Шоколад фойдами ёки зарар?

16:32, 13 октябрь

Бу савол ёшу қарини бирдек қизиқтириши табиий. Чунки шугина бир бўлак ширинлик ҳақида турли маълумотлар кўплигидан уларнинг қай бир ҳақиқат-у, қай бир афсоналигини, кўпинча, ажратолмай қоламиз. Келинг, бунга ойдинлик киритсак...

Шоколад – ортиқча вазн сабабчисими?

Қисман ҳақиқат. Шоколад — ҳақиқатан ҳам юқори калорияли егулик. Лекин унинг калориялари асосини фақат сут ва глюкоза ташкил этади. Шоколаднинг углеводлари енгил ҳазм бўлгани боис, тез сарфланади. Бироқ уни кўп миқдорда истеъмол қилиш натижасида углеводларнинг организмда “ортиқча” ёғ сифатида тўпланиши эҳтимоли бор. Шоколадни меъёрида тановвул қилиш эса соғлом овқатланиш тартибининг бир қисми бўлиши ҳам мумкин.

Қувват манбаи

Ҳақиқат! Шоколаднинг асосий қисмини ташкил этадиган қанд ва ёғ моддаси организмга керакли миқдорда қувват бахш этади. Асаб тизими ва мушаклар ҳаракатининг саломатлиги учун ширинлик таркибидаги магний ҳамда кальций жавобгар. Шунинг учун шоколад болалар ва спорт билан шуғулланувчилар учун жуда фойдалидир.


Қўзғатувчанлик хусусиятига эга

Ҳақиқат! Маҳсулот таркибидаги теобромин ва кофеин асаб ҳамда юрак қон-томир тизимини енгил қўзғатувчи хусусиятга эга. Шоколад углеводлар қабул қилиш учун енгил ва тез сарфланадиган қувватни беради, какао мойидаги ёғлар эса секинроқ ҳазм бўлади, шу боис, организмни узоқроқ муддатга қувват билан таъминлайди.

Кофеин моддаси кўп

Балки... Аслида, эса битта ўрам шоколадда бор йўғи 30 мг. кофеин мавжуд бўлар экан. Бир финжон қаҳвада эса нақ 180 мг. кофеин бор. 

Юрак қон-томирларига ижобий таъсир кўрсатади

Тўғри. Кардиологлар какао донларида юрак қон-томир тизимига ижобий таъсир кўрсатадиган полифенол моддаси борлигини аниқлашган. Улар қоннинг яхши айланишини таъминлаши натижасида юракка камроқ оғирлик тушишига сабаб бўлади. Шунингдек, какао иммун тизими фаолиятини ҳам яхшилайди. Даволаниш мақсадида шоколаднинг фақатгина олий-аччиқ турини танлаш тавсия этилади.

Тишлар учун кони зарар

Бундай эмас. Бошқа ширинликларга нисбатан шоколаднинг хавфлилик даражаси камроқ. Чунки какао тиш эмали зарарланишига тўсқинлик қилади. Шоколад таркибидаги какао мойи тишларда ҳимоя қобиғини ҳосил қилади. Япон олимлари какао донларининг ушбу фойдали хусусиятидан фойдаланиб, уларни тиш пастаси таркибига қўшиш таклифини билдиришган.

Эҳтиросларни кучайтиради

Тўғри. Какао донларининг истеъмолга яроқлилигини аниқлаган қадимги аждодлар буни жуда яхши билишган. Улар кучларига-куч қўшилиши учун мазкур ширинликдан кўп тановул қилишган. Бунга сабаб кофеин ва теобромин моддаларидир. Хуллас, тун олдидан бир бўлак шоколад ейиш фақатгина ижобий таъсир кўрсатади.

Унга ўрганиб қолинадими?

Юқорида таъкидланганидек, шоколад таркибида кофеин моддаси жуда оз миқдорда. Ўрганиш ҳиссини пайдо қиладиган теобромин моддаси ҳам унчалик кўп эмас. Агар бир кунда 400-500 гр. шоколад ейилса, унда ўрганиш ҳисси пайдо бўлиши аниқ. Сархушлик ҳолати юзага келиши учун эса камида 55 ўрам шокалад ейиш лозим бўлади.

Аллергия пайдо бўлади

Тўғри. Айрим кишиларда какао таркибидаги протеинга нисбатан аллергия бўлади. Бундай одамлар шоколаддан бутунлай воз кечишлари шарт эмас. Чунки ҳозирги вақтда катта дўконлар пештахтасида протеинсиз шоколадни қийинчиликсиз топиш мумкин.

Қийин ҳазм бўлади

Нотўғри. Сифатли шоколад ҳеч қачон ҳазм қилиш жараёнида муаммо туғдирмайди. Аксинча, у ҳазмни тезлаштиради ва ичакларнинг мушаклари қисқаришига таъсир кўрсатади. Шоколад истеъмол қилинганидан сўнг бир соат ўтибоқ, ҳазм бўлади.

Бу қизиқ...

  • Мунтазам шоколад истеъмол қиладиганларда юрак касалликларига мойиллик 37 фоизга камаяр экан.
  • Миядаги серотонин моддасини кўпайтиргани учун шоколад кайфиятни яхшилайди.
  • Шоколад очлик ҳиссини бартараф қилади. Бунинг учун 10 грамм қора шоколад ейишнинг ўзи кифоя.
  • Шоколадхўрлар узоқ умр кўришади. Бу маълумот 60 йил давом этган тадқиқотлар натижасида аниқланди. Доимий равишда шоколадни меъёрида ейиш инсоннинг умрини бир йилга узайтирар экан.
  • Тадқиқотлардан маълум бўлишича, шоколад одамнинг фикрлаш қобилиятига ижобий таъсир кўрсатар экан. Фарзандингиз математик мисолларни бажаришга қийналса, уни шоколад билан сийлашни тавсия этамиз.
  • Статистик маълумотларга кўра, қайси мамлакатнинг аҳолиси шоколадни мунтазам истеъмол қилса, ўша ерда Нобель мукофоти лауретлари кўп бўлар экан.

 

ДИЛНОЗА тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!