Юз парваришининг 7+1 қоидаси

10:05, 14 октябрь

Сир эмаски, фасл ва об-ҳавонинг ўзгариши юз терисига  жиддий таъсир кўрсатади. Шу боис ҳам айнан кузнинг биринчи салқин ҳафталариданоқ, мавсумий парвариш чораларини кўрган маъқул. Демак, ён дафтарингизни ҳозирлаб, фойдали тавсияларимизни ёзиб олинг!

1. Ҳимоялаймиз!

Куз мавсумининг асосий муаммоларидан бири — иссиқ-совуқ об-ҳаво таъсирида юз терисининг қуруқшаб боришидир. Бунинг олдини олиш учун мана бу рецептни синаб кўринг: 5-6 дона қизғиш узум донасини сиқиб, шарбатини ажратинг. Сўнг 1 чой қошиқ зайтун ёғи ва шунча миқдордаги унни аралаштириб, бўтқа тайёрланг. Мазкур ниқоб юзга суртилганида узумдаги микроэлементлар терини озиқлантирса, ун ва ёғ қуруқлашган тери қатламини юмшатади. Ниқобни 15 дақиқадан сўнг илиқ сувда чайишни унутманг.

 

2. Парваришлаймиз!

Эътибор берган бўлсангиз, кузнинг салқин ҳавосида юз териси катаклари тез кирланишга мойил бўлади. Бунинг олдини олишда эса қуйидаги усулни тавсия этамиз: 1 ош қошиқ хамиртурушни 1 ош қошиқ 3 фоизли перекись эритмаси билан аралаштириб, юзни енгил артинг. Сўнг илиқ сувда чайинг. Ёки мавсумий полиз экинларидан бири бўлмиш қовуннинг бир тилимини қирғичдан ўтказиб, 1 чой  қошиқ зайтун ёғи ва шунча миқдордаги ун билан аралаштириб, юз катакларини тозалаш мумкин. Бу муолажаларни ҳафтада бир марта бажариш, кифоя.

 

3. Ниқоблар тайёрлаймиз!

Қуруқ юз териси учун  – 1 чой қошиқ майдаланган аччиқ бодомни 1 ош қошиқ қаймоқ ёки сут билан аралаштириб, юзингизга суртинг. 15 дақиқадан кейин илиқ сувда чайинг. Бу ниқоб юздаги ажинларни ёзади ва қон айланишини яхшилайди.

Ёғли юз териси учун – 1 ош қошиқ майдаланган ясмиқ дони  (чечевица) ни озроқ қайнаган сувга солиб, бўтқа тайёрланг. Ниқобни илиқлигида юзга суртсангиз, теридаги ёғ қаватларини меъёрлаштириб, ортиқча ёғланишдан ҳимоялайди. 15 дақиқадан сўнг илиқ сувда чайилади.

Нормал юз  териси учун – бир дона тухум сариғини  аталаб, намланган юз терисига юпқа қилиб суртинг. 15 дақиқадан сўнг илиқ сувда чайинг. Тухум  таркибидаги фойдали витаминлар юз терисини  керакли озуқа билан таъминлайди.

 

4. Крем танлаймиз!

Совуқ мавсум бошланиши билан юз терисининг турига кўра, парваришловчи кремлар танланади. Бунда косметолог тунги озиқлантирувчи, кундузги терини юмшатувчи ёки витаминли кремларни тавсия қилиши мумкин. Шу билан бирга куз қуёшидан ҳимояланиш мақсадида “SPF 15-25-30” туридаги ҳимояловчи кремларни пардоздан аввал юзга суртиш кераклигини унутманг.

 

5. Пилинг вақти етди!

Мазкур муолажа туфайли теридаги эпидермис қават тозаланиб, қуёшнинг ультрабинафша нурларига таъсирчанлик даражаси ортади. Юз териси ортиқча зарарланмаслиги учун пилингни айнан кузги мавсумда ўтказган маъқул. Дастлаб даволовчи пилингнинг биринчи ва иккинчи босқичлари бажарилади. Октябрь-ноябрь ойларига келиб эса ўта ёғли юзлар, ҳуснбузарлар таъсирида чандиқ ҳосил бўлган ва қалинлашиб кетган пигмент доғлари учун чуқурроқ пилинг ўтказилади. Юзингиз қуруқ ёки нормал турга кирса, бир йилда бир марта, ёғли бўлса, бир йилда икки марта пилинг қилиш мумкин.

 

6. Буни билишингиз зарур!

  • Узоқ вақт иссиқ ваннада тобланиш мумкин эмас. Йўқса, юзнинг тери катакларидаги намлик парланиб, тез кирланишга мойил бўлиб қолади.
  • Кир совуни ҳамда антибактериал хусусиятга эга бўлган совунларда тез-тез чайинмаслик. Агар терингизда муаммо бўлса, бир ҳафтада 1-2 мартаси, кифоя.
  • Кўпроқ газсиз ёки қайнатилган сув ичинг. Суюқлик миқдори меъёрида бўлса, терининг намлик хусусияти йўқолмайди.

 

7. Доимий гўзаллик қоидаси

Эрталаб уйқудан уйғонгач, юзни аввал илиқ, сўнг совуқ сувда чайинг. Бу тери таранглигини таъминлаб, чарчоқ аломатларини бартараф этишда асқотади. Кўк чой дамламасини пахтага ҳўллаб, юзингизни бир сидра артиб олсангиз, тери қавати тетиклашади. Кечга бориб, юздаги пардозни молочко ёки ласьон билан артиб, юқорида тавсия қилинган ниқоблардан бирини тайёрланг. Уйқудан аввал эса озиқлантирувчи кремдан суртинг.

 

​+1 Тез, осон ва самарали

Кечга бориб, юзингизда чарчоқ аломатлари сезила бошласа ёки  терингиз сарғиш тус олиб, осилиб қолса, мана бу усул асқотади: паҳмоқ  сочиқни аввал иссиқ сувда намлаб, юз терисини енгил шапатиланг. Сўнг сочиқни муздай сувда ҳўллаб, яна шапатилашда давом этинг. Муолажани 6-7 дақиқа навбатма-навбат бажаринг. Натижаси дарҳол сезилади.

 

Шифокор-косметолог Маҳбуба Маманова тавсиялари асосида

Самира Улуғбекова тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!