Қандли диабетдан сақланишнинг 8 усули

09:56, 14 октябрь

Бу касалликка чалинганлар ҳақида эшитсак, дарҳол соғлигимиз ҳақида ўйлаб қоламиз. Зеро, қандли диабетнинг ўзидан ҳам асорати хавфлироқ саналади. Маълумки, ҳар қандай хасталикни даволашдан кўра, олдини олиш осон. Диабетнинг ҳам олдини олса бўлади! Фақат бунинг учун саккиз омилга риоя қилсангиз бас. Бу ҳақда шифокор-эндокринолог – Шаҳноза МУСАЕВА маълумот беради.

 

1. БОЛАНИ КАМИДА 1,5-2 ЁШГАЧА КЎКРАК СУТИ БИЛАН ЭМИЗИШ 

Маълум бўлишича, эрта кунда бошланган қўшимча овқатлар болани семиртириб, диабетга мойиллигини оширади.

 

2. ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИКЛАРДАН САҚЛАНАМИЗ

Грипп, тепки, қизамиқ, сариқ касаллиги билан оғриш организмни ҳолсизлантиради, натижада одам қандли диабетга бир қадам яқинлашади. Бундай бўлмаслиги учун болани кичиклигидан касалликларга қарши эмлатиш, шахсий гигиенага риоя қилиш ва албатта, шамоллашни вақтида даволаш зарур.  

 

3. ТАОМНОМАДА ТАБИИЙЛИК БЎЛСИН

Ёшликдан овқатланишда табиий маҳсулотлар – мева-сабзавотлар, дуккаклилар, сут-қатиқ, ёнғоқ, кўкатларни пишириқ, кремли, ёғли, қовурма таомлардан устун қўйишга ўрганиш керак. Яъни, таомномада табиий маҳсулотлар қанча кўп бўлса, касалликнинг сизга яқинлашиши шунча қийин бўлади. Чунки улар таркибида клетчатка кўп бўлиб, у организмни зарарли хилтлардан тозалайди ва қонда қанд миқдорини бир маромда ушлаб туради.

Биласизми:

Қандли диабетга чалинмаслик учун бир кунда 4 дона мева ва 3 дона хом сабзавот ёки кўкат ейиш керак. Айниқса, салат барги, исмалоқ, гулкарам, қизил қорағат, олча, олма (албатта пўсти билан), редиска, кўкпиёз, ерноки (топинамбур), бақлажон фойдали.

4. ФАОЛ ВА ҚУВНОҚ БЎЛИНГ.

Жисмоний ҳаракат – у хоҳ пиёда юриш, хоҳ уй юмушлари билан шуғулланиш бўлсин, қанд даражасини туширади. Муаммоларга енгилмаслик ва доимо кўтаринки кайфиятда бўлиш эса иммун тизимни кучайтиради. Натижада, қандли диабет олдида кучли қалқонингиз бўлади.

5. МЕЪЁРГА ЭЪТИБОР БЕРИНГ.

4 кгдан юқори туғилган чақалоқлар ва шундай паҳлавонларни дунёга келтирган аёлларда турли омиллар сабаб келажакда қандли диабетга мойиллик пайдо бўлиши мумкин.

 

6. ВАЗННИ НАЗОРАТ ҚИЛИНГ.  

Ортиқча вазн танамизга ортиқча юк эканлиги билан бир қаторда қандли диабетни етаклаб келувчи сабаблардан бири ҳамдир. Шундай экан, меъёрдаги вазнингиз 3-5 кг.га кўпайса, дарров вазиятни қўлга олиб, парҳез ва ҳаракатлар ёрдамида аввалги ҳолатга келтиринг.

 

7. ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТИШНИ УНУТМАНГ!

40 ёшдан кейин ҳар олти ойда шифокор-эндокринолог кўригидан ўтиб туринг. Бу ёшда ҳар ой қондаги қанд миқдорини текширтириб туриш фойдадан ҳоли эмас. Айниқса, яқинларингиз орасида қандли диабет билан оғриганлар бўлса, қон таҳлилини вақтида топшириш шарт. 

Эслатма:

Кўпчилик қандли диабетнинг белгилари сифатида чарчаш ва кўп ҳожатга қатнашни билишади. Аслида қонда қанд миқдорининг аста-секин ошиши ҳақида сизнинг беҳоллигингиз, қўл-оёқнинг увишиши, терининг ўз-ўзидан қичиши, асабийлик ҳам дарак бериши мумкин.

 

8. ЗАРАРЛИ ОДАТЛАРНИ ТАШЛАЙМИЗ.

Бир кунда бир марта чекилган тамаки, «ойда бир» ичиладиган 50 грамм спиртли ичимлик қандли диабетга  яқинлаштиради. Бу зарарли одатлар натижасида танадаги қон айланиши бузилади. Ошқозон ости бези ва жигар ишдан чиқади, бунга жавобан қондаги қанд миқдори сезиларли даражада кўтарилади. Нохуш одатлардан қанча тез қутулсангиз, диабетнинг хавфли асорати – қорасон ва кўришнинг йўқолишидан шунча ҳимояланган бўласиз. Ёруғ дунёни кўра олиш ва оёқларингиз билан мустақил юриш ичиш ва чекишдан муҳимроқ.

Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА тайёрлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!