9 ойда 5,5 минг донадан ортиқ психотроп таблеткаларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди

11:16, 13 октябрь

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрда қабул қилинган “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан божхона чегарасидан олиб ўтилиши, муомалага киритилиши тақиқланган ва чекланган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар рўйхатлари тасдиқланган.

Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида божхона органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 90 га яқин божхона қоидабузарликлари натижасида 5,5 минг донадан ортиқ психотроп таблеткаларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси божхона органлари тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжатлар мавжудлигини ва уларда кўрсатилган маълумотларнинг жисмоний шахсдаги гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг номларига ва сонига мувофиқлигини белгиланган тартибда назорат қиладилар.

Жисмоний шахслар томонидан тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжатда ва божхона органига билдирилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар номлари ва сонидан ортиқ бўлган тақдирда ортиқчаси олиб қўйилади ва белгиланган тартибда йўқ қилинади.

Дори воситалари ва тиббий буюмларни жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ҳамда олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги Низомга кўра гиёҳвандлик воситаларини 7 суткалик эҳтиёждан ортиқ бўлмаган миқдорда олиб киришга яшаш ёки бўлиш мамлакатининг тиббиёт муассасаси томонидан берилган, даволаш курсининг тавсия этиладиган сони кўрсатилган ҳужжатлар мавжуд бўлганда рухсат берилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!