8 ирим: улар ростдан ҳам амалга ошадими?

13:39, 13 октябрь

Эрталаб ишга отланар эканман, онам «Эшикдан ўнг оёғинг билан чиқ, ишинг ўнгидан келади, эшикдан орқага қайтма, ишинг унмайди», деб уқтиради. Ҳар бир оиланинг бу каби одатлари, иримлари бўлса керак. «Остонада ўтирма, ёмон бўлади, шанба куни тирноқ олиб бўлмайди», каби гапларни ҳам эшитгандирсиз. Орамизда ҳатто олашақшақ боши устида шақилласа кўнгли хижил бўлиб юрадиганлар ҳам кўч учрайди. Аммо аксарият ҳолларда бу иримларнинг асл сабабини билмаган ҳолда улар таъсири остига тушиб қоламиз ва амал қилишда давом этамиз. Баъзи ҳолларда эса бу иримлар бежиз ўйлаб топилмаганига амин бўламиз…

1

«Бугун 13-сана, жума. Бир бало бўладиёв...»

Ростдан ҳам ойнинг 13-санасини ички хавотир билан кутадиганлар талайгина. Бу ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ бўлса керак. Чунки баъзан киши қаршисидаги инсоннинг хавотирини ўзига юқтириб олса, баъзида атрофдагиларга ўзи шу тахлит таъсир кўрсатади. Шу тариқа турли бидъату хурофотлар илдиз отади.

XIV асрда 13 октябр, жума куни Франция подшоҳи Хушруй Филиппнинг буйруғига биноан, тамплиерлар орденининг барча аъзолари ҳибсга олинган. Улар қийноқлар таъсирида хилоф иш қилганликларини тан олишган. Маҳбусларга оловда ёқиш жазоси берилган. Айнан ўшандан буён ойнинг 13-санаси жумага тўғри келган кунга шубҳа билан қарай бошланган.

Аслида эса: иложи бўлса бу кунга ҳеч нима режалаштирманг. Айтишларича, бу  унчалик ҳам муваффақиятли келмас эмиш.

2

«Йўлга чиқишдан аввал бироз ўтириб олиш зарур»

Мазкур иримга ишонувчиларнинг фикрича, бунга уй жини сабабчи эмиш. У хонадондаги барча нарсаларни ўзига тегишли деб билади ва шунинг учун уйдан у-бу буюмни олиб кетишларини истамайди. Агар уй эгаси сафарга чиқмоқчи бўлса, йўлга чиқишдан аввал бир неча сония ўтириши лозим. Бу пайт уй жини мулойим хулқли бўлса, уй эгасига оқ фотиҳа берармиш. Ёмон хулқли уй жини эса «ҳеч қаерга кетмайди», деб тинчланиб қолармиш. Сафарга чиқувчилар бу удумга риоя қилмаса, уларнинг йўлига турли тўғаноқлар қилишдан ҳам тап тортмас экан. Масалан, керакли нарсаларни яшираркан, сафарга чиқувчиларни уриштириб қўяркан.

Аслида эса: сафарга чиқиш — ҳаяжонли ҳодиса. Шу сабабли йўлга чиқувчиларнинг ёдидан у-бу нарса чиқиб қолиши мумкин. Йўлга чиқишдан аввал бироз ўтириш ҳам ҳаяжонни босади, ҳам эсдан чиққан нарсани ёдга олишга ёрдам беради.

3

«Туз тўкилган уйда можаро чиқади»

Музлатгич пайдо бўлгунга қадар кўпгина маҳсулотлар қишга тузланган ҳолда сақлаб қўйилган. Тузни оқ олтин деб ҳисоблашган. Туз тўкилишига эса очлик хабарчиси деб қарашган. Шунинг учун «оқ олтин»ни тўкиб юборганларни жазолашган. Тузни тўкиб қўйиш борасида «асосий қаҳрамон»лар болажонлар бўлгани сабаб ота-онадан бири туз тўккан болани уришса, иккинчиси унинг ёнини олган. Натижада можаро келиб чиққан.

Аслида эса: тузни ёки умуман бошқа нарсани тўкиб юбориш чарчоқ ва диққат камайгани натижаси бўлиши мумкин. Можароларга келсак, айнан жисмонан ёки руҳан чарчоқ ҳис қилганда кўпроқ уришиш кузатилади.

4

«Ўнг елканг билан тур, чап томонингга туфла»

Айтишларича, чап елкамизга шайтон қўниб олган эмиш. Шунинг учун чап тарафга, яъни унинг юзига қараб туфла, шайтоннинг юзи тескари бўлсин, дейишаркан. Ўнг елкада эса кишини ёмонликлардан муҳофаза қилувчи фаришта бўлади, деган фикр мавжуд. Унга ҳурмат юзасидан ўнг елка билан туриш лозим, деган ирим бор.

Аслида эса: кишининг чап томони ҳиссиётларни бошқарувчи миянинг ўнг ярим шарига бўйсунади. Шу сабабли чап томонни бошқариш бироз мушкул. Миянинг чап ярим шари эса ўнг оёқ ва ўнг қўл учун жавобгар. Бу иримнинг асл сабаби кишининг хавфсизлигини таъминлаш бўлса керак. Инсон ўрнидан чап оёғи билан сакраб турса, ўнг мия чап тарафни бошқаришга қийналиб қолиб, киши йиқилиб тушиши мумкин. Чап томонга қараб туфлаш борасида эса бирон нима дейиш қийин.

5

«Синган кўзгу бахтсизлик келтиради»

Ўрта асрларда кўзгунинг тескари томонини симоб билан қоплашган. Кўзгу синганда бу заҳарли модда сочилиб кетган ва уй эгалари бирин-кетин вафот эта бошлашган. Бу иримнинг сабаби шунга боғлиқ бўлиши мумкин.

Аслида эса: кўзгунинг синган бўлакларига қараганимизда ўз аксимизни бошқача кўрамиз. Бу эса ўзимиз ҳақимизда бошқача фикрга келишимизга сабаб бўлиши мумкин.

6

«Эшикдан чиқдингми, ортга қайтма, ишинг унмайди. Қайтсанг ҳам уйга оёқ босма, остонадан қайт ёки ойнага қара»

Азалдан остонани ички ва ташқи оламни ажратиб турадиган чегара деб билишган. Бу иримга ана шу чегарани кетма-кет босиб ўтиш кўп куч ва қувват олади, деган фикр сабаб бўлган эмиш.

Аслида эса: қайтиб келиш учун ортиқча вақтингиз кетади, қолаверса, аввалги иштиёқингизни ҳам йўқотишингиз мумкин. Шу билан бирга, уйда ниманидир унутганингиз боис асабийлашдингиз ҳам. Ойнага қараш эса фикрларни жамлашга ва бироз тинчланиб олишга ёрдам беради.

7

«Қоронғида уй супурма, бахтсизлик бўлади»

Момоларимиз кеч тушиши билан уй ёки ҳовлини супуришни маън қилишади. Айтишларича, бу бахтсизлик келтирармиш.

Аслида эса: авваллари ёритгич ва электр токи бўлмагани сабабли кеч тушганда бирор қийматли нарса ерга тушган бўлса, кўрмай супуриб юбориш каби ҳолатларнинг олдини олиш учун «кеч тушганда супуриш яхши эмас», дейилган.

8

«Йўлингни қора мушук кесиб ўтса, ишинг унмайди»

Айтишларича, илгари мушуклар жуда қадрли бўлган экан. Чунки улар омборга қирғин келтирувчи сичқон ва каламушларни тутиб ейишган. Шу сабабли ҳеч бир уй бекаси ўз мушугини қувиб солмаган. Мушук уйдан қочган бўлса, демак, бу хонадонда бирор нохушлик содир бўлган, дея тушунишган. Кейинчалик эса бу ирим фақат қора мушукларга нисбатан қўлланила бошлаган.

Аслида эса: ҳар нарсадан нохушлик кутаверсангиз, ўша кўнгилсизликни ўзингиз «чақириб олишингиз» мумкин экан. Оқибатда ашаддий иримчига айланиб бораверасиз. Шундай экан фақат ёмон хаёлларга бораверманг. Нохушликни кутиб яшасангиз, ўзингиз айбдорсиз, қора мушук эмас.

Хулоса

Қанчалик ҳайратланарли бўлмасин, «Ўнг қовоғим учаяпти, демак, бугун эрим билан уришаман», дейдиганлар ҳам бор. Тўғри, иримларнинг қай бирига ишониш, қайсига амал қилиш ҳар кимнинг ўз иши. Лекин сиз шундай қилингки, ўзингиз ишонган ҳеч бир ирим оилангиз тинчлигига, яқинларингиз билан муносабатларингизга рахна солмасин!

 Ширин АКБАРОВА

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!