Суякларингиз мустаҳкамми? Текшириб кўринг!

11:04, 13 октябрь

Суякларингиз ўзига ниҳоятда керакли бўлган кальцийдан жудо бўлмаяптими, остеопороз сизга хавф солмаяптими? Қуйидаги тест саволларига жавоб бериб, буни аниқлашингиз мумкин.

  • Қадди-қоматингиз жуда нозик — 1 балл.
  • Табиатан оқбадан ва малласочсиз — 1 балл.
  • Яқинларингиз остеопороздан азият чекишади — 3 балл.
  • Спорт билан мунтазам шуғулланасиз — 1 балл.
  • Доим жисмоний зўриқиш талаб қиладиган ишларни бажарасиз — 2 балл.
  • Спиртли ичимликлар истеъмол қилиб турасиз — 1 балл.
  • Тез-тез аччиқ қаҳва ичиб турасиз — 1 балл.
  • Газли ичимликларни яхши кўрасиз — 1 балл.
  • Творогли маҳсулотларни хуш кўрмайсиз (ёки шунчаки емайсиз)1 балл.
  • Тузли емакларга тоқат қилолмайсиз — 1 балл.
  • Парҳез тутишга бир неча бор урингансиз — 1 балл.
  • Чекасиз — 1 балл.
  • Камҳаракат ҳаёт тарзи кечирасиз — 1 балл.
  • Узоқ вақт давомида глюкокортикостероидлар (преднизолон, гидрокортизон) қабул қилгансиз — 5 балл.
  • Сизда қалқонсимон без фаолияти юқори — 1 балл.
  • Биринчи ҳайзни 17 ёшдан сўнг кўргансиз — 1 балл.
  • Сўнгги йилларда бўйингиз бироз пасайганини ҳис қилаяпсиз (3 см.дан кўпроқ) 1 балл.
  • Сизда аллақачон климакс бошланган — 1 балл.
  • Сўнгги марта ой кўрганингизга:
    • 6-12 ой — 1 балл.
    • 2 йил — 2 балл.
    • 3-5 йил — 3 балл.
    • 6-10 йил — 4 балл.
    • 10 йилдан кўпроқ вақт бўлган — 5 балл.

Инкор жавобларга балл ҳисобланмайди.

Натижалар

0 дан 5 гача: хурсанд бўлишингиз мумкин, остеопороз хавфи унча катта эмас. Соғлом турмуш тарзи кечиринг, тўғри овқатланинг. Таомномангизга творогли, сутли маҳсулотларни киритинг. Кунжут уруғи ҳам калцийга жуда бой.

6 дан 10 баллгача: суяклар тизимингизга алоҳида эътибор қаратишингизга тўғри келади. Жисмоний фаолликни оширинг, аммо меъёрни унутманг. Таомномангизда кальцийга бой маҳсулотларни кўпайтиришга ҳаракат қилинг. Кальций яхши ўзлаштирилиши учун D витамини қабул қилиш ва тоза ҳавода кўпроқ бўлиш лозим. Сизга дори кўринишидаги кальций ҳам ёрдам бериши мумкин.

11 баллдан юқори: организмингизда кальций етишмовчилиги яққол сезилиб турибди. Суяклар ўта нозиклиги ҳамда синувчанлигининг олдини олиш учун дарҳол травматолог-ортопедга мурожаат қилинг ва даволаниш курсини ўтказинг.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!