“Ажрим масаласи ҳал этилаётганда болалар кимда қолдирилади?”

14:05, 14 октябрь

Мурожаатларингизга адвокат Нафиса  ИБРАГИМОВА ҳамда Миробод тумани ҳокимияти Молия бўлими маҳалла инспектори Нодир ЗОИДОВ жавоб беришади.

Эслатиб ўтамиз, мутахассислар изоҳи тавсиявий характерга эга.

 

«АМАКИМГА ИНСОФ БЕРСИН!»

Отам вафот этган. Бобомнинг номида бўлган уйда амакимнинг оиласи билан бирга яшаймиз. Уй «прописка»сида бўлсак ҳам у киши бизни кўчага ҳайдаяпти. Турар-жой унга тегишли экан. Унинг бунга ҳақи борми?

Мафтуна Эшмуродова, Сурхондарё вилояти

— Уй мулкдори, яъни бобонгиз вафот этган бўлса, отангизнинг ўлимидан сўнг сиз унга тегишли бўлган улушга нисбатан меросхўр ҳисобланасиз. Бундай ҳолатларда бошқа меросхўрлар бўлмаган тақдирда, амакингиз билан тенг баробар мулкдор саналасиз. Борди-ю, бобонгиз ҳаёт бўлса, сиз ва оила аъзоларингиз уй рўйхатида бўлганингиз боис, турар жойдан доимий фойдаланиш ҳуқуқига эгасиз.

 

«БОЛАЛАР КИМГА ҚОЛАДИ?»

— Хотиним билан ажрашаяпмиз. 10, 11 ва 12 ёшдаги фарзандларимиз бор. Ажрим масаласи ҳал этилаётганда болалар кимда қолдирилади?

Одил Диёров, Самарқанд вилояти

— Вояга етмаган фарзандлар кимнинг тарбиясида қолиши ажрашаётган эр-хотин томонидан ҳал этилади. Эр ёки хотиннинг тарбиясида қолган фарзандларни, иккинчи томон, ўзаро келишув асосида, келишувга эришилмаган ҳолатда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан белгиланган тартибда тарбиясида иштирок этиши мумкин. 

 

«ИШ ЖОЙИДА ОЛИНГАН ЖАРОҲАТ КИМНИНГ БЎЙНИДА?»

— 2006 йили иш пайти автоҳалокатга учраб, жароҳат олганман. Шуни деб ҳозир ногирон бўлиб қолдим. Эшитишимча, бундай вазиятларда ходим етказилган зарар учун компенсация сўрашга ҳақли экан. Орадан шунча йил ўтиб энди ҳам зарарни ундириш даъвоси билан мурожаат қилсам бўладими?

Исми сир тутилди.

— Ўз меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан етказилган ҳар қандай (шу жумладан, маънавий) зарарни иш берувчи тўлиқ ҳажмда тўлайди. Фуқаро жароҳатланганда ёки унинг соғлигига бошқача шикаст етказилганида жабрланувчи оладиган ёки муайян равишда олиши мумкин бўлган йўқотилган иш ҳақи (даромадлари), шунингдек саломатлигига шикаст етказилиши туфайли қилган қўшимча ҳаражатлари, шу жумладан даволаниш, қўшимча овқатланиш, дори-дармонлар сотиб олиш, протез қўйдириш, бировнинг парваришида бўлиш, сиҳатгоҳларда даволаниш, махсус транспорт воситаларини сотиб олиш, бошқа касбга ўтиш ҳаражатларининг ўрни қопланиши лозим. Фуқароларнинг ҳаётига ва соғлигига етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабларга даъво муддатлари жорий этилмайди.

 

«ТАЙЁРЛОВ КУРСИДА ЎҚИСАМ МАОШ ОЛАВЕРАМАНМИ?»

— Ходим қайта тайёрлов курсларида ўқиса, иш ҳақи сақланиб қоладими ёки йўқ? Иш жойимдан суриштирсам, таҳсил олаётган давр учун маош олмайсиз, дейишди. Аслида ҳам шундайми?

Шоҳида Юнусова, Тошкент шаҳри

— Саволингизда назарда тутилаётган қайта тайёрлов курсларида ўқиш учун ходим, бевосита иш берувчининг бўйруғи асосида йўналтирилган бўлсагина иш ҳақи сақланиб қолинади. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!