“Эримнинг фаррош аёлга уйланишига изн бергандим...”

11:40, 13 октябрь

— Бундан 26 йил аввал севишиб, синашиб оила қургандик. Тўрт нафар фарзандимиз бор. Шу йиллар ичида бошимиздан турли қийинчиликлар ўтди... Худо бизга давлат берди, фарзанд берди, турмушимиз ширин эди. Савобталаб турмуш ўртоғим бир фаррош аёлга рўзғорини бутлашга ёрдамлашиб юрарди.  Қарангки, у аёл пихини ёрган уддабурон чиқиб, хўжайнимнинг холис ёрдамидан фойдаланиб қолди. Бир куни эрим “Мен унга уйланишга лафз қилиб, ваъда берганман. Қаршилик қилма”, деди. Мен ҳам унинг сўзларини тўғри қабул қилдим, уруш-жанжалсиз гаплашдик. “Шаънингиз ерга урилишини истамайман, ваъда берган экансиз, майли, шаръий никоҳ ўқитиб яшанг, розиман”, дедим. Аммо эрим 9 йилдирки, ўша аёлникида яшайди. Ўғилларим улғайиб “Онажон дадам билан ажрашинг, бундай яшаб ўзингизни қийнаманг”, деб айтишаяпти. Яқинда саломатлигим ёмонлашиб, шифокорга учрашгандим, турмуш ўртоғим билан эр-хотинлик муносабатларимиз яхши эмаслиги учун хасталикка чалинганимни айтишди. Фарзандларимнинг отасига “Бир ойда бир марта уйга келинг” десам, “Сабр қилинг” деган жавобни эшитаман. Ташқаридан қараганда, жуда бахтли кўринсам-да, ўзимдан ўтганини ўзим билиб турибман. Шу пайтгача эримнинг кўзига тик қарамадим, барига сабр қилиб келдим. Хўжайинимни оилага қайтаришни истайман. Нима қилай?

Зулфия, 45 ёш, Наманган вилояти.

Қайнонажон: — Эр-хотин ўртасидаги муносабатларда ўзига хос ҳаё пардаси мавжуд, жон қизим. Бу элу юрт кўз ўнгида муҳокама қилинадиган масала эмас, назаримда. Агар ғўр, ҳали оила нима, турмуш нима тушунмайдиган йигит-қизлар бўлганингизда ҳам майли эди. Иккингиз ҳам ҳаётда ўз ўрнини топган, тўрт болани ўстириб тарбия қилаётган кап-катта одамсиз. Ишонаманки, иккингиз бу маслани ҳал этишга қодирсиз. Сизга аёл сифатидаги маслаҳатим эса уйда ўтириб қолманг, бирор иш билан машғул бўлинг. Шароитингиз кўтарар экан, ташқи кўринишингизга эътибор қаратинг, ахир 45 ёш ҳаётнинг янги палласи бошланди дегани. Яқин орада ўғил уйлантириб, қуда-анда қиласиз, бу муаммоларингизни ортга ташлаб, янги ҳаёт бошлашга ҳаракат қилинг.      

Шаҳноза Халилова, руҳшунос: — Кундошликка розилик билдирган кунингизданоқ эрингизни бошқа аёлга қўш-қўллаб топшириб қўйгансиз. Ахир хотинининг “оқ фотиҳа”сини олган ҳеч бир эркакнинг бу ишдан виждони қийналмайди. Бошини баланд қилиб, кўкрагини кериб юраверади. Сиз эса барига сабр қилиб, уни қайтаришга умид қилиб умрингизни ўтказаяпсиз. Билсангиз, эрингизни ортга қайтаришнинг йўллари бисёр. Фақат бунинг учун шу йўллар давомида у сизга етказган руҳий озорларни даволаш, ўзингизга нисбатан ишончингизни қайта тиклаш лозим. Ана шундан кейингина турмуш ўртоғингизни қайтариш усуллари ҳақида бош қотирсангиз бўлади. Агар эрингиз сиз ва фарзандларингизни таъминлаб қўйган экан, маслаҳатим, қалбингиздаги оғриқларни чиқариб юбориш устида ишланг.

Саодат ОЧИЛОВА ёзиб олди. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!