бирор марта гапирганини эслай олмайман. Ҳар доим боши эгик, кўзлари ерга қараб турарди. Мансур бобонинг сокин чеҳрасига қараганим сари ҳеч қачон жаҳли чиқмаса керак, деган фикрга келардим. У кишининг ҳаётини ҳикоя қилиб беришганда яхшилик ҳақидаги хаёлларим чилпарчин бўлганини ҳис қилганман. Аммо беайб Парвардигор, дейдилар.

Кавсар АСҲОБОВА

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!