Гинеколог огоҳлантиради: ҳар бир аёл билиши керак бўлган 5 қоида

10:38, 13 октябрь

Ташвишлар ва юмушларга ўралашиб қолган ҳолда кўпинча саломатлигимиз ҳақида унутиб қўямиз. Бироқ  касалликни даволагандан кўра уни олдини олиш осонроқ! Бу қоида аёллар билан боғлиқ хасталикларда жуда муҳим. Ҳар бир аёл билиши керак бўлган ҳолатлар тўғрисида олий тоифали шифокор, гинеколог Зумрад СОБИРОВА таништиради.

Ажралмаларга бефарқ бўлманг!

Умуман олганда, ажралмаларнинг кузатилиши табиий ҳол саналади. Рангсиз, оз миқдордаги ва ҳидсиз ажралмалар аёл саломатлигида муаммо йўқлигини билдиради. Бироқ бунинг акси бўлса, сергакликни кўздан қочирманг. Ҳайз цикли давомида ажралмаларга эътибор беринг, миқдори, ранги ҳамда ҳидининг ўзгариши касалликдан огоҳ этиши мумкин. Аниқ ташхис қўйиш учун эса, албатта, шифокор кўригидан ўтиб, таҳлил топшириш талаб этилади. Бироқ айрим хасталикларни ўзингиз ҳам бемалол аниқлай оласиз. Масалан, творогсимон оқ ажралма ва ёқимсиз қичишиш замбуруғли инфекция мавжудлигидан дарак беради. Суюқ рангсиз, лекин ҳидли ажралма эса вагинозга чалинган аёлларда учрайди. Ҳар ярим йилда қиндан таҳлил топширишни профилактик чора сифатида қабул қилиш тавсия этилади.

Касаллик қайталанмасин!

75 % аёллар бир марта бўлса-да, кандидоз (молочница) билан оғрийди. Агар хасталик белгиларини ўзингиз аниқлай олсангиз, махсус вагинал крем ва шамчалардан фойдаланиб, даволанишингиз мумкин. Лекин даво чоралари тўғри олиб борилиши ва касалликни бутунлай бартараф этиш учун гинеколог кўригидан ўтиш зарур. Кандидоз ҳамда вагинал герпес билан қайта оғришни истамасангиз, иммунитетингизни мустаҳкамланг!

Инфекцияга қарши курашинг!

Аввало гормонлар миқдори ҳамда қин микрофлорасига таъсир кўрсатувчи ҳар қайси омил таносил хасталикларининг авж олишига сабаб бўлиши мумкин. Улар қўйидагилар: қандли диабет, ҳомиладорлик даври, антибиотик дорилар ва орал контрацептивлардир. Шунингдек, қинни сув билан ювиш билан микрофлорадаги фойдали бактерияларни нобуд қилиб, турли инфекциялар ривожланишига шароит яратилади. Маслаҳатимиз, шифокор кўрсатмаси бўлмаган ҳолларда бу ишни амалга оширманг. Душ учун гель, денгиз тузлари ва сифатсиз интим гигиена воситаларидан иккиланмай воз кечинг! Дори қутингизда мудом кандидозга қарши восита бўлишини тавсия этамиз.

Соғлом турмуш тарзига риоя қилинг!

Умр йўлдошингиз садоқатига ишонсангизда, жинсий йўл билан юқувчи касалликларга нисбатан эҳтиёт чораларини кўринг! Аксарият жинсий йўл билан юқувчи хасталикларга қарши дори воситалари ишлаб чиқарилмаганини ҳам унутманг! Ахир айтишадику, «ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма!» деб. Ўзингизда нохуш белгиларни сезган заҳотингиз шифокор кўригидан ўтинг!

Мунтазам шифокор кўригидан ўтинг!

Аёлларга ҳар олти ойда гинеколог кўригига бориш тавсия этилади. Шу билан бирга қин, пешоб ва анал йўлидан таҳлил топширишни шарт, деб санаш керак. Акс ҳолда, касаллик ўз вақтида аниқланмай, бепуштлик, бачадондан ташқаридаги ҳомиладорлик, ҳомиланинг нобуд бўлиши ва эрта туғруққа сабаб бўлиши мумкин. Нохуш ҳолатларни бартараф этиш аса ўз қўлингизда! 

Дилноза МИРТОЛИПОВА тайёрлади. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!