«Эримнинг жазмани жанжал қиляпти»

10:27, 14 октябрь

— Турмушга чиққанимга тўрт йил бўлди. Аммо шу кунгача тирноққа зорман. Шу боис қайнонам билан ҳам орамиз яхши эмас. У киши охирги пайтлари арзимаган баҳоналар билан  жанжал чиқара бошлади. Устига-устак эрим ҳам ишхонасидаги бир қиз билан гаплашиб юришини билиб қолдим. Яқинда ўша қиз хонадонимизга келиб, эримни мендан тортиб олишини айтиб, дўқ қилди. Баланд овозда гаплашаётганимизни эшитиб, қайнонам чиқиб қелди. Ўша ернинг ўзида катта жанжал кўтарилиб, охир-оқибат айб ўзимда эканлиги маълум бўлди. Тўғриси, қайнонамга ўғли шу аёл билан юришини айтишга журъат қилолмадим. У киши бўлса, отамни чақиртириб кўчадаги аёллар билан жанжаллашиб юрганимни айтибди. Эрим айб ўзида эканлигини билгани учун бир оғиз ҳам гапирмайди. Энди нима қилишни билмай қолдим. Турмуш ўртоғимни яна оилага қайтариш учун нима қилсам бўлади? Маслаҳат беринг.

Манзура, 23 ёш, Андижон вилояти

Қайнонажон: — Афсус, жуда кўнгилсиз ҳолат юз берибди. Журъатсизлик қилиб, хато қилгансиз, асал қизим. Натижада туҳматга учраб ўтирибсиз. Бу аёлнинг уйингизга кириб келишининг ўзидаёқ қайнонангизга билдириб, масалани ойдинлаштириш керак эди. Бунчалик содда бўлманг-да, ўргилай сиздан. Инсон ўз бахти, оиласи учун курашиши керак, ахир. Аввало, бу аёл хонадонингизга келиб, оилангизни бузишга, сизга бўлмағур гаплар билан туҳмат қилишга сира ҳаққи йўқ. Қайнонангиз, эрингизга бор ҳақиқатни тушунтиринг. Бахтингиз учун курашинг. Турмуш ўртоғингиз ҳақида ҳам бўлмағур гаплар айтаётган бўлиши мумкин. Бундайларни гап-сўзига ишониб, жуфти ҳалолингиздан воз кечманг, оилангизни маҳкам ушланг. Ориятли эркаклар хотинларнинг майда-чуйда гапини деб, эътиборсизлик қилиши мумкин. Бироқ, бегона аёлнинг уйга келиб, бундай ҳолатни содир қилиши ҳеч бир тартиб-қоидага, инсонийликка тўғри келмайди.

Шаҳноза Халилова, руҳшунос: — Синглим, эрингизни йўқотиб қўйишдан қаттиқ қўрқяпсиз. Баъзи ҳолларда айнан мана шу қўрқув ва стресс аёлнинг ҳомиладор бўлишига тўсқинлик қилади. Шунинг учун биринчи навбатда қўрқувдан халос бўлинг. Яна сўзларингиздан турмуш ўртоғингиз бошқа қиз билан гаплашиб юргани учун ўзингизни айбдор ҳис этаётганлигингизни тушуниш мушкул эмас. Демак, айбдорлик ҳисидан ҳам қутулишингиз лозим. Ана ундан кейин бироз уддабуронроқ бўлишни ўрганинг. Бегона аёл эшигингизга келиб, эрингизни тортиб олишини айтса-ю, сиз бир оғиз жавоб қайтармасангиз, албатта, бу тўғри эмас. Турмушингнизни асраб қолиш учун курашинг.

Саодат ОЧИЛОВА ёзиб олди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!