«Эллик ёшимда оналик бахтини ҳис этдим»

11:47, 14 октябрь

Манзура опа таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, ҳаёти ҳақида гапириб берганида, ҳаёт мўъжизаларга бой эканлигига яна бир бор амин бўлдик. Ҳикоямиз қаҳрамони тақдирнинг синовларини енгиб, унинг туҳфасидан баҳраманд бўлиб яшаётган инсон…

 

Ўша куни эрталабдан кўнглим ғаш бўлди. Кечаси яхши ухлай олмаганимга йўйдим буни. Уч кундан бери ҳорғинлигим тарқамаётганди. Қайнсинглим ўғлига суннат тўй қилди. Қозон-ўчоқ бошида овора бўлиб, чарчабман. Кечга томон эса уйга қайнотамнинг онаси ва катта амакимиз аёли билан келди. Суннат тўйдан кейинги машварат шекилли деб ўйладим. Аммо қайнонам меҳмонлар келиши ҳақида нега индамади экан-а? Ҳайрон қолдим. Ош дамладик. Ҳамма дастурхон атрофида жамулжам бўлди. Эримнинг кайфияти қандайдир бошқача эди. Қайнотам ийманиб ўтирибди. Худди ҳозир нимадир бўладигандек. Қайнонам доимгидан-да чаққонроқ. Овқатга фотиҳа ўқилгач, идиш-товоқларни кўтариб ошхонага чиққандим, изимдан қайнонам келди. «Манзурахон, қараворасизми? Сизни катта ойингиз сўраяпти», деди. Кирсам, ҳамма ер чизиб ўтирибди. Хонага анча пайт сукунат чўмди. Бир пайт катта ойим паст овозда сўз бошлади:

— Манзура қизим, аввало, сиздан узримни сўрамоқчиман. Оиланинг каттаси бўлганим сабаб бу мушкул иш менга юклатилди. Сизнинг одобингиз, хизматларингиз ҳавас қиларли. Неварамга жуда моссиз. Лекин… лекин пешана деганлари қизиқ-да… Тақдир экан, болам. Худонинг сизга ҳам атагани бордир. Ғуломнинг эса ёши мана қирққа қараб кетаяпти. Мени ҳам, қайнота-қайнонангизни ҳам боғлаб бермаган. Боламизнинг боласини кўриш ҳаммамизнинг ниятимиз...

У кишининг сокин овози юрагимни тешиб ўтар, кўзим ёшларини тиёлмасди. Ҳамма жим эди, фақат кимдир менга қўшилиб йиғлаяпти. Кўз қирим билан қарадим. Қайнонам кўрпачани ушлаб, ўйнаб ўтирибди. Эрим ёнгинамда-ю, кўзи дераза томондан. Амаким ва келинойим ҳам бошларини қуйи солиб олган. Қайнотамнинг ҳам боши хам.

— Юлдузингиз юлдузингизга тўғри келмаган экан. Сизга рухсат бермоқчимиз. Онангизни айтгандик, «Нима қарорга келсангизлар ҳам мен розиман», деди, — катта ойимиз яна нималардир деб гапирди. Бироқ мен ортиқ чидай олмадим. Одобсизлик бўлса-да, ўрнимдан туриб, хонани тарк этдим.

Ҳаётим устидан аллақачон ҳукм ўқилганди. Саккиз йиллик турмушим якун топган. Саккиз йил… Бу хонадонда нималарни кўрмадим. Келинчаклик либосларини кийиб, ҳамманинг ҳавасини келтириб саломлар қилдим. Меҳр, севги деган туйғуларни шу уйда ҳис қилдим. Аввалига, қайнонамнинг, кейин қайнсинглимнинг туғмас деган дашномларини эшитдим. Хуллас, баъзан аччиқ, баъзан ширин ҳаёт кечирдим. Энди шу кемтик юрагимга малҳам бўлган ришта ҳам узилаяпти. Эрим бир оғиз индамади. Демак, у ҳам рози. Шу хаёллар билан хонамга кирдим-да, нарсаларимни шоша-пиша йиғиштира бошладим. Соатга қарасам, кечки ўн. Бу пайт уйга қандай бораман деган савол хаёлимга ҳам келмабди. Бир пайт турмуш ўртоғим кириб келди.

— Нима қилаяпсан, Манзур, — деди ўзини ҳеч нарса бўлмагандек тутиб.

— Нарсаларимни йиғиштираяпман. Ҳозир акамни чақираман. Олиб кетар, — жавоб бердим.

— Қаерга кетасан?

Эримнинг бу саволи ҳаммасидан ошиб тушди.

— Ғулом ака, бўлар иш бўлди. Катта ойим тўғри гапирди: юлдузимиз юлдузимизга мос тушмади. Аслида бу ишни анча йиллар олдин қилишим керак эди. Шунча йил худбинлик қилиб яшадим. «Ажрашиб кетсам, қаерга бораман?» деб сизнинг ҳам умрингизни ўтказвораяпман.

— Манзура, ҳали мен ажрашамиз демадим-ку!

Эрим ўрнидан туриб қўлларимдан тутди. Кўзлари йиғлаганидан қизариб кетган. Боя йиғлаётган шу киши экан-да. Йиллар давомида менга меҳр билан боққан бу кўзларнинг тақдир олдида ожизлигини кўриб, хўрлигим келди. Лекин ўзимни тутдим. Ҳозир фарёд чексам, вазият янаям оғирлашади. Қўлларимни тортиб олдим-да, телефон томон юрдим. Акамнинг уйига қўнғироқ қилиб, мени олиб кетишларини илтимос қилдим. Тезроқ, тезроқ бу уйни тарк этишим керак. Тўғри, ажрим ҳақида бундан олдин ҳам бир неча марта гап бўлган. Баъзида қайнонамнинг тоби қочганида бефарзандсизлигимни айтиб йиғларди. Қариндошларимиздан кимдир болали бўлса, яна шу мавзу кўтарилар эди. Гоҳо ўзим ҳаммасидан тўйиб кетиб, эримга ажрашамиз деб шарт қўйиб қолардим. Аммо бугунги ҳукм охиргиси эди. Акамнинг ҳам ҳамма гапдан хабари бор экан. Дарров етиб келди. Бечора онам қизгинасининг дардини кўтаролмаслигини билиб уйимиздаги машваратда қатнашмаган экан-да. Оҳ онам, не умидлар билан мени узатганди. Энди эса шўрпешона қизига таскин ҳам беролмаяпти.

Онамнинг уйига келдиму ҳеч ким билан гаплашмасдан уйқу дори ичиб ётдим. Уйғонсам, пешин экан. Худди ҳеч нима бўлмагандек яшай бошладим. Тўғрироғи, яқинларимнинг кўзи учун ўзимни хотиржам тутишга ҳаракат қилдим. Эримга мен ўйлаганчалик осон бўлмади. Уйга қайтариш истагида олти ой ҳаракат қилди. Судга ариза берганимдан кейин бироз тинчланди.

Ўшанда ёшим ўттиз иккида эди. Икки йилча ўтиб эрим уйланди. Бирин-кетин фарзандли бўлди. Мен эса гўёки аччиқ қисматга маҳкум этилган ожизадек яшардим.

* * *

Ўша куни эрталабдан бошқача бўлиб уйғондим. Аслида туни билан турли ўйлар исканжасида ухлай олмагандим. Иккиланишлар чекингандек эди-ю, барибир кўнглимда ҳадик бор? «Қанақа бўларкан-а?» «Мени яхши қабул қилишармикан?» «Тил топишиб кета олармиканман?» Аммо энди ортга йўл йўқ. Тақдир менинг устимдан қайта ҳукм ўқиганди.

Дилрабо опа илк бор шифохонамизга келганида бу аёлга нисбатан қалбимда илиқлик уйғонган. Навбатчиликка қолган кунларим у билан дардлашиб чиқардим. Шифохонамизда бир ойдан кўпроқ даволанган аёл ўз опамдек бўлиб қолди. Доим «Манзура, сиз турмушга чиқишингиз керак» дерди. Дилрабо опанинг оиласига жуда ҳавас қилардим. Беш нафар фарзанди бор. Эри ҳар кун шифохонада. Аёли тушкунликка тушиб қолса, дарров гул кўтариб келади. Айтишича, ўн йил севишиб турмуш қуришган экан. Дилрабо опага тўрт йил аввал бачадон саратони ташхиси қўйилган бўлиб, мунтазам равишда даво муолажаларини олиб турарди. Ўзи ҳам, яқинлари ҳам умрининг поёнига етаётганини билар, ҳатто эри ҳам рафиқасининг ёнидан чиққач, пана-панада йиғларди. Бир куни Дилрабо опа ёнига чақирди. Сўзлаш оҳангидан жуда муҳим гапи борлиги сезилиб турарди.

— Манзура, синглим, сизга бир васиятим бор. Фақат мени тўғри тушунишингизни илтимос қилардим. Биласизми, бу хасталик аллақачон мени мағлуб қиларди. Оилам, болаларим учун ўзимда шу кунгача куч топиб келдим. Қарийб тўрт йилдан буён курашаман бу дард билан. Қоракўзларимни бўзлатиб ташлаб кетишимни ўйласам, даҳшатга тушаман. Тўғри, турмуш ўртоғим уларга мендан кўра яқинроқ, меҳрибонроқ. Барибир онанинг ўрни бўлак. Сизни менга Худонинг ўзи учратди. Болаларимга оналик қилинг, илтимос, — деди йиғлаб.

Нима деб жавоб беришни билмасдим. Ҳали яхши бўлиб кетишларини айтиб юпатишга ҳаракат қилдим-у, қўлимдан келмади. Чунки у таскинларга муҳтож эмасди. Кучи, иродаси олдида менинг юпанчларим ожизлик қиларди.

Орадан бир ой ўтар-ўтмас, Дилрабо опа вафот этди. Мурод ака анча чўкиб қолди. Опанинг васияти билан болаларидан хабар олиб турдим. Икки йилдан кейин Мурод аканинг онаси уйимизга совчиликка келди. Онам аввалига иккиланди. «Бир эмас, беш болага оналик қила олармикансан? Бола тарбияси ўйинчоқ эмас. Устига-устак каттаси ўн беш, кичиги олти ёш экан», деб ўйланди. Мен бир қарорга келиб бўлгандим.

Тақдир деганлари жуда қизиқ. Ҳаёт менга фарзанд ато этмади. Шу сабаб оиламдан ажрашдим. Дилрабо опанинг эса фарзандлари она меҳри, парваришига муҳтож. Худо бизни бекорга учратмаган. Мана энди, иродам синовдан ўтадиган пайт келди. Иккиланишлар, ҳадиклар, гап-сўзларни унутиб, беш норасидани бағримга олишим керак. Зеро, Яратган мени улар учун асраган. Бир пайтлари собиқ эримнинг бувиси айтганидек, Худонинг менга ҳам атагани бор экан…

* * *

Кечаси билан йиғлаб, Худодан фарзанд сўрардим. Ҳозир эса бир этак болам бор. Яқинда катта ўғлимизни уйлантирдик. Неварали бўлдик. Эллигимда илк бор гўдак исини туйдим. Бунинг нақадар бахт эканлигини боламнинг боласини бағримга босиб ҳис этдим. Ва Худога шукр дейман, бу бахтдан мени бенасиб қилмаганига…

Шоира ШАГИАҲМЕДОВА қоғозга туширди

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!