Ноодатий ҳикоя: Бир тола ёғду

15:41, 12 октябрь

Тонг саҳардан жиринглаган қўнғироқ Ботирни шошириб қўйди. Уйқусираганча ёстиғи тагидан телефонини олиб қараётганда сукунатни ёриб, яна жаранглаган овоз уйқусини буткул ўчириб юборди. 

Юраги ҳапқириб телефонини олди: 

— Алло?..

— Ботиржон... — онасининг синиқ овози оёғининг учигача электр токи ўтгандек таъсир қилди, бутун танаси қулоққа айланди.

— Ойи... тинчликми? — деди салом беришни ҳам унутиб.

Ойиси жавоб бериш ўрнига ҳиқиллаб йиғлай бошлади.

— Ойи?! Нима бўлди? Нега йиғлаяпсиз? — юраги ёмон хабарни сезган Ботирнинг овози титраб кетди.

— Опанг... Опанг оғирлашиб қолди... — онаси уввос тортиб юборгач, оёғи остида ер лопиллаб кетгандек бўлди. 

У ич-ичидан шошилиш кераклигини сезар, лекин нима қилишни билмай у хонадан бу хонага зир югурарди. 

Кейин ошхона ўртасида тўхтаб, хаёлини бир жойга йиғмоқчидек бошини чангаллади. Ошхона ивирсиб ётар, ювилмаган идишлар, товада қотиб қолган макарон, бир стол бўлиб ёйилиб ётган овқату мева қолдиқлари кўзига балодек кўриниб кетди. Бир ҳафтадан буён аразлаб онасиникида юрган хотинини эслаб, аламдан оёғи тагидаги стулни қаттиқ тепди. Шовқин билан ағанаган стул икки айланиб, музлаткичга урилиб тўхтади.

Оғриган оёғини ушлаб ўзини креслога ташлаган Ботир ўзига ўзи гапирди: “Ўзингни қўлга ол! Ҳозир ваҳиманинг вақти эмас. Нафиса билан кейин, алоҳида гаплашасан!”

Шундан сўнг у уйни гир айланиб кийинди, гоҳ калити, гоҳ пулини олмагани эсига тушиб, остонадан икки марта қайтишига тўғри келди.

Соат эрталабки тўртлиги учун кўчалар кимсасиз бўлса-да, машинасини учириб кетаётган Ботирга Тошкентдан Чирчиққача бўлган масофа бир умрга чўзилгандек бўлди. 

“Опажон, мен боргунча ўлиб қолманг... жон опажон...” — у гоҳ-гоҳида йўлни кўришга халақит қилаётган кўз ёшларини артиб, тезликни янада оширарди.

Масофа чўзилганига диққати ошиб турганда унга хаёллари ёрдамга келди...

Оилада катта фарзанд бўлган Назира турмушидан ёлчимади. Ботир эсини танибдики, опасининг гоҳ кўзи кўкариб, гоҳ қўли ёки қовурғаси синиб юрарди. Йиғлаб онасига дард айтиб ўтирганига бир неча марта Ботирнинг кўзи тушган. Опасига ота уйига аразлаб келиш ҳам мумкин эмасди. Дадаси “Қизи эридан ажрашибди деган гапни кўтармайман! Ажрашишни хаёлига ҳам келтирма, чидайсан!” дея чўрткесарлик билан ҳукм ўқигани сабаб ёш боладек содда, беозор Назира йиғлаб-йиғлаб, болаларини еткалаб яна қайтиб кетарди. Ботир опасига жуда ачинар, ич-ичидан “Мен ҳеч қачон хотинимни урмайман”, деб ўзига-ўзи онт ичарди. 

Ботир улғайгач, поччаси унинг ҳайбатидан бироз чўчийдиган бўлди. У бор давраларда кекирдагини чўзиб гапиролмасди. Ботир ўқиб, уйланиб Тошкентда яшай бошлагач, почча яна қилиқ чиқарди. Энди хотинига қўшиб болаларини ҳам калтаклайдиган бўлди.

Ботир охирги марта онасининг туғилган кунига борганида опасининг оёғи гипсланган ҳолда, қўлтиқтаёқда кириб келганини кўриб, дунё кўзига тор кўринди. Ўшанда жаҳл устида рулда ўтирган поччасига ташланганда ота-онаси зўрға ажратиб олишган. Муштумзўр эр эса машинасини учириб қочиб қолганди. 

Дадаси Ботирни тинчлантираётган паллада онаси ошхонада туриб қизини койиётгани қулоғига чалинган. “Шу бугун келмасанг, нима бўларди? Укангнинг феълини биласан-ку!”. 

—  Ботир ишдан чиқиб кечроқ келса керак деб ўйлабман... — опасининг айбдорона овози эшитилди. — У келгунча тезда сизни табриклаб кетай дегандим...

—  Э-э... сенларнинг ғалвангдан кун кўрмай ўлиб кетарканман-да,— деди онаси ғудраниб. 

—  Ойижон, кечиринг, туғилган кунингизда кўнглингизни қоп-қора қилдим...

Ботирнинг юраги туз сепгандек ачишди. Шу воқеагаям икки ой бўлипти. Бу орада Ботир ота-онасидан бир неча марта опасининг ҳолини сўради. Дадаси “Сен уларнинг оиласига аралашма, ўзлари келишиб олишади. Эр-хотиннинг ўртасига эсини еган тушади. Ҳадеб опангникига бораверма, биласан, поччанг сени ёқтирмайди”, деб койиб берди. 

Ўн кун олдин Тошкентга меҳмонга келган онасини кузатаётиб Ботир “Опамга бериб қўйинг, ками кўстига яратар” деб пул узатди. Онаси лабини тишлаб “Опангнинг кўрган куни қурсин-а”, деб кўзига ёш олди.

Онаси кетиши билан хотини минғирлади.

—  Топганингизни опангизга тиқиштирасиз...

Ботир сесканиб кетди.

—  Сенга етмаяптими?

—  Етмаяпти демадим-ку, шунчаки опангиз раҳмдиллигингиздан фойдаланаётгандек туюлади менга...

Онаси билан опаси ҳақида гаплашиб, алами бўғзига тиқилиб турган Ботирни бу гап портлатди. Шундоқ ҳам кун кўрмаган опасидан энди хотини ҳам айб топаётгани унга қаттиқ алам қилди. 

—  Агар... — деди у жаҳлдан тутилиб хотинининг бошига бостириб борди. — Агар яна бир марта шунақа десанг, ўзингдан кўр! 

Хотини унинг важоҳатидан қўрқиб, орқага тисарилди.

—  Вой, мен нима дедим?.. Мен фақат поччангизнинг топиши ҳам ёмонмас-ку, намунча опангизга пул бераверасиз, демоқчийдим...

Бир гапдан қолиш ўрнига поччасини тилга олгани Ботирга баттар алам қилди ва беихтиёр хотинига тарсаки тортиб юборди.

Умрида эридан калтак емаган Нафиса алам устида боласини олиб отасиникига кетворди. 

Мана, бир ҳафтадан бери дараги йўқ. Ботир ҳам жаҳл қилиб қўнғироғига жавоб бермади.  

“Қайсар! — ғижинди Ботир тиши орасидан. — Опамни ёмонлайди-я! Ўзи бир тарсаки еганига чидай олмай тугунини тугиб кетворди. Опам шўрлик... бир умр боши калтакдан чиқмади-я. Агар опамга бир гап бўлса, хотинимни кечирмайман. Кейин бир умр пушаймон есам ҳам майли...”. Ботир жаҳл устида шундай қарорга келди. 

Шу хаёллар билан Чирчиққа кириб борган Ботир бозор олдидаги кўчада машиналар кўплигини кўриб, юраги шув этди. Шошиб ота ҳовлисига отиларкан, айвонга етмасидан ичкаридан додлаган овоз эшитилди.

— Вой, қиз-и-и-и-м! Кун кўрмаган қизи-и-и-м!

Ботир ўн метрли айвлонни икки ҳатлаб ўтди. Каравотда ҳаловатли жилмайиб ётган опасининг ёнида тиз чўкиб хўнграб юборди...

Опасини қандай қилиб кўмиб келишди, кимлар келиб-кимлар кетди билмайди. Бир икки марта синглиснинг эри “Ака, ўзингизни қўлга олинг, одамлар келишяпти”, деб унга далда бўлишга уринди. Лекин Ботир сира ўзини қўлга ололмасди.

Кун бўйи онасининг ёнига яқинлашолмади. Кеч бўлгач, каравотда жонсиздек чўзилиб ётган онасининг ёнига чўк тушди.

—  Онажон, нега менга вақтлироқ айтмадингиз, онажон?

—  Болам, мени қийнама... афсус-надоматдан ичим куйиб кетяпти... Опанг жигари эзилганини биларди... Сенга айтсам, поч... анови қон қусгурни ўлдириб қўярдинг, болам... Опангнинг болалари сени дадасининг қотили деб билишарди, сенинг ўғлинг дадам қотил дерди... Кейин бу тамғани қандай кўтарардик? Нима қилай, болам?.. 

—  Нима деб ўйлашса ўйлайверишмайдими?! Бунинг нима аҳамияти бор, ахир опам шу аблаҳни деб ўлди-ку... Мен барибир уни топаман.

—  Хайрият... 

—  Н-нима хайрият?!

—  Ҳеч бўлмаса, сени асраб қолдим-ку, болам... У аблаҳ қочиб кетипти. Россияга кетганмиш. Лекин Худонинг жазосидан, менинг қарғишимдан қутила олармиди?! 

—  Эҳ, онажон, нимлар деётганингизни ўзингиз тушуняпсизми? Ундай палид одамларни Худога солиб қўймасдан, шу дунёдаёқ жазосини бериш керак. Нега опамни ажратиб олмадинглар, нега?

Онаси оғир хўрсинди, онаизорнинг ичидан олов чиққандек бўлди.

—  Дадаси, ойимни қийнаманг...

Ботир таниш овозни эшитиб сапчиб тушди.

—  С-сен бу ерда нима қиляпсан? — ўқрайди хотинига. — Опамнинг ўлганини эшитиб, хурсанд бўлгандирсан? Томоша қилгани келдингми?!

—  Н-нималар деяпсиз? — Нафиса ранги оқариб орқага тисарила бошлади.

—  Бот-и-и-р, — онаси уни шаштидан қайтариш учун ингради.

—  Мени тўхтатманг, ойи, у опамни ёмон кўради! Опам учун уришиб уйдан кетиб қолган одам, энди келиб маъракасида хизмат қилиб юриптими?

Ботир чалғиганидан фойдаланган хотини шошиб хонадан чиқиб кетди.

—  Ўтир... — буюрди онаси шивирлаб. — Почча... опангнинг нобакор эри ёмон бўлганига ҳаммани ёмон деб ўйлама, болам, ҳамма ришталарни бирдек узиб яшаб бўлмайди. Келин аразлаб отасиникига кетгани йўқ. У бир ҳафтадан буён бизникида, опанингнинг сўнгги кунида хизматини қилди. Опанг ундан мингдан-минг рози бўлиб кетди...

—  Н-нима?! — Ботир ҳеч нимани тушунмай хотинининг изидан қаради.

—  Ўша куни ўйламай гапириб юборган экан. Эртасига қайтиб борса, калити йўқ экан, телефонига жавоб бермаганингдан кейин тўғри бизникига келди. Шундан буён шу ерда...

Ботир иккиланган туйғулар орасида онасининг қўлига юзини босди. Тошдек қотган юрагига ипдек ингичка нур оғриқли суқилиб киргандек бўлди... Бу нур онаси айтган ришатлигини тушуниб, оғир хўрсинди. 

Дилфуза СОБИРОВА

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!